Беғубор оламнинг бекаси

Умр йўлларида ўзгаларга эзгулик улашиб, жамиятга манфаат келтириб яшаётган инсонларнинг манзиллари нурли, толеи саодатли бўлади. Халқимизда: “Ўзгалар бахти учун курашсанг, ўз бахтингни ҳам топасан” деган ҳикмат бор. Эл-юрт равнақи йўлида фидойи бўлган инсоннинг ўзи ҳам эл орасида қадр топиши, азизу мукаррам бўлиши бу ҳикматнинг мазмунида акс этади.

Узоқ йиллар мобайнида болалар матбуоти соҳасида меҳнат қилиб, таъбир жоиз бўлса, бу беғубор оламда яшаб келаётган Феруза Адилова ҳам ҳаётини, бор билим ва тафаккурини баркамол авлод тарбиясига бағишлаб келаётган инсонлардан. Унинг камтарона меҳнатлари, фидойилигини ёзган қизиқарли мақолалари, ҳикоялари, қолаверса, ҳар ҳафтада юртимиздаги минглаб хонадонларга кириб бораётган болалар ва ўсмирларнинг севимли нашри – “Тонг юлдузи” газетаси “сўзлаб турибди”.

Болалар ва ўсмирлар ҳаётига оид қизиқарли мақолалари газетанинг мазмун-мундарижасини бойитишга хизмат қилса, “Дўстлик мўъжиза яратади”, “Интизом”, “Компьютер устаси”, “Афсус” каби ҳикоялари болаларни фикрлашга, мушоҳада юритишга, яхши билан ёмонни фарқлай олишга ўргатиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Болалик ҳақида гап кетганда, беихтиёр чеҳрамиз ёришади, қалбимиз нурланади. Чунки болалик – беғубор олам. Бу мусаффо, шаффоф оламда яшайдиган, болалар билан диллашиб, тиллашиб, уларнинг мурғак қалбларига йўл топа оладиганларнинг ўзлари ҳам болақалбли инсонлардир.

Меҳнат фаолиятини “Тонг юлдузи” газетаси таҳририятида матн терувчиликдан бошлаган, кейинчалик мухбир, катта мухбир, бўлим муҳаррири, масъул котиб вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилган, бугунги кунда мазкур нашрга бош муҳаррирлик қилаётган Феруза Адиловани ана шу беғубор оламнинг бекаси дегимиз келади. Уни кичкинтойлар даврасида учратсангиз, улар билан бола тилида сўзлашишини, қўл ушлашиб ўйнашини кўрсангиз, бу фикрнинг нечоғли тўғрилигига ўзингиз амин бўласиз. Беихтиёр: “Айнан шу касб учун яралган экан!” деб юборганингизни сезмай қоласиз.

Ҳаётда бахт тушунчаси нисбий тушунча. Уни ҳамма ўз мезон тарозиси билан ўлчайди. Бахтни мол-дунёда, маҳобатли иморат-у, қўша-қўша машиналарда деб биладиганлар ҳам йўқ эмас орамизда. Ферузахон эса бу туйғуни фарзандлари камолида, оиласидаги тинчлик, тотувликда, қолаверса, севимли, ардоқли касбида ҳис қилади.

Аёлнинг бахти – атрофидагиларнинг уни тушунишида. Инсон-инсонга қоядек суянч бўлса, уни тушунса, қўллаб-қувватласа, дилидаги барча эзгу ниятлари ижобат бўлади. Ҳамкасбимиз бу борада ҳам омади чопганлардан. Турмуш ўртоғи Азизжон ака Адилов оилапарвар, эътиборли инсон. Умр йўлдошининг ҳаёт йўлидаги одимларини қадрлайди, унга яқин маслакдош. Ферузахон бугунги кунгача нимагаки эришган бўлса, бунинг учун энг аввало, болалигиданоқ қалбида адабиётга меҳр уйғотган, билим олиши учун етарли шароит яратган дадаси (раҳматли) Сойибжон отадан, қолаверса, умр йўлдошидан беҳад миннатдор.

Яна ўқинг:  Ardoqlagum Ona tuproqni

“Яхши одамлар кўпайсин десангиз, яхши оналарни кўпайтиринг” деб ёзган эди Жан Пол. Замирида бир олам маъно мужассам бу ҳикматни Ферузахонга нисбат қилсак арзийди. Чунки унинг билимли, зукко, интилувчан фарзандлари – Искандар ва Алишерга кўпчилик ҳавасманд.

Халқимизда “Шогирд устозга қараб бўй чўзади” деган ажойиб нақл бор. Ферузахон ўзи таҳсил олган Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультети ўқитувчилари Омонулла Мадаев, Бегали Қосимов, уни ижод оламига етаклаган Ҳамза Имонбердиев, Шоим Бўтаев каби устозларига қараб бўй чўзган, касб маҳоратини ошириб, қаламини чархлаган бўлса, бугунги кунда жамоага ёшлик шижоати, нафаси билан кириб келган Сайёра Қодирова, Динара Шокирова, Маҳмуджон Азимов, Нигора Абдуназарова сингари умидли ёш журналистлар унга устоз дея эргашишяпти.

Ф. Адилованинг самарали меҳнатлари муносиб баҳосини олди. Бугунги кунда унинг кўксини “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони безаб турибди. 2003 йилда Журналистлар уюшмасининг “Атиргул” танлови ғолиби бўлди. Қатор йилларда кўплаб “Фахрий ёрлиқ”лари билан рағбатлантирилди.

Мен замон билан қадам-бақадам одимлаётган бу ҳамкасбимиз тимсолида том маънода давр аёли қиёфасини кўраман: ибратли хонадон соҳибаси, меҳрибон она, ғайратли, изланувчан, фидойи раҳбар…

Умр йиллар билан эмас, эзгу амаллар билан сарҳисоб қилинади. Шундай экан, қалбида меҳр-оқибат яшайдиган, қадамида самимият чечаклари унадиган Ф. Адилованинг ярим асрлик умри мазмунли, ибратли ўтди, дейишга ҳақлимиз. Унинг ойдин, янада нурлироқ манзиллари ҳали олдинда эканлигига умид қилиб:

– Ферузахон, икки дунё саодатидан баҳраманд бўлинг! Севимли касбингиз, азиз ва ардоқли фарзандларингиз камоли қалбингизни нурлантириб, ҳаётингизга маъно, мазмун бахш этаверсин! – деймиз.

Феруза ЖАЛИЛОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: