Ҳунарманд ёшлар оила зийнатидир

Пойтахтимизнинг диққатга сазовор қадамжоларидан бири Шайхонтоҳур туманида жойлашган Абулқосим шайх мадрасаси XVIII-XIX асрларда бунёд этилган. У мустақиллик йилларида қайта таъмирланиб, маҳобати тикланди. Бу даргоҳда “Ўткан кунлар” романини бизга туҳфа этган буюк адиб Абдулла Қодирий бобомиз ҳам таҳсил олган.

Ўймакор нақшлар билан безатилган икки табақали дарвоза ёнидан бошланувчи жимжимадор гуллари турли бўёқларда “ял-ял” товланиб, кўзни қамаштирувчи эшикли ҳужраларда айни пайтда кичик-кичик устахоналар ташкил этилган. Чет эллик сайёҳларнинг қадами узилмайдиган ушбу бинода ёғоч ўймакорлиги, лак миниатюраси, наққошлик, мисгарлик, сандиқсозлик каби устахоналар мавжуд. Бу ерда меҳнат қилаётган қўли гул усталар ҳамда уларнинг шогирдлари билан танишар эканмиз, ҳунармандлар қўли билан яратилган тенгсиз санъат асарларига лол қолдик.

Дилшод Исмоилов дастлаб ҳунармандчилик сирларини ҳозирги “Баркамол авлод” ижодиёт марказидаги рассомчилик тўгарагида устози Улуғбек Неъматовдан ўрганди. Жуссаси нозик болакай эндигина 4-синфда ўқиётган бўлса-да рангтасвир оламига бўлган беқиёс қизиқиши билан тенгдошларидан ажралиб турарди.

– Талабчан устозимиз бизга қаламни йўнишдан тортиб, қоғозни қандай тартибда тутишимизгача ўргатар эди, – дейди Дилшод биз билан суҳбатда. – Сариқ, қизил, кўк рангларнинг асосий ранг эканлигини бот-бот такрорлагани ҳолда сариқ рангга қизилни қўшсак оловранг, кўк рангни қўшсак сиёҳранг, сариқни кўкка қўшсак яшил ранг пайдо бўлишини кўрсатиб, кўз ўнгимизда рангтасвир оламининг мўъжизакор дунёсини намойиш этарди. Кейинчалик Республика Рассомлик коллежида ўқиганимда ҳам устозларим Борий Маҳкамов, Николай Калашников бу мўъжизакор оламнинг сир-асрорларини мукаммал эгаллашимиз учун бор билим ва маҳоратини аямади. Сўнгра Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Реклама ва амалий графика” бўлимининг бакалавр йўналишини, “Интерьерни лойиҳалаш мутахассислиги” бўйича магистратурани тугатдим. Қайси касбнинг этагидан тутманг, аввало, уни пухта эгаллаш учун кишидан кучли билим ва сабр-тоқат талаб этилади.

Мамлакатимизда биз ёшлар учун Президентимиз раҳнамолигида яратилган шароитларнинг адоғи йўқ. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мен каби якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлаган ёш мутахассислар асло кам бўлгани йўқ, – дейди у ғурурланиб.

Бетакрор Самарқанд ҳамда қадимий Регистон, Бухоро шаҳрининг тарихий обидалари, ишлов берилган терига акс эттирилган Тошкентнинг Эски шаҳар кўринишларидан иборат графика асарлари билан республика миқёсида ўтказилган “Тасвирий санъат” ҳафталигида иштирок этган Дилшод Исмоилов ғолибликни эгаллаб диплом билан тақдирланди. Ватанимиз Мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб Тошкентнинг умумий кўриниши асари устида иш олиб бораётган қаҳрамонимизнинг айни пайтда сира бўш вақти йўқ. Унинг монотипия усулида яратган графика асарларига хорижликларнинг қизиқиши беқиёс. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли олиб бориши билан бирга, ўзи таҳсил олган коллежда ёшларга касб сирларини ўргатаётган устознинг шогирдлари – Зулфия Насруллаева ҳамда Миршод Файзиев 2013 йилда республика миқёсида ўтказилган “Ёш мусаввирлар” кўрик-танловида графика йўналиши бўйича давлат грантини қўлга киритишди.

Яна ўқинг:  ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛДИ

Дилшод Исмоилов билан ёнма-ён меҳнат қилаётган Фарҳод Аҳмаджонов ҳам 2007 йилда республика миқёсида ўтказилган “Ёш мусаввирлар” кўрик-танловида қовоққа ишланган “Буюк ипак йўли”, Самарқанд қоғозига ишланган нақшлари ҳамда катта-кичик қутичаларга чизилган нақшлари билан фахрли биринчи ўринни эгаллаб, грант асосида Тошкент Архитектура қурилиш институтига ўқишга қабул қилинди. 2011 йилда “Ташаббус”кўрик-танловида совринли ўринни қўлга киритган шогирд устозларига муносиб бўлишга доим интилади. Жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “HAND MADE BAZAR” ярмаркасида ўз асарлари билан қатнашиб, сертификат билан тақдирланган Фарҳод Аҳмаджоновнинг ўзи ҳам эндиликда ёшларга устозлик қилмоқда. Ҳунармандчилик соҳасида якка тартибда иш олиб бораётган тадбиркорнинг муносиб шогирдлари кўпчиликни ташкил этади. Ёзги таътил пайтида ҳам бу ерга ҳунар ўрганиш мақсадида келаётган ёшларга Учтепа туманидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати қошидаги наққошлик тўгарагида Ҳикматилла Файзуллаев, Республика Рассомлик коллежида Нодир Икромов каби устозларидан ўрганган наққошлик соҳасининг нозик сирларини ўргатиб келмоқда. Фарҳод Аҳмаджонов томонидан сопол ва чинни идишларга чизилган гулдор нақшлар четларига зарҳал бўёқларда ишлов бергани уларга янада зеб бериб турибди. Республика миқёсида ўтказилган “Камалак юлдузлари” кўрик-танловининг республика босқичида ғолибликни эгаллаган Дилмурод Йўлдошев, Мирасад Мираҳматов каби шогирдлари билан ҳақли равишда фахрланаётган Фарҳод Аҳмаджонов яна янги нақшлар яратиш устида иш олиб бормоқда. Биргина бу эмас ишлов берилган терига замонавий кўринишдаги бинолар тасвирини акс эттириш борасида изланаётган ижодкор яна янги марраларни кўзлаб меҳнат қилмоқда. Биз эса буюк аждодимиз Абулқосим шайх мадрасасида эртамизнинг муносиб ворисларига ҳунармандчиликнинг нозик сирларини қунт билан ўргатаётган устозлар ва уларнинг шогирдларига асло чарчаманг, деймиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: