Муаллим ижодкорлиги – таълим самарадорлиги асоси

Қўшкўпир туманидаги 3-сон умумтаълим мактабига кириб борганимизда ўқув даргоҳининг директори Зубайда Эрматова остонада ўқувчилар билан суҳбатлашиб турган эди. Ўқувчилар бизларни кўриб бир овоздан салом беришди. Туман ҳокимлигининг “Ҳаёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Меҳрибон Тиллаева мактаб директорини Абдулла Қаҳҳор асари қаҳрамони “синчалак”ка ўхшайди, деб таърифлаганида ҳақлигини ҳис қилдим:

– Директор бўлганига бор йўғи уч йил тўлди, бироқ кўплаб ўзгаришларни амалга оширди. Мактаб атрофини ободонлаштириб, чиройли девор билан ўради. Эрта баҳордан ҳовлини гуллар қамраб олади. Уларни қишда мактабнинг “Табиат бурчаги”да уруғдан экиб ундиради. Гуллар ранг-баранглиги билан дилни яйратади. Албатта саранжом-саришталик остонадан бошланади. Шунинг учун ҳам бу жамоа “Энг обод мактаб” танловида туманда биринчи ва вилоятда иккинчи ўринни эгаллади. Зубайда Эрматова жамоада бирдамлик, ташаббускорлик ва уюшқоқлик муҳитини яратган, – дейди ҳамроҳим.

Остонага қадам ташлабоқ ўша сўзларнинг тасдиғини топдик. Гўё Наврўзи айём энг аввало ушбу даргоҳда жамол очгандек эди. Мактаб деворлари ҳам ўқувчиларни ватанпарварлик ва миллий руҳда тарбиялашга хизмат қиладиган мазмундор безатилган. Унда мамлакатимиз мадҳияси, герби, байроғи, алломаларимиз суратлари, даргоҳнинг фахрий ўқитувчилари, иқтидорли ўқувчилар фотосуратлари акс эттирилган.

Бу даргоҳнинг ўзига хос яна бир томони ўқитувчиларнинг ижодкорлигига алоҳида эътибор берилади. Мактаб раҳбари “Мустақиллик даврида педагогика” деган мавзуда ҳар бир ўқитувчи слайд яратишини таклиф қилди. Мактабдаги 749 нафар болага дарс бераётган 82 нафар ўқитувчи ўртасида бу борада танлов ҳам уюштирилди. Энг гўзал ва мазмундор слайд яратганлар рағбатлантирилди. Таълим муассасида “Йил ўқитувчиси” танлови ҳар йили ўтказилади. Муассасада интерфаол доска ташкил қилинган. Ижодкор ўқитувчиларнинг ҳар бири ўз вақтида тақдирланади. Айни кунда мактабда 9 нафар биринчи тоифали ва 30 нафар иккинчи тоифали устоз муаллимлар фаолият юритишади.

Гулсара Отажонова ўттиз йиллик педагогик тажрибага эга. Унинг дарс бериш услуби туманда, вилоятда тарихчилар ўртасида оммалаштирилган. Муаллима раҳбарлик қилаётган синф болалари “Билимлар беллашуви” танловида тумандаги 51та мактаб ўқувчилари орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу мактаб туманнинг Қатағон қишлоғида жойлашган. Ана шу қишлоқ тарихини муаллим ўқувчилари билан бирга яратди. Бунинг учун ота-оналар, қишлоқ кексалари билан суҳбатлашди. Тарихий китобларни излашди.

Яна ўқинг:  Эзгу ишлар эътирофи

“Ёш тарихчилар” беллашувлари бу даргоҳда мунтазам ўтказилади. Бу йилги беллашувда 8-а синф ўқувчиси Жаҳонгир Хўжаев, 7-а синф ўқувчиси Жаҳонгир Машарипов, 6-а синф ўқувчиси Шодлик Рахимбоевлар ғолиб бўлишди.

Яна бир ижодкор ўқитувчи Зулфия Холмуродова она тили ва адабиётдан дарс беради. Шу билан бирга вилоят халқ таълими бошқармасида услубий бирлашманинг раҳбари. Туманда бўлиб ўтадиган соҳага доир семинарларда ҳар гал ўн нафар ўқитувчига мураббийлик қилади. Ўтган йили туманда ўтказилган “Очиқ дарслар” фестивалида муваффақиятли қатнашиб, мукофотга сазовор бўлди. У мактабдаги “Она тили тўгараги”ни бошқаради, шунингдек, кўплаб танловнинг ташкилотчисидир. “Энг зўр китобхон”, ”Ораста қизлар”, 9-синф ўқувчилари орасида ”Ўйла, изла, топ” беллашувини у ҳар йили ташкил қилади. Натижада мактаб ўқувчиси Комилова Дилнавоз иқтисод бўйича туманда ғолиб бўлиб, вилоят босқичида иштирок этди. Шодия Раҳимбоева “Ораста қизлар”туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоят боқичида юқори ўринни эгаллади.

Дилноза Жуманиёзова аслида она тили ва адабиёти муаллими. У ўқитувчиларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ўқиб, инглиз тилидан ҳам дарс бера бошлади. У ўз устида тинимсиз ишлайди. У дарсларини ахборот технологияларидан фойдаланиб ўтказади. Интернет орқали илғор педагогик тажрибаларни ўрганиб ўзининг синфида ҳам қўллайди. Унинг изланиш ва интилишлари бекор кетмади. ”Йил ўқитувчиси” танловида туманда биринчи ўринни эгаллади. Унинг ўқувчиси Гулнора Назарова “Зулфия издошлари” танловининг мактаб босқичида биринчи ўринни эгаллади. Яна бир ўқувчиси Ирода Раҳимова “Ҳуснихат соҳиби” танловининг ғолиби бўлди. Ҳозир у “Ихтирочи ўқувчи” танловини ўтказишни кўзлаяпти. ”Мен бу танловни ўтказишга ўқувчим Шаҳзод Матёқубовнинг интилишларидан келиб чиқиб, қарор қилдим. У ҳар бир дарсга бирор янгилик билан келади.” – дейди муаллима.

Ижодкор ўқитувчилардан яна бири Шарифа Эсамуродова биринчи тоифали ўқитувчи 28 йилдан буён бошланғич синфларга дарс беради. Унинг ижодкорлиги ўзига хос. Беш фарзанднинг онаси бўлган Шарифа педагоглар орасида ўтказиладиган спорт мусобақаларининг қатнашчиси, мактабдаги беллашувларнинг ташкилотчиси. У кичкинтойларнинг дарс маҳалида чарчаб ва зерикиб қолмасликлари учун дарсни жисмоний машқлар билан уйғунлаштиради. Унинг ҳаёт тарзи ҳам ана шундай турмушда ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнатни уйғунликда олиб боради. Кичкинтойларни ҳам шу усулга даъват қилади.

Яна ўқинг:  Тил – миллатнинг бош белгиси

Хоразм вилоят педагоглар касаба уюшмаси аёллар ўртасида спорт мусобақалари ўтказишни анъанага айлантирган. Шарифа ана шу беллашувларнинг ҳар йилги фаол иштирокчиси. Велопойгада беш километргача бўлган мусобақада вилоятда биринчиликни эгаллаган. Стол тенниси бўйича туманда иккинчи ўринга эришган. У мактабнинг биринчи – тўртинчи синф ўқувчилари орасида ўтказиладиган беллашувларга масъул ҳисобланади. Спорт мусобақалари билан бирга “Энг зўр ҳуснихат соҳиби” “Энг зўр мутолачи” “Энг иқтидорли ўқувчи” каби танловларни ўтказади. Бу танловлар аввало синфларда гуруҳларга бўлиниб ўтказилади. Сўнгра ғолиблар синфларора беллашади. Бу танловларга ота-оналар, бобо-момолар ҳам келиб жони дили билан қатнашадилар. Бу саъй– ҳаракатлар албатта бекор кетмайди. Бу йил иккинчи синф ўқувчиси Дилнура Каримбоева мактабда энг чиройли ҳуснихат соҳиби бўлди. Рухшона Йўлдошева энг кўп шеър биладиган ўқувчи деган эҳтиромга эришди. Мансурбек Раҳимбоев мактабнинг энг билимдон крассворд ечиш устаси деган номни олди. Шарифа танловларни ҳар сафар турли тарзда ўтказиши билан ўқувчиларни жалб қилади. Масалан, бир гал Ўткир Ҳошимовнинг” Тушда кечган умрлар” асаридан энг кўп ёд олган болалар беллашувини ўтказди. Ундай пайтларда болалар нафақат ёдлайди. Бошқа ўқувчиларнинг саволларига жавоб бериши, асарнинг мазмун– моҳиятини гапириб бериши ҳам лозим. Бу танловлар болаларни ўқишга, интилувчанликка, ташаббускорликка, тез фикрлашга, ҳозиржавобликка ўргатади. Умуман ўқувчининг интелликтуал салоҳиятини кучайтиради.

Шарифанинг болалари ҳам шу мактабда ўқишади, бири рубоб чалса, бири қўшиқ айтади. “Танловларда фарзандларимни ҳам фаол қатнаштираман. Уларнинг қўшиқ куйлаб, мусиқа чалиши тарбирларни янада жонлантиради”-дейди у. Бир сўз билан айтганда ўқитувчининг ижодкорлиги таълим самарадорлигига хизмат қилади.

Биз ушбу жамоа билан Наврўзи айём арафасида учрашув уюштирдик. Мен уларга мустақиллик меваси бўлган “Соғлом авлод” газетаси ва истиқлол йилларида ижоди ва фаолияти ўрганила бошланган алламоларимиз ҳақида гапириб бердим. Туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар кенгаши раиси Сайёра Худойберганова огоҳлик – давр талаби эканлиги, оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари, диний ақидапарастлик ҳақида, туман газетаси бош муҳаррири Меҳрибон Тиллаева мустақиллик шарофати билан қайта тикланган қадриятларимиз, жумладан, Наврўз айёми ҳақида сўзлаб берди. Бизни қувонтирган нарса шу бўлдики, тадбирда мактаб ўқувчилари фаол қатнашдилар. Бизни саволга кўмиб ташлашди. Шунингдек, Наврўз ҳақида гўзал мушоиранинг гувоҳи бўлдик. Шунда биз ўқитувчиларнинг ижодкорлиги ўқувчиларнинг таълими самарадорлигини таъминланишига амин бўлдик.

Яна ўқинг:  Фарзандлари соғ элнинг кўнгли тоғдир

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: