ИСТЕЪДОД ВА МЕҲНАТ – МУВАФФАҚИЯТЛАР АСОСИ

– Сарвинозни болалигида кўрган одам унинг келажакда спортчи бўлишига бироз шубҳа билан қарарди, – дейди теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сарвиноз Саидхўжаеванинг онаси Барно опа.

Аввал бошда акаларига эргашиб теннис кортларига қатнаб юрган қизалоқ аста-секин ўзида ҳам спортнинг мазкур турига бўлган муҳаббат шаклланиб бораётганини ҳис этди. Жажжигина қўлларига теннис ракеткасини тутганча тўп уришга уринаётган қизининг ҳаракатларини кузатган отаси Саидхўжа ака қизининг келажаги спорт билан боғлиқ эканини ўшанда пайқаган эди.

– Биринчи устозим отам, – дейди теннис бўйича кўплаб халқаро турнирлар ғолибаси Сарвиноз Саидхўжаева. – У киши акаларим билан тинимсиз машғулотлар ўтар, уларни кузатиш эса менга завқ бағишларди. Мен ҳам ўзимча машқлар қилардим. Кейинчалик эса отам менга ҳам тенниснинг нозик сир-асрорларини ўргата бошлади. Рости, болаликдаги қизиқишим юртимиз байроғини халқаро ареналарда баланд кўтаришимга туртки берди.

Сарвиноз 1997 йил Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида спортчилар оиласида дунёга келди. Оиладаги спортпарварлик, соғлом муҳит, ўзаро аҳиллик самараси ўлароқ, у ота-онасининг фахри, юртнинг ифтихорли ёшларидан бирига айланди.

– Болалигимда телевизор орқали кўплаб спорт мусобақаларини томоша қилиш жараёнида спортчиларнинг ғолиблик шоҳсупасида туришларини, уларнинг мағрур нигоҳларини кўриб, “Мен ҳам, албатта, чемпион бўламан”, дея интилардим, – дейди Сарвиноз. – Ахир, бир қиз учун нуфузли турнирларда ғолиб бўлиш, элнинг назарига тушиш, энг муҳими, жонажон Ватани номини мудом илғорлар сафида туришида ўз ҳиссасини қўшишдан ортиқ бахт борми?!

Акалари билан Тошкентда ўтказилган теннис мусобақасига шунчаки томошабин сифатида келган Сарвинознинг қобилиятини ҳам синаб кўришга қарор қилишади. Натижада биринчи уринишдаёқ яхши натижа қайд этиб, ушбу мусобақада бешинчи ўринни эгаллайди. Ёш спортчи бу воқеани мамнуният билан эслайди. Боиси шу ютуқдан сўнг отаси Сарвинозда теннисни ўзлаштиришга туғма истеъдоди борлигини сезиб, уни “Истиқлол” теннис кортига етаклаб келди. Бу эса тез орада ўз натижаларини кўрсатди.

У 2004 йил Тошкент шаҳрида “Матлуба она” соврини учун ўтказилган мусобақада иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритади. Шундан сўнг Сарвинознинг теннис оламидаги “юриши” бошланади. 2004-2009 йиллар давомида Ўзбекистон Теннис федерацияси томонидан жадвал асосида ташкиллаштирилган мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгалаб борди. 2009 йил республика миқёсида ўтказилган “Олимпия умидлари” спорт мусобақасида иштирок этиб фахрли биринчи ўринни эгаллади ва Республика Олимпия заҳиралари теннис мактабига имтиёзли қабул қилинди.

Яна ўқинг:  Мурожаат қилган фуқаронинг кўзи ожиз ёки ўзи кар-соқов бўлса, қандай йўл тутилади?

– Қизимнинг теннисчи бўлишини хаёлимга келтиролмасдим, – дейди Сарвинознинг отаси Собирхўжа ака. – Қизим қатнаётган МТМ теннис корти билан ёнма-ён жойлашгани сабаб акалари билан машғулот ўтганимда уни ҳам олиб чиқардик. Ҳеч бўлмаганда зерикмасдан ўйнаб ўтиради, деб ўйлардик. Сарвиноз бўлса танаффус вақтида акаларининг ракеткасини олиб ўзича машқ қиларди. Жажжигина қизимизнинг ҳаракатларини кўриб у билан жиддий равишда шуғулланишга қарор қилдик.

– Сарвиноз спорт билан шуғулланиш жараёнида фақат фойда топди, деб ўйлайман, – дейди Барно опа. – Зеро, спорт орқали унда ўзига нисбатан ишонч, қатъият шаклланди. Шунингдек, саломатлиги мустаҳкамланиб борди, қомати ҳам тўғри ривожланди. Шу сабабдан қизимни спортга берганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Айниқса, чет элдаги мусобақаларга чиққанимизда иштирокчилар мени кўрсатиб “Бу Сарвинознинг онаси”, дейишганда кўнглимда чексиз фахр жўш уради. Кўзларимга беихтиёр ёш келади. Қизимни дунёга танилаётгани, унинг қилган меҳнатлари беиз кетмаганидан қувонаман. Она учун боласининг муваффақиятларини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Қизимнинг ютуқларга эришишида эса ҳукуматимиз томонидан ёшларга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг ўрни беқиёс.

Аста-секин теннис оламида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган Сарвиноз дастлаб 2009 йил Туркманистон Республикасида бўлиб ўтган халқаро турнирда жуфтлик баҳсларида иккита биринчи ўрин, яккалик баҳсларида иккита иккинчи ўринни қўлга киритади.

Шундан сўн ҳар йили турли давлатларда бўлиб ўтадиган мусобақаларда иштирок этиш жараёнида совринли ўринларни эгаллаб, ўз рейтингини кўтариб боради.

Айниқса, 2012 йил Сарвиноз учун омадли келди. Шу йили у Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Республика чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритди.

2013 йил Фарғона шахрида ўтказилган “Fergana Cup ITF” халқаро турнирида 2-ўринни қўлга киритди. Ўша йилнинг ўзида Бангладешда ўтказилган ITF мусобақасида яккалик ва жуфтлик баҳсларида биринчи ўринни қўлга киритиб, ўз орзулари сари навбатдаги дадил қадамни ташлади.

– Қиз бола учун спорт ҳар томонлама фойда деб ҳисоблайман, – дейди Сарвиноз. – Юртимизда аёллар спортига, аёллар саломатлигига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шу сабабдан биз ҳам ана шу ғамхўрликка муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. Турли давлатларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганимда она Ватаним байроғи остида унинг мадҳиясини тинглаб кўзларимдан ёш чиқади. Бу ёш, шубҳасиз, миннатдорлик белгиси. Шу кунгача эришган ютуқларимда ота-онам, устозларим билан Ватанимнинг ҳам ҳиссаси беқиёс эканини англайман.

Яна ўқинг:  Миннатдорлик мактуби

Соғлом онадан – соғлом бола туғилади. Шу сабабдан юртимизда қизларни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом қилиб вояга етказиш йўлида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги қизларимиз бўлғуси оналар эканини ҳис қилган ҳолда спорт билан мунтазам шуғулланиб боришлари лозим. Зеро, саломатлик ва спорт бир-бири билан узвий боғлиқдир.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: