– Мен албатта жаҳон чемпиони бўламан, –

дейди Ўзбекистон чемпиони Шаҳноза Саматова.

Шаҳноза Саматовани бугунги кунда тенгдошларига ўрнак бўлгудек қирраларини эшитиб, рости ҳавасим келди. У Гулистон давлат университети қошидаги 2-академик лицейи “Ижтимоий-гуманитар” фанлар йўналиши 2-босқич ўқувчиси. 13 ёшидан бери спортнинг taekwondo ITF спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келади.

Асли гулистонлик бу қиз болалигиданоқ телевидение орқали намойиш этиладиган спорт кўрсатувларини катта қизиқиш билан томоша қилар, унда нуфузли халқаро чемпионатларда иштирок этган чемпионларга ҳавас қиларди. Қиз бола бўлишига қарамай у футболнинг ашаддий мухлиси эди. Бора-бора унда спорт билан астойдил шуғулланиш мақсади пайдо бўлди. Еттинчи синфда ўқиётганида у таҳсил олаётган мактабда ҳарбий спорт синфлари очилди. Буни албатта Шаҳноза учун бир омад деса арзийди. У мактабдаги дарслари тугаган заҳоти спорт синфига шошиларди.

Бир куни синфдошлари билан бирга ҳарбий қасамёдга тайёрланиб, машқларни бажараётганларида бир гуруҳ болалар ва қизлар махсус оқ либосларда ўз чиқишлари билан унинг ҳавасини келтиришади. Шундан кейин у taekwondo ITF спорт тури билан мунтазам шуғуллана бошлайди.

У машғулотларда биринчи мураббийи Рустам Ҳамроевдан ушбу спорт турининг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Аввалига машғулотларда у баъзи бир услулларни қўллашда анча қийналди. Аммо Шаҳнозадаги истак ва мустаҳкам ирода боис тинимсиз изланди. Илк мусобақалардаёқ у муваффақият қозонди.

Ҳозирги кунда малакали спорт мураббийи Евгений Кон унга устозлик қилмоқда. Доимий изланиш ва ҳаракат шиорига айланган бу қиз “Камолот” ЁИҲ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ва таълим масканида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этади.

– Спорт менда ўзимга бўлган ишончни мустаҳамлади. Авваллари кун сал совиса тез-тез касал бўлардим. Энди спорт билан шуғулланганим боис саломатлигим мустаҳкамланди. Энг асосийси вақтнинг қадрига етишни ўргандим ва ҳар бир ишимни режали бажаришга ҳаракат қилаяпман. Ўқишга ҳам спорт билан шуғулланишга ҳамда уй ишларида онажонимга ёрдамлашишга ҳам улгуряпман. Мен барча тенгдошларимнинг спорт билан шуғулланишларини истардим, – дейди Ш.Саматова.

Шаҳноза шу пайтгача вилоят ва Ўзбекистон чемпиони бўлишга сазовор бўлган. 2012 йил унга омад келтирди, у қора белбоғ 1 ДАН соҳибаси бўлди. Келгусида Шаҳноза барча тенгдошлари қатори жаҳон ареналарида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришни ният қилган. Жаҳон чемпиони бўлиш унинг эзгу тилагидир. Зеро, мақсад ва ҳаракат бирлашса орзулар ушалади, албатта.

Яна ўқинг:  Ёрқинойнинг ойдин йўли

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: