АЛИФБЕНИ “ЗАБТ ЭТАЁТГАН” ХАСТАЛИК

Инсон туғилгандан бошлаб, бутун умри давомида ташқи муҳитнинг турли кўринишдаги таъсирига рўбарў бўлади. Ана шундай таъсирларидан бири кўзга кўринмас – микроблар дунёсидир. Ер куррасида энг кўп учрайдиган ва оғир кечадиган касалликларга сабаб бўладиган микроорганизмлар – бу вируслардир. Бугунги кунда вируслар сабабчи бўлаётган вирусли гепатитлар дунё миқёсида тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Чунки, вирусли гепатитлар билан касалланиш кўрсаткичи бутун дунёда йилдан-йилга ортиб бормоқда. Илгари бу хасталик халқ орасида “сариқ касаллиги” деб ном олган. Сариқлик билан кечадиган касалликлар ҳақида Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида ҳам маълумот берилган. Сариқликнинг ривожланиш сабаби сафро йўлларининг тиқилиши билан изоҳланган. Рус олими С.Боткин бу касалликнинг юқумлилигини кўрсатиб берган ва узоқ йиллар давомида бу хасталик “Боткин касаллиги” деб ҳам юритилган. Кейинги йилларда вирусология фанининг тараққиёти туфайли “сариқ касаллиги” деб номланган хасталикнинг қўзғатувчиси вирус эканлиги исботланди. Шу боис ҳозирда бу касаллик “вирусли гепатитлар” деб юритилмоқда.

ВИРУСЛИ ГЕПАТИТЛАР ВА ЖИГАР ХАСТАЛИКЛАРИ ҲАҚИДА

Вирусли гепатитлар – жигар ҳужайраларининг вирус таъсирида зарарланиши, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, турли клиник ва лаборатор ўзгаришлар билан кечадиган вирус табиатли юқумли касалликлар гуруҳидир.

Замонавий юқори технологик текшириш усуллари вирусли гепатитларнинг А, В, С, D ва Е турларини аниқлаш ва уларнинг ўзига хос жиҳатларини чуқур ўрганиш имконини берди. Кейинги йилларда илмий адабиётларда вирусли гепатитларнинг F ва G турларининг мавжудлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда.

А гепатитнинг қўзғатувчиси юқумли ичак касалликларининг оддий қўзғатувчилари гуруҳига мансуб бўлиб, у суст концентрацияли хлорамин эритмаси ёки ультрабинафша нурлар таъсирида нобуд бўлиши мумкин. Юртимизда А вирусли гепатит учун кузги-қишки ва қишки-баҳорги мавсумийлик хосдир.

Ушбу касаллик яширин даврининг охири ва касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлган кунлари кўп миқдорда пешоб ва нажас билан ташқи муҳитга ажралиб чиқади. Касаллик асосан сариқлик билан кечади. Дард грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) ва овқатдан заҳарланиш аломатларига ўхшаб бошланиши мумкин. Сариқлик даври бошлангандан кейин бемор касаллик тарқатиш нуқтаи назаридан атрофдагилар учун хавфли бўлмайди. А вирусли гепатит ўткир юқумли касаллик бўлиб, хасталикнинг сурункали тус олиши бу дард учун хос эмас. Хасталик асосан болаларда учрасада, катталар ҳам бу касалликни юқтириб олишлари мумкин. Бундай ҳолларда касаллик катталарда болаларга нисбатан оғир кечади ва узоқ давом этади. А вирусли гепатит билан оғриб тузалган кишиларда турғун иммунитет ҳосил бўлади. Яъни, улар иккинчи марта бу касаллик билан оғримайди. Лекин, А вирусли гепатит билан илгари оғриган одам кейинчалик В, С, D ва Е вирусли гепатитлар билан оғриши мумкин. А вирусли гепатитга ҳам қарши эмлаш жараёнининг қўлланилаётганлиги боис олдинги йилларга нисбатан мазкур касаллик билан касалланиш даражаси бугунги кунда анча камайган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш орқали касалланиш кўрсаткичини анча камайтириш мумкин.

Яна ўқинг:  ГИПОАЛЛЕРГИК ПАРҲЕЗ

1984-1986 йилларда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг айрим вилоятларида вирусли гепатитлар авж олган кезларда гепатит касаллигини келтириб чиқарувчи маълум вируслар гуруҳига мансуб бўлмаган вирус аниқланди. Вирусли гепатитларнинг бу тури Е вирусли гепатит деб номланди. У Жануби-шарқий ва Марказий Осиёда кенг тарқалган. Е вирусли гепатит ҳам кўпроқ куз-қиш ойларида қайд қилинади. У асосан сув орқали тарқалади. Бу касаллик вақти-вақти билан тўсатдан авж олиши ва айниқса, ҳомиладор аёлларда оғир кечиши билан характерланади. Бу касаллик Ўзбекистонда камдан-кам ҳолларда учрайди. А ва Е гепатит вируслари соғлом киши организмига оғиз орқали ва маиший мулоқот орқали юқади.

ҚОН ОРҚАЛИ (ПАРЕНТЕРАЛ) ЮҚАДИГАН ГЕПАТИТЛАР

Асосий эътиборни парентерал – қон орқали юқадиган вирусли гепатитлар жалб этади. Бу гуруҳга В, С ва D вирусли гепатитлар киради. В, С ва D гепатит вируслари асосан қонда айланиб юриши боис, уларни “қонда туғилган гепатит вируслари” ҳам дейилади. Бу гепатитлар учун мавсумийлик хос эмас, улар йилнинг ҳамма фаслларида учраши мумкин. Чунки, В, С ва D вирусли гепатитлар асосан вирус сақлаган қон ва қон маҳсулотлари орқали юқади. Асосий юқтириш омиллари сифатида инвазив яъни, тери ва шиллиқ қаватларни бутунлигини бузиши мумкин бўлган муолажалар алоҳида ўрин тутади. Агар улар автоклавда етарли даражада стерилланмаган асбоб ва буюмлар орқали амалга оширилса ушбу гепатитни юқтириш эҳтимоли юқори бўлади. Касаллик юқишида жуда майда жароҳатлар ҳам катта аҳамиятга эга. Сартарошлик, маникюр, педикюр ва бошқа шу каби муолажалар стерилланмаган буюмлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилса ҳам В, С ва D вирусли гепатитлар юқиш хавфи мавжуд.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, В гепатит вируси парентерал йўлдан ташқари, жинсий йўл билан ҳам юқиши мумкин. Мазкур вирус ташқи муҳитга юқори даражада барқарордир. У на иссиқда ва на совуқда нобуд бўлади: –200 С даража совуқ ҳароратда 10-20 йил яшаб, ҳатто бир неча йил муқаддам музлатиб қўйилган зардоб эритилганида ҳам ўз фаоллигини сақлаб қолиши фанда аниқланган, 1000 С даражагача қиздирилганида ҳам ушбу вирус ярим соатдан зиёд яшаб туради.

Зардоб гепатити билан оғриган барча беморлар қонида В гепатит вирусининг ҳар доим ҳам бўлавермаслиги ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ маълум эди. Бироқ, мазкур турдаги гепатитни келтириб чиқарувчи янги вируснинг табиати 90-йилларгача маълум эмас эди. 1989 йилнинг охирларида Америка қўшма штатларида С гепатит вируси аниқланди. Бугунги кунда С гепатит вирусининг ниҳоятда “маккор” вирус эканлиги маълум. У жуда ҳам ўзгарувчан бўлиб, инсон организмида янги вирус нусхаларини ҳосил қилиши мумкин. Натижада, беморнинг иммун тизими ҳимоявий антителолар ишлаб чиқаришга улгурмайди. Шу сабабли бу касаллик асосан сурункали кечади. Бу вирус жигарга ўта яширин ва эҳтиёткорона таъсир кўрсатиб боради. Шунинг учун касалликнинг оғир асоратлари орадан анча йил ўтгандан кейин маълум бўлади.

Яна ўқинг:  Қандли диабет: бемор парваришида умумий тавсиялар

D вирусли гепатитнинг қўзғатувчиси инсонда касаллик чақирадиган вирусларининг биронтасига ҳам ўхшамайди. Мазкур вируснинг асосий хусусияти шундан иборатки, у мустақил равишда касаллик чақира олмайди. Бу вирус инсон организмига тушиши ва касаллик чақириши учун ёрдамчи вирусга муҳтождир. Ёрдамчи вирус вазифасини В гепатит вируси бажаради. D гепатит вируси В гепатит вирусининг ташқи қобиғига ўрнашиб олади. Шунинг учун ҳам D гепатит вируси фақат В вирусли гепатит билан оғриган беморларда ёки ушбу гепатит вируси антигенини ташиб юрувчиларда аниқланиши мумкин. Бу вақтда жигар битта эмас, балки иккита вирус таъсирида шикастланади.

