КИЧИК ХАРИДОРЛАРГА КАТТА ТУҲФА

Янги ўқув йили арафасида жойларда ташкил этилган мактаб бозорлари ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қулай имконият яратмоқда. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам мактаб формалари ҳамда керакли ўқув қуролларини харид қилиш имкониятига эга бўлаяпти.

“Чорсу” бозорининг марказида жойлашган “Мактаб бозори” савдо шаҳобчаларини айланар эканмиз, харидорлар талабию маҳсулот сифати билан қизиқдик:

– Биз Бухоро шаҳриданмиз. Уч нафар фарзандимиз бор. Тошкентга саёҳат баҳонасида фарзандларимизга “Чорсу” бозоридан  мактаб учун зарур ўқув қуролларини харид қилдик. Севинч қизимизга олган мана бу бежирим сумкани кўринг, нархи ҳам қиммат эмас. Болаларимизга яратилган шундай имкониятлардан қувониб кетасан, – дейди бухоролик Икром Бобоев.

Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 1514 та матбаа корхоналаридан 21 таси дафтар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб  улар ички бозорни дафтар билан тўла таъминлаш имкониятига эга.

“Мактаб бозори” расталарида қатор илинган ўқувчи-ёшлар учун мактаб формаларини харид қилаётган ота-оналарнинг кўпчилиги юртимизда эртамиз эгалари учун яратилган мавжуд шароитлардан мамнунлигини изҳор қилишди:

– Ойим билан янги ўқув йили учун дафтарлар, бўёқ-қаламлар сотиб олдик. Мана бу расм дафтаримни ўзим танладим, расм чизишга қизиқаман, – дейди кичик суҳбатдошимиз 65-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Сарвиноз Орипова.

Харидорлар билан суҳбатлашар эканмиз, бундан бир неча йил олдин муқовасига шарқона тарбия жараёнига, миллий урф-одатларимизга мос келмайдиган суратлар акс эттирилган дафтарлар ва расм дафтарлари савдо расталаридан чиқариб ташланганидан уларнинг қувончини ҳис қилдик.

– Биз сотаётган ўқув қуролларининг барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилган. Сифатли, безаклари бежирим, энг муҳими харидоргир маҳсулотлар. Дафтар муқовасидаги турли хил ўқувчи-ёшларнинг таҳсил жараёнига ҳалал берадиган, тарбиясига ёд бўлган суратлар ўрнига буюк алломаларимиз сиймоси акс эттирилгани айни муддаодир, – дея суҳбатимизга қўшилди сотувчилар Муяссар Маъмирова ҳамда Ҳамиджон Икромовлар.

Дарҳақиқат, савдо расталаридаги муқоваси қалин умумий дафтарларни варақлар эканмиз уларнинг сифатли, оппоқ қоғоздаги чизиқларнинг равон ҳамда ёрқинлигининг гувоҳи бўлдик. Дафтар варақларининг ҳошиялари бир текис тортилган, ўқувчиларнинг руҳига мос ҳамда кўриш аъзолари саломатлигига таъсир қилмайди. “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи, “ARENA-HOLDING GROUP” инглиз-ўзбек қўшма корхонаси, “PERFECT CHOICE GROUP” МЧЖ каби ўнлаб матбаа корхоналарининг сифатли маҳсулотлари ҳақли равишда кичик харидорларни ўзларига чорлаб турибди. Бир сўз билан айтганда экологик софлиги, безак ва муқоваларининг рисоладагидек кўринишда бўлган ўқув қуролларининг барчаси эртамиз эгалари бўлмиш болажонларимиз учун янги ўқув йилига муносиб туҳфадир.

Яна ўқинг:  ИККИ АВЛОД УЧРАШУВИ

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: