ЎСПИРИНЛИК – НОЗИК ДАВР
Инсоннинг дунёга келиши ҳақиқий мўъжизалардан биридир. Кечагина бутун борлиққа жар солиб ўзининг туғилгани ҳақида маълум қилган гўдак зум ўтмай оёққа тура бошлайди. Дунёнинг ширин ташвишлари билан андормон бўлиб ота-она жажжигина фарзандлари қандай қилиб улғайиб, болалик, сўнгра эса ўсмирлик палласига етиб қолганини сезмай ҳам қолишади.
Доно халқимизда бир нақл бор: боланг кичик бўлганида унинг ташвишлари ҳам кичикдир, ўғил-қизинг улғайса, уларнинг ташвишлари ҳам шунчалик катталашиб бораверади.
Физиологик нуқтаи-назардан олиб қаралса, ўсмирлик даврини бошидан кечираётган ўғил-қизларимизнинг организми ниҳоятда жадал ривожланади. Айнан шу даврда уларда иккиламчи жинсий белгилар шакллана бошлайди. Уларнинг руҳиятида жуда жўшқин жараёнлар юз беради, дунёқарашлари ўзгаради. Ушбу жараёнларнинг барчаси ўсмирларнинг асаб тизимига жуда катта юклама бўлади. Ўсмирлик даврини бошидан кечираётган ўғил-қизлар серзарда, баъзида эса тажовузкор бўлиб қолишади. Шу кунгача оғир-босиқ боласининг бирданига бу зайлда ўзгариб қолиши аксарият ота-оналарни шошириб қўяди. Катталар ўсмир фарзандларига қандай муомала қилиш лозимлигини билмайдилар. Умуман олганда ўсмирлик палласидаги ўғил-қизларга нисбатан катталар эҳтиёткор, мулоҳазали, бардошли бўлиши даркор.
Бу вақтда организмда бир қатор гормонлар ишлаб чиқарилиши кучаяди.
Ўғил болаларда ўтиш даври қиз болаларникига қараганда бир-икки йилга кечроқ бошланади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимизки, ўсмирлик даврининг аниқ чегаралари йўқ. Бундан ташқари, бу даврдаги ўзига хос хусусиятлар ҳар бир болада турлича ифодаланади. Чунки, ҳар бир одам организми ўзига хос ритмлар асосида ривожланади. Мутахассисларнинг фикрича болаликдан ўсмирликка ўтиш даври 10-11 ёшдан бошланиб 15-17 ёшгача давом этиши мумкин.
Болаликдан ўсмирликка ўтиш даврини психологлар ҳам, шифокорлар ҳам ниҳоятда мураккаб психо-физиологик жараёнлар даври деб эътироф этишади. Мутахассислар ўтиш даврини нисбий равишда учта босқичга ажратиш мумкин деб ўргатишади. Биринчи босқич – психо-физиологик жиҳатдан юз бериши кутилаётган мураккаб ўзгаришларга тайёрланиш даври. Иккинчи босқич – том маънодаги ўтиш даври бўлиб, учинчи босқичда психо-физиологик жиҳатдан юз берувчи ўзгаришлар якунига етади. Ушбу даврда ўғил ва қиз болаларнинг бир-бирига нисбатан муносабати ўзгаради, қизиқиши ортади. Улар ўзининг ташқи қиёфасига жуда эътиборли бўлиб қоладилар.
Ўтиш давридаги болалар олдида жуда мураккаб вазифа кўндаланг туради – болалик билан хайрлашиб катталарнинг оламига қадам ташлашга тўғри келади. Бундай ҳолатда бола бўлиб бола эмас, катта бўлиб катта эмас мақомидаги одамга энг аввало, ота-оналарнинг, қолаверса, катта ёшдаги яқинларининг ёрдами жуда зарур.
Уларга ўсмирлик даври хусусиятлари ҳақида катталар маълумот бериб, тиббий рисола ёки китобча совға қилишлари зарур.
Болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида ўғил ва қизларнинг руҳиятида кескин ўзгаришлар юз бериши мумкин. Уларнинг болаликда таниш бўлган дунёси бирдан ўзгариб мутлақо нотаниш бир қиёфа касб эта бошлайди. Шиддат билан ўзгариб бораётган ташқи олам таассуротларини идрок этиш ва қабул қилиш улар учун анча қийин кечади. Бундай вақтда уларга катталарнинг мадади ва кўмаги жуда зарур. Бунинг учун ўсмирларнинг оиласидаги катта ёшли одамлар ўтиш даврининг ўзгаришлари ҳақида тушуниб олишлари даркор.
Болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида кузатиладиган ўзгаришлар биринчи галда ташқи қиёфада акс этади. Бу ўзгаришлар ўғил ва қиз болаларда бир хил бўлмайди. Ташқи қиёфадаги ўзгаришлар кўп жиҳатдан физиологик жараёнлар билан боғлиқ бўлади.
