ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАР МУРОЖААТИ
Мамлакатимизда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2014 йилнинг 4 декабрида кучга кирди.
Ушбу қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, давлат органлари ва давлат муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Унинг биринчи бобида “Умумий қоидалар” акс этган.
Иккинчи бобида эса жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари белгиланган.
Учинчи бобда мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби ўз ифодасини топган.
Тўртинчи боби мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятларига бағишланган.
Бешинчи боб якунловчи қоидалардан иборат.
Янги қонуннинг аввалги қонундан фарқлари нимада деган савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин.
Биринчидан, юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлари илгари қонун йўли билан тартибга солинмаган эди, энди бу қонун билан мустаҳкамланди.
Иккинчидан, қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.
Учинчидан, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалида қабул вақти ва жойи кўрсатилиши ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлиши шартлиги белгиланди. Бундай жадвал маъмурий бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларига жойлаштирилади. Қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинади.
Ш.ТОШПЎЛАТОВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси