Илк китоб – қалбга йўл
Ўзбекистон Давлат консерваториясида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг анъанавий анжумани ўтказилди. Турли йилларда совриндор бўлган қизларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг сертификати топширилди. Шунингдек, спорт соҳасидаги ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган 30 нафар совриндорларнинг ютуқлари эътироф этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, бу йил истеъдодли қизларимизга бўлган эътибор янада юксак босқичга кўтарилди. Ҳар йили 14 нафар номзод мазкур мукофотга муносиб кўрилган бўлса, жорий йилда уларнинг сафи 16 нафарга етди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси саъй-ҳаракати билан “Шарқ”, “Ўзбекистон”, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари томонидан саккиз нафар мукофот соҳибаларининг китоблари чоп этилди. Мазкур тадбирда мамлакатимизнинг атоқли ёзувчи ва шоирлари иштирок этди.
Улар ижросидаги “Сени улуғлайман, она Ватаним” деб номланган мушоира ва бадиий-мусиқий чиқишлар барчага завқ бағишлади.
Тадбирдан сўнг Ўзбек Давлат драма театрида Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари” достони асосида яратилган спектакль намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.
М.ҚУРБОНБОЕВА