Нурота – нурли манзиллар макони

Мамлакатимизнинг қай бир гўшасига назар солмайлик, у ўзининг ажойиб тарихий иншоотлари, қадамжолари,зиёратгоҳлари билан бизни ўзига мафтун этади. Бундай зиёратгоҳлар ҳақида эшитган киши борки, уни кўришга ошиқади. Ана шундай масканлардан бири Навоий вилоятида жойлашган Нурота зиёратгоҳидир. Бу зиёратгоҳ йилнинг тўрт фаслида ҳам одамлар билан гавжум бўлади. Мазкур нурли масканда юртимизнинг шаҳар-у қишлоқларидан, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган саёҳатчиларни учратиш мумкин.

АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ

Тарих саҳифаларига Нур шаҳри дея муҳрланган Нурота Ўзбекистоннинг муқаддас шаҳарларидан биридир. Кўҳна ва мўйсафид Нур шаҳри ҳақида кўплаб афсона ва ривоятлар тўқилган. Манбаларнинг бирида: “Нур шаҳрида кечаси осмонга нур таралиб туради, шу боис Нурато деб аталади” дейилса, бошқасида “Бу жой муқаддас макон, у ерда кўплаб авлиёлар етишиб чиққанлиги боис шундай номланади”дейилган. Бошқа ривоятларда эса “Нурато чашмаси тубидан ажабтовур нур дастаси осмонга кўтарилиб турганлиги сабабли шаҳар номи шунга ишора” деб битилган.

Тарихий манбааларда келтирилишича Нурато араб ва форс-тожик тилларида “нур” ва “ато” сўзларидан ташкил топган бўлиб, “ёруғлик” таратадиган, яъни нур ато этадиган жой маъносини англатади. Унинг иккинчи – Нурато атамаси чашма соҳилида дафн этилган Нур ота – Шайх Абулҳасан Нурийга таалуқлидир. Мазкур шаҳар Хитой билан Европани боғлаган “Буюк ипак йўли”даги энг гўзал манзилгоҳлардан саналади. У карвонлар тўхташи учун қулай ва бехатар жой ҳисобланган. Карвонлар нафақат савдо, балки шифобахш чашма сувидан мешларга ғамлаб олиш учун ҳам бу масканга тўхтаб ўтишган.

ШИРМОҲИ БАЛИҚЛАР ФАҚАТ НУРОТАДА

“Унинг ғаройиб, мўъжизали қудрати олдида лол қолади киши. Эрталабки қуёшнинг шаффоф нури таъсирида чашма узра бамисоли кўзгудан акс этаётган беҳисоб сержило нурлар барчани сеҳрлаб, худдики куч-қувват ато этади” – дейди нуроталик зиёратчилар. Чашмадан сув юзасига кўтарилган балиқлар ўзининг қувноқ рақси билан порлаб турган нурни гўё янада баландроққа ёғдулантиради.

Тиниқ ва мусаффо сувда сузиб юрган балиқлар ҳақида тўхталмасдан илож йўқ. Сабаби бу балиқларни маҳаллий халқ ва зиёратчилар муқаддас деб билишади. Балиқларни кузатар экансиз, руҳингиз енгиллашиб кўнглингиз равшан тортади. Вужудингиз дарддан фориғ бўлгандек енгил тортасиз.

НУР ЧАШМАСИ

Денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган муқаддас чашма бутун Ўзбекистон халқининг ардоқли гўшасидир. Чашма узра товланаётган нурнинг инсонлар кўз ўнгида турли ранг ва турли шаклда пайдо бўлишининг ўзи бетакрор мўъжизадир. Ҳар куни минглаб зиёратчилар бу ерда ҳордиқ чиқаришади.

Яна ўқинг:  МАЪРИФАТГА ИНТИЛИШ халқимизнинг азалий одатларидан биридир

Чашма сувининг рангсиз, ҳидсиз, юмшоқ ва ширинлиги, ҳароратининг муттасил қишин-ёзин +19,5 С даражада бир хиллиги, ҳар лаҳзада 360-400 литр сиғимда қайнаб чиқиб туриши, серсувлиги, таркибида турли шифобахш микроэлементларининг мавжудлиги бир қатор хасталикларга шифодир.

Хуршида ҲУСЕНОВA

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: