ЧИНИҚИШ ВА МАҲОРАТ
Куни кеча пойтахтимиздаги “Саҳоват спорт сервис” саройида “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси, Синхрон сузиш Федерацияси ҳамкорлигида “Соғлом авлод учун” кубоги бўйича синхрон сузиш спорт фестивали ўтказилди.
Аҳолининг ижтимоий фаолллигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳамда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, қолаверса, республикамизнинг чекка туманларидаги ўсмир қизлар ўртасида синхрон сузиш спорт турини тарғиб этиш ҳамда Халқаро мусобақаларда юртимиз шон-шарафини ошира оладиган маҳоратли спортчи қизларни тайёрлаш ушбу тадбирнинг асосий мақсадларидан биридир.
Юртимиз ёшларини етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш олдимизда турган муҳим вазифалардан бирига айланган.
Ушбу спорт фестивалида Тошкент шаҳридан жами 100 нафарга яқин ёши чегараланмаган қизлар қатнашдилар. Ҳар бир жамоадан эркин дастурда чиқишлар ҳавола этилди.
Спорт фестивали иштирокчилари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг эсдалик совғалари билан мукофотландилар.
Наврўз НОРБОБОЕВ