Боласига мушт ўқталган она яхши тарбиячими?

Фарзанд кўзимизнинг нури, қалбимиз қувончи, ҳаётимиз мазмуни. Унинг ширин табассуми нафақат ота-онани, ҳатто бува ва бувижонларининг кўнглини кўтариб, бутун хонадонни нурга тўлдиради. Дунёга келиши билан оиладагиларнинг барчаси унга ғамхўрлик қилишга ҳаракат қилади. Шундай экан, кичкинтойларимиз соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун, уларга эътиборли бўлишимиз ҳамда ҳамма ҳаракатларини кузатиб боришимиз даркор. Айниқса, уларни тарбия қилаётганимизда хатоларга йўл қўймаслигимиз лозим.

ЖАЗОЛАШГА ШОШИЛМАНГ!

У вояга етгани сари ҳамма нарсаларга қизиқиши ортади. Бу нима?Бирор буюмнинг оғзини очиб кўрса ичидан нима бор, каби саволлар доимо хаёлида бўлади. Баъзи ҳолларда рухсат этилмаган нарсаларни,бир неча марта огоҳлантиришингизга қарамасдан ушлаб кўришга ҳаракат қилади. Ана шунда ўз-ўзидан фарзандингизга қаттиқ танбеҳ беришга ёки жисмоний жазолашга мажбур бўласиз. Ҳамма ота-оналар бундай ўйлайди дея олмайману, лекин шундай катталар ҳам бор. Улар “Бола меники, хоҳласам ураман, хоҳласам сўкаман”дея фарзандларига зулм етказишаётганини ўзлари билишмайди. Йўқ, гўдак ҳам инсон, у қонун ҳимоясида. У жисмоний, эмоционал, вербал зўрликка учрамоқда, яна кимдан энг яқин кишиларидан. Айтайлик, майли сиз асабингиз бузилиб фарзандингиз хатоси, номаъқулчилиги учун жисмоний жазо билан жазоладингиз. Жазолашдан олдин унутманг, бола ҳеч қачон қилган ишининг ёмонлигини билмайди. Унда бундай тажрибанинг ўзи йўқ. Худди сиз ота-она боласини хоҳласа уради, хоҳласа сўкади деб ўйлаганингиздек, у ҳам бу дунёда кўнглига келган ишни қилиб кўриши мумкин. Жамият сизнинг қилган жиноятингиз учун судга бермай, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай тушинтириб келаётганидек, сиз ҳам унга тушинтиринг. Энг аввало уни шахс деб ҳурмат қилинг. Шунда ҳамма нарса ўз жойига тушади.

ОҒИР ТАРБИЯНИНГ МУДҲИШ ХАТОСИ

Бола жисмоний жазодан сўнг бу номаъқулчиликни қайтиб қилмайди. Сиз эса бу муаммони “осонгина ҳал қилдим!” – деб ўйлайсиз. Лекин бир масалани ҳал қилиб ўрнига яна мингтасини орттириб олганингизни билганингизда, балки югирик қўлингиз тийилармиди. Дилозорлик кўрган бола сизга қарам, борадиган жойи йўқ, бошқа меҳрибон кишиси йўқ, шунинг учун чидаяпти. У ожиз, сиз эса унинг ожизлигидан фойдаланаяпсиз. Бу билан катта хатога йўл қўйганингизни, келажакдаги ҳаётига қанчалик таъсир қилишини, унинг “мен”и синишини ҳисобга олмадингиз. Бола сиздан нажот кутади. Ҳар доим оғир жазолар такрорланмаслигига умид қилади. У сизга ниҳоятда боғланиб қолган. У сизни ҳеч қачон ёмон деб билмайди, оғир жазоларни ҳам нотўғри деб тушунмайди. Энг ёмони, бир куни келиб ўзи шу ишни қилади. Жисмоний жазо боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишини пасайтиради. Дунёга нисбатан салбий қараш пайдо бўлади, одамларга ишонмайди, одамови бўлиб қолади. Кейинчалик ўзаро муносабатларга киришишда муаммоларга учрайди.

