ЯХШИЛИК УЛАШИБ ЯШАШ ЗАВҚИ
Қизлархон Тўраева оғир аҳволда шифокор ҳузурига келтирилди. У ҳушсиз ҳолатда, беҳол нафас оларди. Устига-устак ҳомиласи ҳам бор. Бемор преэклампсия касаллиги билан оғриган, хасталик ўтказиб юборилганди. Ҳақиқатда Қизлархоннинг дарди оғир эди. Қўл-оёқларида шиш пайдо бўлган, қон босими кўтарилган. Бундай пайтда шифокорнинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Нафақат аёлни, балки ҳали ёруғ дунёни кўриб улгурмаган мурғак вужудни ҳам хатардан ҳоли қилиши зарур. Врачнинг бор билим ва тажрибаси натижасида бемор ва ф ҳомиласининг ҳаёти сақлаб қолинди. Ўн кун давомида аёл соғайиб оиласи бағрига қайтди. Шифокор эса унинг ортидан майингина жилмайиб кузатди.
Дарҳақиқат, узоқ йиллик иш тажрибасига эга Меҳринисо Номозованинг ҳар куни ана шундай ички мамнуният билан ўтади. У Яккабоғ туманида она ва бола саломатлигини асраш, беморларнинг дардига даво топиш, турли мураккаб жарроҳлик амалиётларининг ўтказилишида ўз ҳиссасини қўшиб келаётир.
– Шифокор, аввало, инсонларни яхши кўриши керак, – дейди Яккабоғ туман Тиббиёт бирлашмаси олий тоифали шифокори Меҳринисо Номозова. – Кўп йиллик фаолиятим давомида амин бўлдимки, энг яхши муолажа меҳрдир. Шифокор ширинсўз, хушмуомала бўлмас экан, у беморни тўлиқ даволай олмайди. Мана, йигирма беш йилдирки, минглаб инсонлар муассасамиздан шифо топиб кетишмоқда. Уларнинг хизматимиздан миннатдорлиги, соғлом ҳолатда шифохонани тарк этиши бизга куч беради. Устозларимизнинг бир ўгити бор: Ўзингни бемор ўрнига қўй ва хасталикка қарши кураш. Дарҳақиқат, ўзини бемор ўрнига қўйган шифокор ўз вазифасига сидқидилдан ёндашади.
Меҳринисо Номозова олий ўқув юртини тамомлагач, Россия Федерациясининг Хабаровск ва Владивосток шаҳарлари клиникаларида бир йил давомида анестезиолог-реаниматолог сифатида амалиёт ўтаб қайтди. Бир муддат Қашқадарё вилоят болалар шифохонасида меҳнат қилган шифокор Яккабоғ туман марказий шифохонасининг реанимация бўлимида фаолият юрита бошлади. У мазкур муассаса тарихида биринчи марта анестезиолог-реаниматолог аёл сифатида иш бошлади.
Тиниб-тинчимас шифокор 2006 ва 2009 йилларда Республика Перинатал марказида малака ошириш курсида ўқиб, соҳа бўйича ўз тажрибасини бойитиб келди. Ана шундай ўқиб-ўрганиш самараси ўлароқ, у 2009 йилда Яккабоғ туманида илк бора орқа мия наркоз-анестезиясини йўлга қўйиб, замонавий тиббий жиҳозлар ёрдамида оғир беморларни ҳаётга қайтариш мумкин эканлигини муваффақият билан синовдан ўтказди.
– Республика Перинатал марказида иш ўрганган дамларимда профессор-ўқитувчилар “реанимация бўлимига оғир беморлар келтирилади. Уларни жонлантириш анестезиолог-реаниматолог шифокорнинг вазифаси”, деб қайта-қайта уқтиришарди, – дея ҳикоя қилади Меҳринисо опа. – Малака ошириш курсларида олган сабоқларим самарасида муассасада беморларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида ўзига хос услуб яратдим. Оғир беморларга биринчи тез ёрдам кўрсатиш, ўмров ости вена томирига катетер қўйиш, ўпка ва бошқа касалликларда кўкрак қафасида йиғилган патологик суюқликни олиб ташлаш, тизза бўғимларидаги суюқликларни олиб ташлаш, турли хил жарроҳлик амалиётларида анестериянинг ҳамма турлари қўлланилмоқда. Бемор оғирлашиб қолганда юракка малҳам юбориб, унинг фаолиятини қайта тиклаш, замонавий тиббий ускуналардан оғир беморларни ҳаётга қайтаришда фойдаланиш ва уни бошқариш, аҳволи оғир чақалоқлар ва болаларга реанимация ёрдами кўрсатиш каби ўнлаб даволаш услублари шифохона жамоатчилиги ўртасида кенг оммалашиб бормоқда.
Меҳринисо Номозова нафақат малакали шифокор, балки яхшигина оила бекасидир. Уч қизи Мафтуна, Маъмура ва Маҳзуналар ҳам келажакда онасининг касбини давом эттириб, инсонлар дардига малҳам бўлишни ният қилишган.
Наврўз НОРБОБОЕВ,
Қашқадарё вилояти