Ўсмирлик даврига қадам қўйган болаларда ўтиш даври бошланганлигидан уларнинг ташқи қиёфасида кузатиладиган ўзгаришларгина далолат бермайди. Бу даврдаги муҳим ўзгаришлар болаларнинг руҳиятига ҳам таъсир қилиши ҳақида айтиб ўтгандик. Шу боисдан ҳам уларнинг феъл-атвори кескин ўзгариб қолиши мумкин. Кечагина мулойим, эътиборли, одобли болажоннинг феъл-атвори бирданига ўзгариб терслик қилиши, айни вақтда у серзарда, ҳар нарсадан гумонсирайдиган, қўпол, осонгина хафа бўладиган, ҳуда-беҳудага баҳслашадиган бўлиб қолади.
Болаликдан ўсмирликка ўтиш даври жараёнларини бошдан кечираётган болажонлар эмоционал жиҳатдан беқарор (жуда ўзгарувчан), максималист (ўзига ва атрофидагиларга нисбатан ҳаддан ортиқ талаблар қўядиган), қайсар ва қўпол, баъзида сурбетлик қилишдан ҳам тоймайдиган бўлади. Болаларимизнинг бундай феъл-атворига нисбатан нотўғри муносабат қилишдан аввал уларнинг организмида жуда кучли гормонал ўзгаришлар кечаётганини ёдга олинг ва бироз ҳовурингиздан тушинг.
Ўтиш давридаги болажонларнинг бутун борлиғи – психо-соматик ҳолати, феъл-атвори, дунёқараши ўзгаради. Болажонларнинг руҳиятида юз бераётган кескин ўзгаришлар табиийики, уларнинг сиҳат-саломатлигида ҳам акс этади. Аслини олганда, бу даврда юзага келадиган барча муаммолар негизида кескин психологик ва физиологик ўзгаришлар ётади. Болажонларимиз бу ҳолатни нима эканини яхши англай олмайдилар ва шу боисдан улар тажанг бўлиб қолади. Болаликнинг ширин оғушида юрган одам бирданига даҳшатли бўҳрон қаърига тушиб қолиб унинг оқибати нималар кутаётганини билолмай ҳайрон бўлган ҳолатни тасаввур қилиб кўринг. Ўтиш даври кечинмалари болажонларимиз учун айнан шундай синовлар даврига айланади. Табиийки, бундай вазиятда болажонларимизнинг шикаста диллари ҳам, нозик жуссаси ҳам бирдек озор чекади. Ўсмирлар тез-тез турли хил касалликларга чалиниши мумкин. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, ўтиш давридаги хасталиклар аксарият ҳолларда организмнинг айрим аъзолари жуда жадал суръатлар билан кечаётган психо-физиологик ўзгаришларга мос равишда ривожланишга улгуролмай қолиши оқибатида келиб чиқади. Ўсмир организмидаги жараёнлар билан ички аъзоларнинг ривожланиб етилиши меъёрга тушиши оқибатида бу касалликлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Ўсмирлик палласида ўғил ва қизларимизни безовта қиладиган муаммолардан (дард деса ҳам бўлаверади) бири бу гормонал ўзгаришлар кескинлашиши оқибатида юз ва бадан терисида кузатилиши мумкин бўлган тошмалар (ҳуснбузар)лардир. Бундан ташқари, аксарият ҳолларда ўсмирларимизни вегетатив қон тизими фаолиятининг бузилиши (дистония), ўтиш даври учун хос бўлган депрессия(руҳий тушкунлик)лар безовта қилади.
Вегетатив қон тизими фаолиятининг бузилиши (дистония) — одам организмида ички мувозанатни сақлашга хизмат қиладиган вегетатив асаб тизими фаолиятининг издан чиқишидир. Одатда одам организмининг функционал фаолиятидаги бундай бузилишлар жуда кучли кечаётган гормонал жараёнлар, психо-эмоционал зўриқишлар таъсирида рўй беради. Клиник нуқтаи назардан олиб қаралса, бундай ўзгаришлар ҳақида юракнинг жуда тез уриши, бош айланиши, ҳаддан ортиқ даражада тер ажратиш, қон босимининг пасайиб кетиши, қорин соҳасида турли хил оғриқлар, жунжикиш, организмнинг тез чарчаб қолиши, серзардалик каби аломатлар дарак беради. Умуман олганда ўтиш даври тугаши билан юқорида айтиб ўтилган клиник аломатлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади.
Ўтиш даври учун хос бўлган ҳуснбузарлар ўғил ва қиз болаларнинг юз, елка, кўкрак соҳасида, камдан кам ҳолларда тананинг бошқа соҳаларида пайдо бўлиши мумкин.
