ЯШАШНИ ЎРГАТГАН ШЕЪРИЯТ

Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни ҳам мен фидойи инсонлар қаторига қўшган бўлардим. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларида одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган, десак муболаға бўлмайди. Тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир”.

Ислом Каримов

Эсимдадир ажиб дам ҳали:

Кўз олдимда бўлдинг намоён,

Пок гўзаллик даҳоси каби,

Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон…

Пушкиннинг ушбу шеърини илк бора ўқиганимда ҳойнахой буни шоира Зулфия таржима қилган бўлса керак, деб ўйладим. Шошиб китоб мундарижасини очдим. Адашмаган эканман. Бу Зулфияхоним таржимаси эди. Зулфиянинг шеърларида ўз дасхати бор, деган фикрга яна бир бор иқрор бўлдим. Айнан шоиранинг таржималари Пушкин асарларини мен учун яна-да юксалтиргандек бўлди. Сабаби шоиранинг шеърлари ҳам кўнгилнинг нозик торларини чертиши, нафислиги, дардчиллиги, фикри теранлиги билан фарқланиб туради.

Ногаҳон раҳматли онажонимнинг нурли сиймосини кўргандек бўламан. Чунки онам Зулфияхоним шеърларини севиб ўқир, биз фарзандларига сўзлар мағзини изоҳлашдан чарчамас эди… Айниқса “Ўғирламанг қаламим бир кун” шеъри онамнинг кўнглидан шунчалар жой олгандики, уни бир варақ қоғозга кўчириб олиб ён дафтарчасида авайлаб сақлар, ҳар куни такрор-такрор ўқиб чиқарди:

…Ўғирламанг қаламим бир кун!

Қалам-ла мен тўқийман қўшиқ.

У – инсонга, элга хизматим,

Бурчин бекам адо этган йўқ.

Қарзим узар икки фарзандим,

Фарзанд меҳри ва қаламимни

Худо ҳаққи, қўйинг ўзимга.

Усиз қолсам, ўлди деб мани

Секин парда тортинг юзимга…

Ўғирламанг қаламим бир кун…

Бир куни онам “Қизим шеърнинг қоғози эскириб қолибди, шуни янги вараққа чиройли қилиб кўчириб берсанг”, деди. Биз учун бу шеър ёд бўлиб кетган бўлса-да, шу бир варақ қоғоз онам учун суянч эди. “Қандай катта қалб эгаси-я. Шеърларидан яшашни ўрганса бўлади”, дерди. Зулфияхоним ана шундай шеърият соҳибаси… Унинг беназир шеърияти севиш ва севилишни, эъзозлаш ва қадрлашни, садоқат ва вафони, сабр-тоқатни, матонат ва шижоатни, ўзгалар дардига бефарқ бўлмаслик, суянч ва таянч бўлишни – ЯШАШни ўргатади.

Яна ўқинг:  КЎЗЛАР ЮМУҚ ҲОЛАТДА ХОТИРА ЯХШИРОҚ ИШЛАЙДИ

Шоиранинг “Ҳамма билан бор менинг ишим” деган биргина мисраси замирида инсон учун қайғуриш, меҳр-оқибатни туясиз.

Зулфияхоним Японияга қилган сафарларидан бирида Хиросима фожиасининг изларини ўз кўзи билан кўради. Шоира зўр ҳаяжон ила хотираларида шундай деган эди: “Биз сукутда қолдик. Мен ёнимда турган нотаниш аёлнинг қўлидан ушладим. Таржимон биздан узоқда эди. Биз бир-биримизнинг қўлимизни қаттиқ қисдик:

– Уруш бўлмайди. Йўл қўймаймиз унга! – тахминан шундай деган эдим мен япон аёлига ўз ишорам билан”.

Дунёдаги барча оналар қалқиб оёққа турса уруш албатта чекинади, тинчлик енгади, деган ўйда она қалби ҳайқиради. Шоиранинг “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” шеъри сафар таассуротлари замирида туғилган экан.

Шоиранинг шогирдларидан унинг қанчадан-қанча инсонларга тиргак, мадор бўлиб, ёрдам қўлини чўзганини эшитиб ҳавасим келади. Мафтункор ижоди билан мен учун чўққида турган бу аёл улкан инсонийлиги ила кўз ўнгимда яна-да юксалиб бораверади.

Маълумот тўплаш мақсадида шоиранинг набираси Лола опа билан суҳбатлашдим. Набираси бувисининг турли хил давлатларда – Ҳиндистон ва Япония, Бирма ва Шри-Ланкада, Югославия, Болгария ва бошқа мамлакатларда бўлганлиги, у ердаги таниқли адабиёт ва санъат намоёндаларидан тортиб оддий кишиларнинг-да фикр-ўйлари билан қизиққанлиги ҳақида ҳикоя қилиб берди. Бир даста суратларни кузатар эканман, дунё кўрган аёлнинг юзидаги маъсумалик, ийманиш, назокат, айниқса кийиниш маданияти ўзгармаганлигининг гувоҳи бўлдим. Чеҳрадаги бироз улғайиш суратларни бир-биридан фарқлаб турарди.

“…Мен шодликни олмайман пудрат,

Югураман қалб билан вақтдан…”

дейди Зулфия “Исён” деган шеърида.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шоира қалби ила вақтдан, айрилиқ ва соғинчдан, изтироб ва ҳижрондан ғолиб бўлишга интилди ва вақтнинг аёвсиз ғилдиракларини ўзининг ўтли сатрлари билан забт эта олди. Қалб пўртаналаридан отилиб чиққан бу сатрлар ҳароратини ҳаттоки вақт ҳам емира олмайди. Менимча, ҳақиқий ижодкор учун умрнинг асл мазмуни ҳам шунда.

“Зулфияхоним шеърларида тонг тимсоли, тонг тасвири, буюк эрк, буюк бахт, буюк давр, буюк ва ёруғ дунё тимсолидай жаранглаб кетганлиги ва ҳануз ўшандоқ турганлиги ҳеч кимга сир эмас, ҳаммаси меҳнатдан, узлуксиз меҳнатдан”, деган эди Миртемир. Дарҳақиқат, Зулфияхоним чексиз меҳнати ила катта мактаб яратган ва ўз мактабида ёш қаламкашларнинг бутун бир авлодини камолга етказа билган шоирадир. Зулфия шеъриятининг энг катта ютуғи шундаки, ўқувчига кўтаринки руҳ беради, комилликка, қаҳрамонликка етаклайди.

Яна ўқинг:  Боқий наволар

Зулфияхоним учун қилинаётган эъзоз ва эҳтиромни кўриб, шоира бежиз шундай мисраларни битмаган экан, дея ўйлаб қоламан.

“Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман!”

Нилуфар ЖАББОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: