ҚАЛАМ ҲАҚИ пенсияга таъсир қилмайди(ми)?
Ишламайдиган пенсионерларнинг оммавий ахборот воситаларидан қалам ҳақи (гонарар) олиш қонун-қоидаларида ўзгаришлар бўлибди. Шу ҳақида билишни истардик.
У.САЛИМОВА,
Тошкент шаҳри
Президентимиз Ислом Каримовнинг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги (2014 йил 31 июль) фармони аҳолига бўлган ғамхўрликнинг яққол ифодасидир. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасидаги чора тадбирлар тизимида пенсионерларга ҳам катта аҳамият берилиб келинаётгани муҳим аҳамият касб этади.
2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонарар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.
Ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдори ойига январь-август ойлари учун 187970 сўм миқдорни ташкил этади.
Масалан, 2014 йил 15 январда ёшга доир нафақа олувчи ишламайдиган пенсионер оммавий ахборот воситаларида мақола чоп этиш учун бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини 150,0 минг сўм миқдорида тузди ва у бўйича мажбуриятлар пенсионер томонидан шу кунда бажарилди. Бу ҳолатда 2014 йил январь ойи учун пенсия тўлиқ тўланиши лозим. Олдинги таҳрирда эса пенсионер неча сўм олишидан қатъий назар у ойда тўлиқ пенсия 50 фоиз миқдорда ушлаб қолинар эди. Эндиликда бу имконият янада кенгайди.
Демак, бундай буён ҳар ойда ишламайдиган пенсионерлар шу маблағга етмайдиган гонорар олишса, уларга пенсия тўлиқ тўланади.
Бу ўзгаришлар мамлакатимизда адолатли, инсонпарвар демократик-ҳуқуқий жамиятни барпо этиётганимиздан, қонун ва қарорлар халқимизнинг манфаатига йўналтирилаётганидан далолатдир.
Хуршид РАВШАНОВ,
Республика пенсия жамғармасининг Яккасарой туман бўлими бошлиғи