ТАРБИЯЧИ ЎЙИНЧОҚЛАР ота-оналарга яқин кўмакчи

Глобаллашув жараёнида миллатимиз “оммавий маданият”га қарши курашмоқда. Ўйинчоқлар эса ўша ғарбона ғоянинг энг биринчи “ташвиқотчиси” ҳисобланади. Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, ўйинчоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қай йўлдан бориши, ҳаёти қандай кечиши, унинг болаликда қандай ўйинчоқларга ошно бўлгани билан ҳам белгиланади.

Мультфильм қаҳрамонлари акс этган “Шрэк”, “Ўргимчак одам”, “Соҳибжамол ва маҳлуқ”, “Барби” каби ўйинчоқлар дунё бўйлаб тарқалган. Ер шарининг бутун бир қисмини ўйинчоқлар эгаллаган, десак хато бўлмайди. Негаки, болалар дунёсида “сеҳрли диёр”нинг пайдо бўлиши табиий ҳол. Азалдан момоларимиз матолардан ўйинчоқлар тикишган, чўп қўғирчоқлар ясаган. Бу овунчоқлар миллийлик руҳи билан йўғрилган бўлиб, унда эзгулик, соф туйғулар мужассамлашган. Хўш, айни кунларда ўзимизнинг бозор расталарини қандай ўйинчоқлар эгалламоқда? Уларнинг сифат даражаси, дизайни талабга жавоб берадими?

Ота-оналар фикри

– Мустақиллик бизга эркин эркин яшаш бахтини берди, миллий қадриятларимизни қайтарди. Қаранг, юртимизда саноатнинг барча тури ривожланмоқда, ҳатто ўйинчоқлар ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда, – дейди Жиззах вилояти Зафаробод қишлоғидан ўқитувчи Саид Умаров. – Шундай бўлса-да, дўконларда ғарбона ўйинчоқлар талайгина. Уларнинг нафақат сифати паст, балки маънавиятга салбий таъсири ҳам катта.

Бунга аҳамият бермаётган ота-оналар “шунчаки ўйинчоқ-ку” дея, боласи хархаша қилиб айтган нарсани олиб берашади. Ваҳимали, баланд овоз чиқарадиган даҳшатли махлуқлар, юзлари отишмадан яраланган “Ковбой”лар ёки мультфильм қаҳрамонлари болада қизиқиш уйғотиши табиий ҳол, лекин ўша “қаҳрамонлар”, эндигина шаклланаётган онгда идеал тимсолга айланиб қолиши мумкин. Бефарқлик оиланинг, фарзанд келажагининг заволидир.

Болаларимизни компьютер зарарларидан ҳимоя қиляпмиз-ми, демак ёт ғоялар акс этган қўғирчоқлардан ҳам асрашимиз керак. Бу билан четдан кириб келаётган маҳсулотларни чеклаш лозим, демоқчи эмасман. Аммо ўзимизники барибир яхшида.

– Яқинда қариндошлар ва дўстлар даврасида қизимнинг олти ёшга тўлганини нишонладик, – дейди Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи Гулбаҳор Шерманова. – Қизим келтирилган совға-саломларни томоша қилар экан, “Ая, менга ҳам шунақа кўйлак олиб беринг. Мактабга борганимда кияман” деб қолди. Қарасам, қўлида “Feya” деб ёзилган қўғирчоқ. Унинг кўйлаги бир парча матодан тикилган бўлиб, тиззаси ва елкалари очиқ ҳолда эди. Қолаверса, кўз-қошлари бўялган, сочлари ҳам қандайдир қаттиқ маҳсулотдан тайёрланган. Бу ўйинчоқ ўзида шарқона қизларга хос ифодани бермайди, аксинча, беҳаёликни тасвирлаб турибди.

Яна ўқинг:  Ойдин хотиралар шуъласи

Ўзбекона одатлар муҳитида ўсаётган қизалоқ учун бу каби “Feya”лар қизиқарли туюлади. Энди ўйлаб кўрингчи, пардоз-андози меъёридан ошган, кийими бир алфозда бўлган ўйинчоқ бола руҳиятига таъсир қилмаслиги мумкинми?!

Қўғирчоқ харид қилаётганимизда ана шу жиҳатларини инобатга олсак ёмон бўлмасди.

– Болалар учун мўлжалланган дўконларда миллий ўйинчоқларни топиш мушкул, – дейди Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи шифокор Мўътабар Низомова. – Уларни фақат кўргазмаларда, сайёҳлик марказларида учратишимиз мумкин. Сотувчилардан бунинг сабабини сўрасам, миллий қўғирчоқларга харидор кам эканини айтишди. Тўғри, қўл меҳнати маҳсули бўлгани боис нархи қимматроқ, лекин боламизнинг соғлом келажаги учун бироз харажат қилсак зарар қилмасди. Ёт ғоялар тарқатувчи ўйинчоқларнинг болаларга таъсири ҳақида кўп гапирамиз-у, аммо ўзимиз уларнинг оммалашишига ёрдам бермаяпмизми? Қачонки ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ўйинчоқларга талаб ортар экан, ғарбона тимсоллар ўз-ўзидан бозорларимизни тарк этади.

Мутахассислар нима дейди?

Маълумки, бозор иқтисодида талаб ва таклиф муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бир қаторда рақобат иқтисоднинг ўсишини таъминлайди. Бироқ, корхоналарнинг рақобатлашиши айрим ҳолларда зарарли оқибатларни юзага келтиради. Талаб этилаётган ўйинчоқлар сонининг кўпайиши, сифат даражасининг тушишига олиб келиши мумкин. Шу боис бола учун буюм харид қилаётганда, албатта, унинг сифатига аҳамият беринг. Масалан, ўйинчоқдан ўткир кимёвий ҳид таралмаслиги керак. Бу ўйинчоқ ишлаб чиқаришда сифатсиз пластмасса ва резиналардан фойдаланилганини англатади. Юмшоқ ўйинчоқлар эса асосан кимёвий-синтетик толалардан тайёрланади.

Ўйинчоқларнинг сифатсиз хомашёдан тайёрланганлиги сабаб уларнинг майда бўлакларини кичкинтой ютиб юбориши мумкин. Жудаям ёрқин рангдагиси заҳарли кимёвий элементларга бой бўёқлар билан бўялганини билдиради. Буёқ таркибида учрайдиган формальдегид, фенол, феноксил, метил, изобитурат каби заҳарли моддалар даражасининг ошиб кетиши бола учун асло фойдали эмас. Кичкинтойлар унинг рангига қизиқиб, мазасини татиб кўргиси келади. Натижада заҳарли моддалар жигар, меъда-ичак йўлларига тушади ва организмга ўз салбий таъсирини ўтказади.

Юмшоқ ўйинчоқларнинг туки тўкилмаслигини текшириб кўринг. Болага ўйинчоқни беришдан олдин уни қоқиб ташланг ва нам латта билан артинг, шунда тукларнинг қолдиғи латтада қолади. Ўйинчоқларнинг ёғоч, резина, картон, металл, мато, пахта, теридан тайёрлангани айни муддао.

Статистика маълумотларига қараганда…

Бугун савдо расталарини тўлдирган ўйинчоқларнинг аксарияти хориждан келтирилмоқда. Бироқ, юртимизда ҳам ўйинчоқ ишлаб чиқариш соҳасида ўзига хос тажриба тўпланган бўлиб, тадбиркорларимиз томонидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, 2013 йилги кўрсатгичларга аҳамият берсак, мамлакатимизда 50 дан зиёд ўйинчоқ ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, касаначилик асосида миллий матоларимиздан қўғирчоқлар тикаётган оилалар сони ҳам талайгина. Айнан қўл меҳнати билан миллийлигимизга хос тайёрланаётган қўғирчоқлар хориж бозорларида ҳам харидоргир.

Яна ўқинг:  Bola baribir bola-da...

2008 йилдан ўз фаолиятини бошлаган “Toys–Plast” корхонаси ўйинчоқ ишлаб чиқараётган корхона фаолияти ҳам диққатга сазовор.

– Бизнинг маҳсулотларимиз дизайн, сифат талабларига тўлиқ жавоб беради, – дейди корхона раҳбари Акром Музаффаров. – Бу борада хорижий давлатларнинг ўйинчоқ саноати билан рақобатлаша оламиз. Дастлаб 3-4 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарган бўлсак, бугунга келиб уларнинг сони 80 дан ортди. Қолаверса, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган болалар буюмлари хориждан келтириб сотилаётган маҳсулотлардан арзонроқ. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп. Маҳсулотлар шартнома асосида савдо шохобчалари ва дўконларга етказиб берилаяпти. 2013 йилда 540 минг дона ўйинчоқ ишлаб чиқарган бўлсак, шундан 162 минг донаси чет элга Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилинди.

Корхонамиз замонавий андозалар асосида қурилган, ишчи кучи ва техник қурилмаларимиз етарлича. Яқинда Дубай шаҳрига маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича шартнома имзоладик. Келгусида корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириб, юртимизнинг бошқа туманларида ҳам филиаллар ташкил этишни режалаштирганмиз. Фақат манфаатни кўзлаб, “айрим” корхоналар сингари кўплаб сифатсиз маҳсулотларни ишлаб чиқарсак бўлади, аммо биз учун фарзандларимиз саломатлиги бирламчи манфаатдир.

Хулоса ўрнида

Ўйинчоқ ўйнаб ўтирган болани кузатганмисиз? У қўғирчоқлари билан суҳбатлашади, машиналарнинг пойгага шайлаб, жараённи ўзича шарҳлайди. Бундан кўриниб турибдики, ўйинчоқлар болада нутқий фаолликни шакллантиради, луғат бойлигини оширади, таҳлил қилиш, таққослаш, диққатни жамлаш каби қобилиятини ривожлантиради, қайсидир маънода овунчоқлари билан дўстлашади. Шундай экан болаларга ўйинчоқ олиб беришда сифат, дизайнга кўпроқ аҳамият қаратсак фойдадан холи бўлмайди. Ўйинчоқлар нафақат ташқи кўриниши, шаклу шамойили билан, балки маҳсулотнинг кимёвий таркиби, гигиеник сифати орқали ҳам келажагимиз эгаларига зиён етказмаслиги керак.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: