НОНДАЙ АЗИЗ, ҚОРДАЙ МУСАФФО
Йодланган ош тузи истеъмоли кони фойдами?
Қадим-қадимдан ота-боболаримиз эъзозлаб, кўзларига суртиб келаётган тириклик манбаи жон қадар ардоқли табаррук нонни барча севиб истеъмол қилади. Юртга меҳмон аталмиш не-не улуғ дарғаларни минг бир тавозеда нон ила қаршилаганимизда ана шу бебаҳо неъмат ёнига қўйилган азизу мукаррам қор мисол оппоқ ош тузи ҳам иззату икром, меҳру муҳаббат рамзи ҳисобланади. Икки қўлда нон ушатиб, чимдим туз ила оғизга солинган луқма шу элга, шу Ватанга чексиз ҳурмат белгиси ҳисобланиши айни ҳақиқат. Чунки, бу умуминсоний қадрият белгисидир. Бу улуғ неъматни кундалик барча озиқ-овқат маҳсулотларимизда қўлланилишини ҳисобга олсак, унинг соғлиғимиз учун қанчалик бебаҳо эканини англаймиз. Чунки, ош тузи йод танқислиги касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, йод танқислиги касалликлари организмда йод моддаси етишмаслиги сабабли юзага келади. Ушбу хасталикнинг асосий белгилари бўйинда шиш пайдо бўлиши, нафас сиқиши, ҳолсизлик ва хотиранинг сусайиши каби белгилар орқали намоён бўлади. Келинг, яхшиси бу борада Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Мурод РАШИДОВнинг фикри билан ўртоқлашсак.
– Ош тузи калий йодиди ёки калий йодати ёрдамида йодланар экан. Бунда ош тузининг таъми ва ранги ўзгарадими?
– Бутун дунёда ишлаб чиқариладиган ош тузи асосан денгиз сувидан олинади ва унинг таркибида табиий равишда йод бўлади. Сув билан бирга йод ҳам буғланади. Ош тузига йод қўшиш билан биз денгиз тузининг табиий таркибини тиклаймиз, холос.
Йодни ош тузи билан аралаштириш хавфсиз ва оддий усул саналади. Ош тузини йодлаш (калий йодиди ёки калий йодати ёрдамида) тузнинг таъми, ҳиди ва рангини ўзгартирмайди. Бошқача айтганда йодланган ва йодланмаган ош тузлари деярли фарқ қилмайди. Уни йодлаш нархи арзон. 1кг ош тузини йодлаш 2-7 АҚШ центига тўғри келади. Кўп давлатларда у ош тузи қолдиқ нархининг 5 фоиз кам кўрсатгичига тўғри келади.
Бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан фарқлироқ, ош тузини ишлаб чиқариш марказлаштирилган. Ушбу марказларда ош тузини йодлаш натижасида аҳолини физиологик меъёрда йодланган ош тузи билан тўла таъминланишига кафолат бериш мумкин.
– Йодид-100, йодид-200, антиструмин каби таркибида йод тутувчи таблеткалар ёрдамида йод етишмаслиги касаллигининг олдини олиш мумкинми?
– Таъкидлаш лозим, таркибида йод тутувчи таблеткалар (йодид-100, йодид-200, антиструмин ва бошқалар) йод етишмаслиги касалликларини давлат миқёсида ҳал қилиш имкониятини бермайди. Чунки, бу катта сарф-харажатларни талаб қилувчи усул бўлиб, аҳолининг барча қатламларини бу дори воситалари билан қамраб олиш мумкин эмас. Уни фақат хавф гуруҳларига, яъни болалар ва ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга тавсия этиш мумкин. Шунинг учун сифатли йодланган ош тузи билан аҳолини тўлиқ таъминлаш мутасадди ташкилотларнинг асосий мақсади бўлиши лозим.
– Эндемик бўқоқ хасталиги асоратлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхши. Эндемик бўқоқ хасталиги оғир асоратларга олиб келади. Айниқса, йод моддасининг етишмаслиги кучли бўлган минтақаларда мазкур касаллик билан оғриган аёлларда ҳомиланинг нобуд бўлиши, шунингдек, бепуштлик кузатилади, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойи давомида ҳомиладор аёлнинг организмида йод етишмаслиги бўлғуси фарзанд миясининг яхши ривожланмаслигига олиб келади. Бундай болалар кўпинча ақли заиф туғилади.
– Айни вақтда йод етишмаслигининг олдини олиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Истиқлол йилларида Президентимизнинг ташаббуси билан ҳозирги Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди ва унинг асосий вазифаси эндемик бўқоқга қарши курашишнинг илмий асосланган усулларини ишлаб чиқариш экани белгилаб қўйилди. Шунингдек, қалқонсимон без физиологияси ва унинг касалликларини ўрганишга доир чуқур фундаментал тадқиқотларни ўтказиш билан бир қаторда ҳудудларда эндемик бўқоқнинг тарқалиши бўйича экспедициялар иш бошлади.
“Йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганидан кейин 2009-2010 йилларда навбатдаги йирик масштабда эпидемиологик тадқиқотлар қайта ўтказилди. Бу изланишларда Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва ҳудудлардаги эндокринология диспансерлари шифокорлари билан ҳамкорликда 60 минг нафардан зиёд мактаб ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилди. Олинган натижаларга кўра эндемик бўқоқнинг тарқалганлиги 41,1 фоизни ташкил этди. Яъни, эндемик бўқоқ тарқалиши 1998 йилга нисбатан деярли 2 марта камайишига эришилди. Йодурия кўрсаткичи 72 фоиз аҳолида меъёрлашишига эришилди.
Бундан ташқари йодланган ош тузини ишлаб чиқариш бўйича саноатнинг бутун бир соҳаси йўлга қўйилган бўлиб, тузни қайта ишлаш саноатининг қатор корхоналари қайта қурилди. Бунинг самараси ўлароқ, эндемик бўқоқ билан касалланишнинг маълум барқарорлашувига эришилган.
Шунингдек, БМТнинг Болалар жамғармаси томонидан мамлакатимизга 20 та ош тузини йодлаш қурилмаси, 25 тоннадан зиёд калий йодати, 230 ош тузи таркибидаги ва пешобдаги йодни аниқловчи лаборатория асбоб-ускуналари ва реактивлар келтирилган. Мазкур лаборатория асбоб-ускуналари барча туман, вилоят ва шаҳар ДСЭНМларида ва Эндокринология институтида ўрнатилган. Кўрилган барча чора-тадбирлар ўз натижасини бериши табиий, аммо истеъмолчилар ҳам ўз навбатида харид қилаётган ош тузининг сифатига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Қуёш нурларидан ҳимоя этилган қуруқ ош тузида йод яхши сақланади. Намлиги баланд бўлган ош тузидан эса тез учиб кетади.
Йод етишмаслиги касалликлари инсоннинг энг кўп тарқалган хасталиклар сирасига киради. Дунёда 1,5 миллиардга яқин аҳоли мазкур хасталикка чалинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига асосан сайёрамизнинг 800 миллион аҳолиси қалқонсимон безнинг катталашиши (эндемик бўқоқ) билан касалланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига асосан инсоннинг йод моддасига бир кунлик эҳтиёжи янги туғилган чақалоқлар ва 2 ёшгача бўлган болалар учун 50 миллиграммни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2-6 ёшли болалар учун 90 мкг, 7-12 ёшли болалар учун 120 мкг. бўлиши лозим. 12 ёшдан катта болалар учун эса 150 мкг., аёллар ва эмизикли оналар учун 250 мкг. нормага эга бўлиши керак. Йод танқислиги муаммосининг олдини олиш учун организм бу моддани ҳар куни қабул қилиб туриши керак. Чунки, йод организмда синтез қилинмайди. Вужудда заҳира ҳолида ҳам узоқ вақт сақланиб турмайди.
Ош тузи таркиби ва навига қараб 97 фоиздан 99,7 фоизгача хлорли натрийдан иборат. У “Экстра”, олий, биринчи ва иккинчи навларга бўлинади. Айни вақтда мамлакатимизда 125 дан зиёд туз ишлаб чиқариш корхоналари рўйхатга олинган.
Дарҳақиқат, биз харид қилаётган нафақат ош тузи, балки бошқа ҳар бир маҳсулотни талаб даражасида эканлигига эътибор беришимиз, уларнинг сифати, назорат сертификати, яроқлилик муддати каби истеъмолдаги талабларига мослигига ишонч ҳосил қилишимиз даркор. Ана шундагина ўзимиз, фарзандларимиз ҳамда яқинларимиз соғлиғига катта эътибор қилган бўламиз.
Ботир БУЗРУКОВ,
ТошПТИ “Офтальмология” кафедраси мудири,
тиббиёт фанлари доктори, профессор:
– Маълумки, инсон организмига натрий хлор асосан ош тузи (натрий хлорид) таркибида киради. Ушбу минералларнинг моддалар алмашинувидаги ролига чуқурроқ эътибор берсак киши организмидаги натрий миқдори 15 гр. бўлиб унинг учдан бир қисми суякларда, қолган қисми эса ҳужайра ташқи суюқлигида, асаб ва мушак толалари таркибида бўлади. Натрий ҳужайра ичи ва тўқималараро моддалар алмашинувида муҳим рол ўйнайди, у (нордон) кислотали-ишқорий муҳит мутаносиблиги ва ҳужайра, тўқима ҳамда қоннинг осматик босимини бошқаради. Организмда суюқлик тўпланишига сабаб бўлади. Шунингдек, овқат ҳазм қилиш ферментларини фаоллаштиради. Ушбу минералга инсоннинг кундалик эҳтиёжи – 4-6 гр. ташкил қилади. Одам организми табиий озуқалар таркибидаги натрийни яхши ўзлаштиради. Лекин унинг миқдори жуда кам. Шунингдек, организм натрийни нон, овқат таркибидаги туздан олади. 2,5 гр. ош тузида 1 гр. натрий бор, 10-15 гр. ош тузида эса 4-6 гр. натрий бўлиб, у кундалик эҳтиёжни қондиради. Тузни меъёрдан артиқ истеъмол қилиш зарарли. Чунки, кўз кўриш қобиятини сусайтиради.
Шу билан бирга ортиқча туз тана аъзолари ҳамда тўқималарнинг зўриқиб ишлашига мажбур қилиб, улар фаолиятини бузади. Жумладан, кўзда учрайдиган оғир касалликлардан бири назла (глаукома) бўлиб, ушбу хасталикда инсон организми учун қабул қилинаётган туз миқдори жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, бу касалликда кўз ичи суюқлиги алмашинуви кескин бузилган бўлади. Меъёридан кўп туз истеъмол қилинганда кўзнинг ичида суюқлик миқдори кўпайиши натижасида кўз ичи босими ошиб кетади. Бунинг оқибатида кўриш майдони тораяди, кўриш ўткирлиги пасаяди ва қайтариб бўлмайдиган асорат – кўриш қобилиятининг йўқотишга олиб келади.
Жамила ҲАЙДАРОВА суҳбатлашди.