Аксарият ҳолларда В, С ва D вирусли гепатитлар сурункали кечади ва узоқ йиллар давомида вируслар организмда яшасада, касаллик аломатлари сезилмайди. В, С ва D вирусли гепатитлар вақт ўтиши билан жигар циррози ва жигар саратони сингари жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Кўпинча лаборатория текширувлари натижасида қонда вируслар тасодифан аниқланади. Инсон бир вақтда битта эмас, бир нечта гепатит вирусини юқтирган бўлиши мумкин.

УШБУ КАСАЛЛИКНИНГ ҚАЙСИ ТУРЛАРИ САРИҚЛИК БЕЛГИСИ БЎЛМАСДАН КЕЧАДИ?

Вирусли гепатитлар ўткир ва сариқлик билан кечганда касалликка ташхис қўйиш қийинчилик туғдирмайди, лекин касалликнинг сариқликсиз турларида ва аксарият ҳолларда клиник белгиларсиз сурункали кечадиган парентерал вирусли гепатитларга ташхис қўйиш лаборатория текширувларига асосланади. Вирусларни аниқлаш бўйича лаборатория текширувлари замонавий юқори технологик текширув усулларига эга бўлган махсус лабораторияларда амалга оширилади. Кейинги йилларда вирусли гепатитларни аниқлашда замонавий текшириш усуллари ҳисобланган ИФТ (иммунофермент таҳлил) ва ПЗР (полимераза занжир реакцияси) кенг қўлланилмоқда. Бундай текширувлар вируснинг турини аниқлаш, касаллик оқибатини олдиндан айтиш ва вакцина ишлаб чиқиш учун муҳимдир.

Вирусли гепатитларни даволашда режимга риоя қилиш ва парҳез таомлар истеъмол қилиш катта аҳамиятга эга. Беморларга кефир, ширин ва янги ивитилган қатиқ, янги творог, кўк чой, гази чиқариб юборилган минерал сувлар тавсия қилинади. Организм учун табиий мева ва сабзавотлар ҳамда уларнинг шарбатлари жуда фойдалидир. Истеъмол қилинадиган овқат осон сингадиган бўлиши лозим. Гўшт ёғсиз, қийма ва қайнатиб пиширилган ҳолда буюрилади. Ҳар қандай кучли овқатлар, қовурилган тухум ва балиқ, нордон карам, тузланган помидор ва бодринглар ҳамда консерваларни истеъмол қилиш ман этилади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш жигар ҳужайраларига жиддий зарар етказади. Юқоридагиларга амал қилиш жигар фаолиятини тез тиклашига ёрдам беради ва унинг ҳимоя кучини оширади.

Яна ўқинг:  МАСОФАВИЙ ВИДЕО МАСЛАҲАТ

Сурункали вирусли гепатитлар билан оғриган кишилар доимо шифокор назоратида бўлишлари зарур. Бу касалликка чалинган кишилар оғир жисмоний меҳнатдан озод қилинадилар. Чунки, жигар ҳужайралари зўриқишга жуда сезгирдир.

ЭМЛАШ – ХАСТАЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА МУҲИМ ОМИЛ

Профилактика мақсадида эмлаш препаратларини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар вирусли гепатит ривожланишидаги янги ва муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда ҳар икки турдаги вирусли гепатит (А ва В вирусли гепатитлар)га қарши жуда самарали вакциналар мавжуд. Улар сабабли касаллик анча камайди.

Мамлакатимизда В вирусли гепатитга қарши эмлаш Миллий эмлаш тақвимига киритилган бўлиб, бугунги кунда барча болалар бу касалликка қарши эмланмоқда. Мазкур турдаги гепатит билан касалланиш таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда болалар ўртасида бу касаллик деярли учрамайди. Зеро, бола туғилганида ва ёшига етгунигача бўлган давр мобайнида шундай вакцина билан эмланади. Эмланган болалар вирусга қарши ҳимоявий антителога эга бўлади ва ушбу касалликдан сақланади.

Аллаберган БАЙЖАНОВ,

Вирусология илмий текшириш институти катта илмий ходими,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: