ХАЛОСКОР

Бугунги кунда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ўз ишига садоқатли, профессионал мутахассислар меҳнат қилмоқда. Ўзгалар дардига бефарқ одам ҳеч қачон қутқарувчи бўлолмайди. Чунки, қутқарувчилик – бу оддий касб эмас, балки инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзини қурбон қилишга, жасорат кўрсатишга ҳамиша тайёр туриш демакдир”. Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилганлигининг 15 йиллиги муносабати билан тизим ходимларига йўллаган байрам табригида таъкидланган юқоридаги фикрлар бугун соҳа вакилларининг юрак-юрагига сингиб улгурган.

Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) ҳамкорлигида юртимизда табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар хавфи мавжуд ҳудудларни ўрганиш, мониторинг қилиш, башоратлаш, хавфларни камайтириш, олдини олиш, содир бўлганда оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш борасида самарали тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан жойларда ўтказилаётган қатор профилактик тадбирлар, семинар ва учрашувлар, анжуманлар, Фуқаро муҳофазаси кунлари, Қутқарувчилар мусобақалари, қўмондонлик-штаб, тактик-махсус, кўргазмали ўқув машғулотлари фикримиз тасдиғидир.

Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) Қутқарув отряди қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Зуҳриддин Юсуповни ҳам ана шундай халоскорлар сирасига киритиш мумкин.

Қаҳрамонимиз 1965 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1983 йилда Наманган шаҳридаги 136-сонли ҳунар-техника билим юртини тамомлаган. ФВВ тизимида ўн саккиз йилдан бери хизмат қилиб келади.

У тизимдаги хизмат фаолиятини 1997 йил декабрь ойида Наманган вилояти ФВБ Наманган шаҳар ФВ бўлимида ҳайдовчи вазифасидан бошлаган. Мана, неча йилдирки, ўтган вақт оралиғида у бошқарма Қутқарув отрядида пўлатдек тобланди. Сафдошлари билан неча-нечалаб фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилди. Қанчалаб инсонларга умид ва ишонч бағишлади. Қатор шогирдларни тарбиялади. Бошқарма жамоасининг фахрига айланди.

– Қутқарувчи Зуҳриддин Юсупов барчамизнинг устозимиз. Улар бошқармада кўп йиллик тажрибага эга қутқарувчи сифатида муносиб ҳурмат-эътибор қозонган. Ўз ишига доимо талабчан, сафдошларидан ҳам шуни талаб қилади. Ўзининг қимматли маслаҳат ва тавсияларини ҳеч қачон аямайди. Ташкилий тадбирларда ҳамиша фаол ташкилотчи ва ташаббускор ходим , – дейди вилоят ФВБ Қутқарув отряди командири катта лейтенант Умид Шорустамбоев.

Дарҳақиқат, унинг ғоят машаққатли, хайрли ва савобли хизмат фаолияти 2009 йилда Юртбошимиз фармонига асосан “Шуҳрат” медалига муносиб деб топилди.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ ВА НАВҚИРОН

– Бу менинг эмас, балки мен билан бирга, ёнма-ён турган қутқарувчи укаларим, дўстларимнинг жасорати, бошқарманинг барча фидойи ходимлари фаолияти учун берилган юксак баҳо, – деганди ўшанда қаҳрамонимиз. – Бу эътибор барчамизни янада шижоат билан ишлаш, эл-юрт манфаатлари учун бор куч-имкониятларимизни сафарбар этиш сари ундайди.

Ҳа, бундай эзгу ниятли инсонларнинг босиб ўтган хайрли йўлларига ҳавас кўзи ила боқар эканмиз, уларни чинакамига жасорат соҳиблари, матонатли Ватан ҳимоячилари, дея атагимиз келади.

Шундай экан, яқинлашиб келаётган 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида уларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик доимо ёр бўлишини чин юракдан тилаймиз.

Дилшод РАЖАБОВ,

Баҳодир ВАЛИЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: