ДЕМОКРАТИЯ ВА АДОЛАТ КАФОЛАТИ

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” расмий нашридан икки ярим йиллик (1989 йил 24 июнь – 1992 йил 4 январь) улуғвор даврдаги маъруза ва нутқлари жой олган. Икки ярим йил. Катта тарих олдида кичкина бир давр ҳисобланади.

Бўлажак мустақил Ўзбекистон учун энг синовли, энг оғир ва энг масъулиятли даврлар бўлганлигини китобдаги ҳар бир сатрни ўқиб ҳис этасиз. Унда айтилган сўзлар, фикрлар ва ўз вақтда зудлик билан амалга оширилган ишлар 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асос бўлганлигини, мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратганини, шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилганлигини қайта-қайта ҳис қиламиз. Китобдаги маърузаларда билдирилган фикр ва мулоҳазалар, Мамлакатимиз Президентининг Қарори ва фармонлари Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий нормаларнинг замини ва асослари эди, десак хато бўлмайди.

Китобни ўқиб, даврни кузатсак, юртимиздаги мавжуд ҳолатни тубдан ўзгартириш, Ўзбекистонни нафақат иқтисодий балки том маънодаги суверен ва мустақил, келажаги буюк давлатга айлантириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб, дунё ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллаш, халқимиз учун дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитлари яратишдек бугунги кунда реал воқеликка айланган улуғ мақсадларнинг тамал тоши ўша йиллардаёқ қўйилганлиги яққол акс этиб турибди.

Масалаларнинг айнан шундай қўйилганлиги тўғри бўлганлигини бугунги кун ва бош қомусимизда белгиланган ҳар бир модда ҳам белгилаб турибди.

Конституция барча фуқароларнинг қонун олдида ҳуқуқий тенглигини ҳамда қонуннинг устуворлигини кафолатловчи асосий ҳуқуқий ҳужжатдир.

Конституциямизнинг 14-моддасида Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади, деган ҳуқуқий норма белгилаб қўйилган.

Унинг I бобида Ватаннинг давлат суверенитети, II бобида халқ ҳокимиятчилиги, III бобида Конституция ва қонунларнинг устунлиги акс эттирилган.

Конституция 4-моддасида миллатимизнинг тилига давлат мақомини берди, 2-моддасида давлат халқ иродасини ифодалаб, унинг манфаатларига хизмат қилиши белгилаб қўйилди. Халқни давлат ҳокимияти манбаи сифатида (7-модда) эътироф этди. Унда ижтимоий ҳаётда сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларни хилма-хиллиги кафолатланди (12-модда), инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати дахлсиз олий қадрият деб эътироф этилди (13-модда).

Яна ўқинг:  ISHBILARMON TALABA

Конституцияда инсон энг мўътабар мавқега кўтарилди. Эътибор қилсангиз, “Асосий принциплар” (Биринчи бўлим)дан сўнг дарҳол “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” (Иккинчи бўлим) бошланади. Кейин эса “Жамият ва шахс”, “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши”, “Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши” (Учинчи, тўртинчи ва бешинчи бўлимлари) жой олган.

Иккинчи бўлим “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланади. “Инсон ва фуқароларнинг” дея бош қомусимизда тилга олишидан мақсад нафақат мамлакатимиз фуқароларининг балки мамлакатимизда яшаётган фуқаролиги бўлмаган инсонларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини эътиборга олади.

Конституциямиз, бир томондан, миллий тафаккуримизнинг, динимизнинг адолат, бағрикенглик, саховат, тўғрисўзлик каби қадриятларимизни ўзида акс эттирса, иккинчи томондан, унда халқаро ҳуқуқ меъёрлари, умуминсоний қадриятлар уйғунлаштирилган.

Олти бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлган Конституциямиз бугунги кунда тараққиётнинг ўзбек модели деб ном олган ривожланиш йўлимизни ёритиб берди.

Илҳом ОТАЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: