Худди эртакдагига ўхшайди
Одатда эртаклар: “Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, қадим ўтган замонда…” деган сўзлар билан бошланади. Эртак давомида орзулар амалга ошади, қийинчиликлар бартараф этилади ва ҳамма мурод-мақсадига етади.
Мақоламиз қаҳрамони – 93 ёшли Мажид ота Хидиров мен билан суҳбатлашяпти-ю бот-бот “Бунақа замон ҳеч бўлмаган, худди эртакдагидек”, деган сўзларни кўп такрорлаб қўяди. Ота асли ҳисобчи эмасми, гап орасида рақамларга ҳам мурожаат қилиб, салкам бир асрга гувоҳ бўлаётгани, ундан олдин отасининг ҳаёти ва боболари ҳақида эшитганлари орқали ўзбекнинг қарийб 300 йиллик турмуши ҳақида тасаввурга эга эканлигини ҳам қистириб ўтади ва яна “худди эртакдагига ўхшайди”, дейишни ҳам унутмайди.
Тўғри-да, Мажид отанинг падари бузруквори ҳам, боболари ҳам не кунларни кўрмаган. Қаҳатчилик, очарчилик дейсизми, қарамлик, хўрлик дейсизми, уруш, вайронгарчилик дейсизми, қўйингки, элнинг бошига тушган ғам-ғуссанинг ҳеч бири уларни четлаб ўтмаган.
Мажид отанинг ўзи-чи, болалигини эсласа ҳануз хўрлиги келади, оғир меҳнат қилиб қорни нонга, усти кийимга ёлчимагани, азоб-уқубат билан яшаганларини эслайди. Кейин ўз ихтиёри билан урушга кетди. Вайрон бўлган шаҳарлар, ҳалок бўлган дўстлари ҳалиям кўз ўнгидан кетмайди. Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан сўнг ўзи туғилиб ўсган Китоб туманидаги “Олақўйлиқ” қишлоғига кириб келганида отаси ишчи батальонидан, акаси билан укаси фронтдан касалманд бўлиб қайтган эди… Эҳ-ҳе, аччиқ хотираларнинг қай бирини айтсин?! Кошки, урушдан сўнг ҳаммаси бирдан ўнгланиб кетган бўлса. Кейин ҳам оғир ва машаққатли меҳнатга ундай-бундай одамнинг дош бериши қийин эди.
Мажид ота аввал иқтисодчилик курсида таҳсил олди, кейин сиртдан шу соҳа бўйича институтни тугатиб, ҳисобчи-иқтисодчи бўлди. У “Олақўйлиқ” ва “Варганза” қишлоқларидаги хўжаликларга бош ҳисобчилик қилди. Мажид ота қаерда бўлмасин ҳисоб-китобни жойига қўйиб, рақамни рақамга қўшиб, хўжалик иқтисодини кўтариб ишлади. Пулни қандай топишни ва қандай ишлатишни ҳам билди.
Бироқ… Отахон атрофга қарайди-да: “Барибир, бунақа замон бўлмаган, худди эртакдагидек”, деб қўйишни канда қилмайди. Сўзини исботлаш учун мисолларни қалаштириб ташлайди:
– Деҳқон бозорини кўринг, жаннатнинг ўзи. Йил давомида тўрт фаслда етиштириладиган мева-сабзавотлар расталарни яшнатиб турибди. Нархлари ҳам ҳамёнбоп. Кейинги 15-20 йил ичида юртимиз шу қадар юксак тараққий этдики, одамнинг ҳуши бошидан учади, ҳайрон қолади, кўзларига ишонмайди.
Элнинг пешонаси ярқиради, елкасига офтоб тегди. Бу Мустақиллик офтоби! Бунақанги тинч-хотиржам, тўкин-сочин замон орзуга ҳам сиғмаган. Сал ҳаракат қилиб, сал меҳнат қилган, ишнинг кўзини билган одам мурод-мақсадига етаяпти.
Дарвоқе, Мажид ота 11 нафар фарзанднинг отаси. Барчаси ҳаётда ўз ўрнини топган. Набиралари орасида набиралик бўлганлари анчагина. Отахон фарзандларидан 5 нафари, набираларидан 3 нафари фермер эканини алоҳида таъкидлайди. 8 нафар фермерни Мажид отадай қишлоқ хўжалиги соҳасини мукаммал билган одам ўз ҳолига ташлаб қўярмиди. Кун ора куюнчак отахон фермерларини “ер ҳайдадингми, экин экдингми, суғордингми”, деб тергагани тергаган. Ўзи эса ҳовлисини сира бўш қўймайди.
Мажид ота ана шунақа киши. “93 ёшга кирдим-у ҳалиям ишлаяпман”, дейди у. Фикрлари теран, сўзлари салмоқли отахон, ишлаяпман, деганида тарбиячилигини, тарғиботчилигини ҳам назарда тутади. Кечаги кун билан бугунги кунни шунақа муқояса қиладики, уни тинглаган киши дориломон кунларда яшаётганидан шукроналар айтади. Бобо яқинда “Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг етмиш йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланди.
…Отахоннинг хотираларини болалар эртакдай қабул қилишади, берилиб эшитишади. Унинг ўзи ҳам кўрган-кечирганларини эртакдай сўзлайди. Бу ҳикоялар пешонаси ярқираган юрт ва муродига етган эл ҳақидаги охири яхшилик билан тугайдиган эртакдай.
Лола ЎРОҚОВА