Ўспиринларда яна бир ўзига хос муаммо юзага чиқиши мумкин. Гап шундаки, бу даврда қиз болаларда скелет ҳамда мушаклар умумий массасининг ўсиши кузатилади. Шу муносабат билан организмда ортиқча вазн йиғилади. Ёш қизчалар бундай ҳолатни жуда оғриниб қабул қилиши эҳтимоли бор. Ахир, ўтиш даврида қиз болалар ўзининг ташқи қиёфасига ниҳоятда катта эътибор берадиган бўладилар. Ўсмирлик палласига қадам қўяётган қизларимиз атрофдагиларнинг, хусусан, ўғил болаларнинг уларга нисбатан қандай муносабатда бўлаётганини руҳий жиҳатдан жуда нозик ҳис этадилар. Шу боисдан ҳам ўтиш даврида ортиқча вазннинг ошиб кетишидан чўчиган баъзи бир қизлар ўзини овқатланишдан тийишади. Бундай зўрма-зўраки “парҳез тутиш”нинг оқибати жуда ёмон тугайди. Негаки, болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида ўсиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ бўлган организмдаги жадал ўзгаришлар таъсирида бутун умрга татигулик салбий оқибатлар (масалан, анорексия) юзага келиши мумкин. Илгарироқ айтиб ўтганимиздек, ўтиш даврида танадаги суяк ва мушаклар массаси ўзгаради. Тана оғирлигини кейинчалик меъёрга етказиб олиш мумкин бўлса, суяклар массасини ўзгартиришнинг имкони қолмайди.
Анорексия — ўсмирлик палласига қадам ташлаётган ёш организм учун ниҳоятда ёқимсиз оқибатларни келтириб чиқарадиган касаллик. Бундай нохушликнинг олдини олмоқ учун ўсмир ёшидаги болаларнинг ота-оналари ўз фарзандарининг еб-ичишига, кун тартибини тўғри ташкил қилишига алоҳида эътибор бермоқлари даркор.
Ҳурматли ота-оналар, оилангизда ўсмирлик палласига қадам ташлаётган қиз болалар бор бўлса, улар билан муносабат жараёнида бехосдан болангизнинг дилига жароҳат етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг.
Болалик билан хайрлашиб аста-секин ўсмирлик даврига кириб бораётган ўғил болаларнинг характерли муаммолари асосан нисбатан олганда ошиб бораётган жисмоний куч-қувват ҳис этилиши ҳамда жинсий жиҳатдан улғайиш жараёнларининг фаоллашуви билан узвий боғлиқ. Бу ёшдаги ўғил болалар бутун дунё аҳлига улғайиб қолгани ҳақида жар солгиси келаверади. Бунинг оқибатида улар психик жиҳатдан ортиқ даражада зўриқиб қолишади. Ўсмирлик поғонасида ўғил болаларнинг характери кескин тарзда ўзгариб қолади. Ўсмирлар ўзини худди катталардек тутишга интилишади, аммо улар психо-физиологик жиҳатдан катта ёшдаги одамлар учун хос бўладиган лаёқатларга тўлиқ эга бўлмагани боис доимо ички зиддият ҳолатида юришади. Оқибат натижада уларнинг феъл-атворида ўта даражадаги асабийлик, ҳаттоки тажовузкорлик кўзга ташлана бошлайди. Бу даврдаги болажонлар психикасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар мутаносиблиги шаклланиб улгурмаган бўлади.
Турли хил ички зиддиятлар таъсири исканжасига тушиб қолган ўғил болалар аксарият ҳолларда одамларга аралашмайдиган (одамови), қайсар, жуда уятчанг ёхуд аксинча, жуда тажовузкор, бебош бўлиб қолади. Бу даврда ўсмирларга оилавий муҳитнинг таъсири анча салмоқли бўлади. Оилада ўзаро тотувлик, ҳурмат ва самимийлик ҳукмрон бўлса, ўсмирлар ўзининг ички зиддиятларини бирмунча юмшатиши, феъл-атворини ижобий томонга ўзгартириши мумкин бўлади. Оилавий муҳит оғир бўлса, аксинча ўсмирларнинг феъл-атворидаги салбий хусусиятлар янада кескинроқ кўриниш касб эта бошлайди. Болалар бебош бўлиб, кўчанинг таъсирига тушиб қоладилар.
Ҳурматли ота-оналар, муаммолари билан ёлғиз қолган болажонларимизга имкони борича далда беришимиз, уларга нисбатан сабр-бардошли бўлишимиз, меҳр бериб, суйиб-эркалаб, ардоқлаб катта қилган жигаргўшамизни асраб- авайлашимиз керак!
Шунингдек, уларнинг диққат-эътиборларини келажакда бирорта касб-ҳунар ўрганиш ёки олий маълумотли мутахассис бўлиб етиши ишлари учун ўқишга йўналтириш зарур.
Ҳалима Шукур қизи тайёрлади.