Яна ўқинг:  Сокин замин осуда ҳаёт кафолатидир

ЙЎҚОТИЛГАН БОЛАЛИК

Қаттиққўл она боласи билан уйимизга меҳмонга чиқди. Фарзанди жуда ақлли-тарбияли, дастурхонга қўл чўзмас, мумкин эмас бўлган нарсаларга рухсатсиз тегмас эди. Доимо онасининг кўзига қараб ўтиради. Унинг ёши билан тенг қизалоғим бор, доимо у келса хурсанд бўлади. Улар бирга ўйнашади, ўйинчоқларни талашиб, баъзан келишмай ҳам қолишади. Шунда қўшни қиз йиғлаб юборди. Онаси бир ёмон қараганди қизга дарров йиғидан тинди. Кейин эса ўша қизча мени қизимни эркалашга, аврашга тушди. Чунки, унга бирор ёмон гап гапирса, онасидан калтак ейишини биларди. Бир оздан сўнг нариги хонага ўтишди, секин бориб кузатсам, қизимни турткилаб, буни мен ўйнайман, яна олиб қўйсанг кўрасан деб гапираётганини гувоҳи бўлдим. Мени ўйлантирган нарса наҳотки митти гўдак, болалигиданоқ икки юзламачиликка ўрганган бўлса. Қалбида нафрат, катталарга нисбатан норозилик пайдо бўлган. Бунга уни нима мажбур қилган, албатта ҳаётга мослашиш, ёки калтакдан қутилиб қолиш чораларими?

Кўп зўравонлик оқибатида катта бўлган болаларни психологлар тилида икки хил тоифада ўрганамиз. “Садист” – қонхўр, ва “мазахист” – қурбон. Биринчи турдаги бола азоб беришни ёқтиради, ёки азобланаётган одамни кўриб маза қилади. У катта инсон бўлганида, оилали бўлиб турмуш қурса, жуфтига ёки болаларига нисбатан қаттиққўл бўлиб зарар етказиши мумкин. Иккинчи турдагиси эса азобланаётганини бировларга айтиб, ёки бошқаларнинг раҳмини келтириб завқ олади. У ўзини ўзидан кучлиларнинг олдида қўрқоқ, кучсизларни олдида эса зўравон қилиб кўрсатади. Буларнинг ҳаммасидан кўриниб турибдики, оқибатда руҳий касал ҳолатигача етиб келади. Ўсмир ёшидаги болалар бир-бирига тан жароҳат етказгани, ёки арзимаган сабаб туфайли нохуш ҳолатларга етиб келган баъзи воқеаларни эшитиб ҳам қоламиз. Аслида шу нуқтагача келганига сабаб нима? Нотўғри тарбия ва қаттиққўллик оқибатидир. Демак, бундай вазиятларнинг юзага келишига аввало ота-она сабабчи бўлади. У боласини тарбия қилишдан аввал ўзи яхши тарбия кўрган бўлиши лозим.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Фарзандингизни меҳр билан тарбияланг. Тушунмаган нарсаларини ширин гап билан, мисоллар орқали тушунтиринг. Яхши ҳаракатларни, ширин сўзларни сўзлашни одат тусига айлантиринг. Шундай экан фарзадларимиздан меҳр-муҳаббатимизни аямайлик. Зеро, улар бизнинг келажагимиз. Эртамиз эгалари соғлом ва маънан етук бўлиб вояга етиб, келажакда юртимизга фойдаси тегадиган ўғил-қизлар бўлиб улғайишсин.

Яна ўқинг:  “Ўзбегим ” – халқ сайлига айланган фестиваль

Амалиётчи психолог Шаҳноза ХАЛИЛОВА тавсиялари асосида Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: