ДУНЁДАГИ ЭНГ БАХТЛИ АВЛОД

Бугун Ўзбекистон болаларига шундай таъриф бериш айни ҳақиқатдир

Мустақиллик майдонида сайр қиламан. Йўлаклар бўйлаб борарканман, икки-икки ярим ёшлар атрофидаги қизалоқ ва унинг отаси диққатимни тортади. Уларнинг савол-жавобига беихтиёр қулоқ тутаман.

– Ватанинг қаер? – сўрайди у қизалоғидан.

– Ўзбекистон.

Такрор ва такрор шу сўзни таъкидларкан, боланинг чучуккина талаффузидаги қувноқлик, бахтиёрлик қалбимизни ром этади. Дилимизга майин мусиқа мисол кириб боради. Мурғак тилдан учаётган биргина шу сўз кишига Ватан қадрини, унинг муқаддас ва бебаҳолигини уқтиргандай.

Бу қизалоқ кўзимизга жажжи Ўзбекистон бўлиб кўринади. Болаларни ардоқламоқ юрт келажагини, унинг ёрқин истиқболини таъминлаш, Ватанни кўз қорачиғидек асрамоқ эса, аввало, болаларни авайлаш эканини англаймиз. Жажжи авлод тақдири, унинг соғлом ва навқирон улғайиши, таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, иқтидорини рўёбга чиқариши учун мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганидан, мен ҳам ушбу имкониятлардан баҳраманд фарзанднинг отаси эканимдан ғурурланаман.

Айт, қачон сен шундай кулгансан?

Мустақиллик майдони – эзгу ўй-фикрлар маскани. Мамлакатимизнинг шон-шавкати, бунёдкорлик салоҳияти, ободончилик маданияти, тинчлиги ва барқарорлигининг рамзи. Бундаги фавворалар элимизнинг яхши хислатларни қадрият даражасида эъзозлагани, болапарвар ва меҳрибон қалб соҳиби эканидан сўзлайди. Биллурий томчилар ўзбек халқининг пок ният ва покдомонлигининг намунасидай таассурот уйғотади.

Узоқ-узоқларда, мовий осмон бағрида парқу булутлар бўй кўрсатади. Бошим узра ғужғон қалдирғочлар чарх уради. Аркадаги мағрур рамзий лайлаклар олис-олисларга, ойдин келажакка боқиб тургандай салобат тўкади. Яшил арчазор бўйлаб борарканман, йўлакларни тўлдирган болаларнинг қийқириғи кўнгилларни тўлқинлантиради. Уларнинг кўзидаги қувонч, жажжи қалбидаги ҳаловат, юзларидаги таббассум кишини умрнинг бахтиёр онлари билан учраштиради. Беихтиёр болалик дамларим ёдимга тушади. Секин шивирлайман: “Айт, қачон сен шундай кулгансан?!”

Айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида бўлаётган сиёсий зиддиятлар, урушлар, бесабаб қон тўкилишларини ўйлайман. Ҳали тетапоя қилиб улгурмаган, остона ҳатлаб етти қадам қўймаган норасидаларни ажал комига тортаётгани, умрининг энг беғубор даври қонли можаролар бағрида ўтаётгани кишини чуқур ўйга толдиради. Уларнинг ҳар бир куни ўқ овозию, ваҳимали чинқириғлар орасида бесамар кечаётир. Ота-онасиз, бошпанасиз, қариндош-уруғсиз қолаётгани ҳам айни ҳақиқат. У ердаги болалар хиёбонларда сайр қилиш, тенгқурлари билан ўйинлар ўйнашни, ўқишни, спорт билан шуғулланишни истамайди дейсизми?! Тинчликпарвар мамлакатимизда эса болалар бахтиёр улғаяётгани, жисмонан ва маънан соғлом авлод сифатида бўй чўзаётгани қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Яна ўқинг:  ЮРТ МАДҲИНИ КУЙЛАЙМАН

Меҳрибонлик ва эзгулик тараннуми

Дунёнинг турли бурчакларида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни хаёлимда мушоҳада қилганча майдоннинг кўркига кўрк қўшиб турган, халқимизнинг меҳри ва муҳаббатини ўзида ифода этган “Мустақиллик ва эзгулик монументи” томон йўл оламиз. Ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган монументдаги Ер курраси тасвирида алоҳида ажралиб турган Ўзбекистон харитасини кўриб, ғурур-ифтихор туйғуларини ҳис этамиз. Фарзандини бағрига босиб турган бахтиёр она сиймосида чинакам ўзбек онасини, унинг меҳридарё қалбини, олижаноб ва камтарин қиёфасини уқамиз. Беихтиёр, бу монумент юртдошларимизга қўйилган ҳақиқий санъат ва бунёдкорлик намунаси эканини англаймиз.

Дарҳақиқат, ўзбеклар болажон халқ экани истиқлол йилларида яна бир бор ўзининг тасдиғини топди. Юртбошимиз ташаббуси билан жажжи авлоднинг камол топиши, унинг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит ва муҳит яратилди. Ҳар бир истироҳат боғи ва хиёбонларда, маҳаллалар ва кўпқаватли уйлар атрофида болалар майдончалари бунёд этишга алоҳида аҳамият қаратилди. Уларнинг беғубор даврини ширин хотиралар, гўзал орзу-умидлар оғушида ўтишини таъминлаш устувор вазифалар қаторига кўтарилди. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишларнинг салмоғи дунё ҳамжамиятини ҳайратга солаётгани бежиз эмас. Биргина Корея Республикаси билан ҳамкорликда бунёд этилаётган кўптармоқли болалар тиббиёт маркази фикримизнинг тасдиғидир. Замонавий ва миллий меъморчиликни ўзида жо этаётган мазкур муассаса ўзининг энг юқори технологиялар асосидаги тиббий асбоб-ускуналар билан жихозланиши жиҳатидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида ягона экани аҳамиятлидир.

Қолаверса, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 18 та намунавий спорт объекти ва 73 та мактаб спорт зали барпо этилди. 24 та объектда қарийб 100 миллиард сўмлик реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таъкидлаш жоиз, айни вақтда юртимизда икки миллионга яқин ёшлар спортнинг ўттиздан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 840 минг нафардан зиёдини қизлар ташкил этаётгани эса қувонарли ҳолдир.

Шунингдек, 2015 йилнинг ҳозирги даврига қадар 95 нафар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари халқаро танловларда ғолиб ва совриндорлар сафидан муносиб ўрин эгаллади. Ёш авлоднинг қўлга киритаётган бу ютуқлари замирида албатта, жонажон она Ватанимизда болалар тақдири давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ётади.

Яна ўқинг:  Куз илҳомлари

Монумент қошида шуларни ўйларканман, руҳим равшан тортади. Кайфиятим кўтарилади. Яна бир бор монумент ўзбек халқининг тимсоли эканига амин бўламан. Боласини бағрига босиб турган бахтиёр она сиймосида Ўзбекистонни кўраман. Ҳа, Ватан қаршимда меҳрибон она қиёфасида бўй беради. Унинг қувноқ ва зукко фарзандлари эса атрофимда бор чиройи, гўзаллигини намойиш этаётир.

Мустақиллик майдонидан қайтар эканман, беихтиёр хотирамда бир сўз янграйди. У қулоғим остида ёқимли куйдай яшайди. Ўша жажжи қизалоқнинг порлоқ кўзлари, ёрқин юзлари билан ёдимга бостириб кираверади. “Ўзбекистон, Ўзбекистон”.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: