ОИЛАДАГИДЕК МУҲИТ, РИСОЛАДАГИДЕК ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ

Мустақилликлик йилларида Ўзбекистонда болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга доир мукаммал ҳуқуқий тизим яратилди. Халқаро ҳужжатлар амалдаги миллий қонунчиликка тўла имплементация қилинди. Жумладан, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган, яъни ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, имконияти чекланган болалар масаласига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Болаларни ижтимоий қўллаб– қувватлаш ва реаблитация қилиш бўлими мудири Ҳури Қолбоева билан шу хусусда суҳбатлашдик.

Ҳури опа, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган, яъни, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш, ўқитиш ва ижтимоий ҳимоя қилишга доир меъёрий ҳужжатлар хусусида тўхталиб ўтсангиз.

– Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни баркамол авлод сифатида тарбиялаш масалалари мамлакатимизда асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу эзгу ишлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Таълим тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, “Оила” кодекси, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон болаларининг фаровонлигини таъминлаш” бўйича ҳаракат дастурининг узвий давоми бўлган “Болаларни тарбиялашни такомиллаштиришга, соғлом ва баркамол авлодни такомиллаштиришга қаратилган вазифаларга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлар, шунингдек ота-она қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий ҳимояси ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор давлат дастурлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда. Ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган, яъни ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим тарбияси билан бирга уларнинг келажакда бирор касбни эгаллаб, турар-жойга эга бўлиб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишига юксак кўмак берилмоқда.

“SOS” Киндердорф Интернэшнл Халқаро ташкилоти ҳамкорлигида 2000 йил пойтахтимизда “SOS” – Ўзбекистон болалар маҳалласи” ташкил топган эди. Ўзини тўла оқлаган ушбу усул кейинчалик янада ривожлантирилди ва шаклан такомиллаштирилди.

– Жуда тўғри таъкидладингиз. 2006 йилда Самарқандда, 2013 йили Урганчда “SOS” – Ўзбекистон болалар маҳалласи” фаолият юрита бошлади. Ҳозир оила шароитига яқинлаштирилган бу усулда учала муассасада она ва бола тарбиясига масъул кишилар қарамоғида 267 нафар болага таълим-тарбия берилмоқда. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда республикамиздаги 23та “Меҳрибонлик” уйларидан иккитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги қарори билан Болалар шаҳарчасига айлантирилди. Улар Андижон ва Гулистон шаҳарларида жойлашган бўлиб, шаҳарчаларда 149 нафар бола оила шароитида тарбия олмоқдалар. Улар меҳрибон тарбиячи-она бошчилигида 6-8 нафардан иборат бир оила бўлиб, барча шароитларга эга алоҳида коттежларда яшаб келмоқдалар.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОНЛИК ОШПАЗ “ГИННЕСНИНГ РЕКОРДЛАР КИТОБИ”ГА КИРДИ

Оилавий кўринишдаги таълим-тарбия беришнинг янги муқобил шакли – “Оилавий болалар уйлари” ҳам шакллантирилди.

– Ҳа, бугунги кунда Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида иккита “Оилавий болалар уйлари” мавжуд бўлиб, уларда 12 нафар бола тарбия топмоқда. Болаларни маълум бир оилалар ўз қарамоғига олишган. Ушбу болалар ҳам худди “Меҳрибонлик” уйларидек давлат назорати ва таъминотидадирлар.

Дарҳақиқат, болалар ва ёшларнинг маънавий ҳамда жисмоний имкониятларини уйғунлаштириш ва уни эзгу-мақсадлар йўлида сафарбар этишга кўмаклашишга давлатимиз, жамиятимиз бирламчи вазифа сифатида қарамоқда. Ана шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси хусусида ҳам гапириб ўтсангиз.

– Бу йўналишдаги тарбияланувчиларга бўлган эътибор туфайли уларнинг барчаси академик лицей ва коллежларда, шунингдек кейинчалик баъзилари олий ўқув юртларида ўқишни давом эттирмоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент юридик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва бошқа олий ўқув юртларига “Меҳрибонлик уй” лари тарбияланувчиларидан 2007 йилда 12 нафар бола, 2009 йилда 14 нафар, 2011 йили 15 нафар, 2013 йилда 22 нафари талаба бўлди. Уларни мустақил ҳаётга тезда ўрганиб олишлари учун уй-жой билан таъминланашга ҳам алоҳида эътибор бериляпти, баъзи вилоятларда махсус “Ёшлар уйи” ишга тушди.

Зеро, кишининг руҳий ҳолати, кайфиятидаги кескин ўзгаришлар унинг жисмоний ҳолатига таъсир этади. Руҳий ҳолат билан жисмоний ҳолат ўртасидаги мувозанат ва барқарорлик сиҳат-саломатлик гаровидир. Тан ва руҳ уйғунлиги саодатдир, дея ўргатади шарқ фалсафаси ҳам. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг илк кунлариданоқ улар орасида спортга бўлган меҳрни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор берила бошланди.

Ушбу йўналишдаги муассасаларда мамлакатимизнинг кўркига кўрк бўлиб тушган спорт мажмуалари, спорт майдонлари бунёд этилди. Қизлар спортига эътибор кучайтирилди. Қизлар ўртасида бадиий гимнастика, сув спорти, теннис ва бошқа спорт турлари кенг йўлга қўйилди. Ҳар бир муассасада футбол, волейбол, қўл тўпи тенниси бўйича жамоалар мавжуд. Улар ён атрофдаги спорт мажмуаларига фаол қатнашадилар. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 1-сонли, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги 4-сонли,Тошкент шаҳридаги 23-сонли, Тошкент вилояти Бўка туманидаги 15-сонли “Меҳрибонлик” уйларида бассейнли спорт комплекслари бунёд этилди. Албатта, бу имкониятлар, шарт-шароитлар уларнинг руҳиятини юксалтиради.

2010 йилда Сурхондарёдаги 12-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси Вероника Володина санъат йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. 2012 йилда Тошкент шаҳридаги 23-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари эса Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган бадиий ҳаваскорлар танловида иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритдилар. Тошкент шаҳар 21-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Анна Исаева самбо бўйича Осиё чемпиони бўлди. Бухоро вилоятидаги 32-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Диана Сулаймонова самбо бўйича Осиё ўйинларида икки марта ғолиб бўлди. 29-Меҳрибонлик уйидан Степан Партнов бокс бўйича 2013 йилда Қозоғистонда ўтказилган халқаро мусобақада 1-ўринни эгаллади.

Яна ўқинг:  МАҲАЛЛАДА 5 СЕКТОР

Ҳаммамиз яхши биламиз-ки, ЮНИСЕФнинг ижтимоий мониторинг ва бошқа тадқиқотларида Ўзбекистонда болаларнинг соғлигини асраш, уларни касбга йўналтириш борасида давлат харажатлари ҳажми Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг катталиги, оналар ва болалар фаровонлигининг айрим кўрсаткичлари бўйича мамлакатимиз халқаро форумларнинг яқин келажак учун ишлаб чиққан тавсиялардан ўзиб кетганлиги таъкидланади. Бу бизни қувонтиради.

– Мамлакатимизда болалар манфаатлари – олий қадрият сифатида улуғланади. Шунинг учун тегишли вазирликлар томонидан таълим ва овқатлантириш нормативлари ишлаб чиқилган. Халқимизнинг “Етим ҳақидан қўрқ” деган ҳақли ибораси мавжуд. Тарбиячиларимиз ушбу ўзбекона қадриятларга алоҳида эътибор берадилар. Масалан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ёзги дам олиш оромгоҳлари ташкил этилади. “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун ҳам ёзги таътилни кўнгилли ўтказиш масканлари мавжуд. Бу йил ёзда ана шулардан хабар олгани бордим. Сиз сўраётган нормативларга алоҳида эътибор бердим. Бизда ҳар бир бола бир кунда қанча моддий таъминот олиши белгиланган. Унга монандлигини кўриб, хурсанд бўлдим. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, улар тарбияланаётган жойда кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари, танловлар кўп ташкил этилмоқда.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур…

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: