Соябон
уз кунларининг бири. Тўсатдан кучли шамол туриб чунонам жала қуйди-ки… Гўё еру кўкда Нуҳ тўфони бошлангандай. Ҳамма жонҳолатда ўзини панага урган. Мен ҳам бекатда паналаб, кўнглимни алланечук ҳадик-хавотир чулғади: тўфон босса-я?!
Бир пайт қўл телефоним чақириб қолди. Қизчам боғчадан келиб уйдан менга қўнғироқ қилаётган экан. Хавотирли овози дилимдаги хираликни бирдан тарқатиб юборди: – Дадажон, кўчадамисиз? Зонтигингиз борми?
Кўнглим ёришиб, хавотирим ўрнини ёруғ умид эгаллади: шу меҳр бор экан, асло тўфон бўлмайди, ҳаёт тугамайди.
“Зонтигингиз борми?”. Меҳр тўла самимий сўзлар менга энг зўр соябон бўлди, гўё. Бу соябон не-не ёғинларда менга паноҳ бўлғуси.
Дилшод РАЖАБ