БАХТ КАЛИТИ – яхшилардан ўрнак олиб яшаш
– Болалик шўхликларини меҳр билан кўтара олган онаизорнинг қадри йиллар ўтиб янада билинаркан, – дея онажонини эсга олади Муқимий номидаги мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров.
– Болалигимда жуда шўх эдим. Ҳинд фильмларидаги ўзим севган қаҳрамонларга тақлид қилиб юрардим. Кўпинча онам Саодатхон ая кечки пайт мени ёзги кинотеатрдан топарди. Кино тугагунча кинотеатр олдида мени кутар эди. Отам уста Саид бобо қаттиққўл киши бўлгани учун онам “Боламни уришмасин”, дея уйга бирга кириб борарди.
Бешинчи синфни битириш арафасида ёзги таътилда болалар оромгоҳида дам олдим. Кечки пайт ҳамма йиғилиб, кимдир шеър, кимдир қўшиқ ижро этарди. Оромгоҳдаги мусиқа раҳбаримиз Болтавой ака Муқимов рубоб чалиб, қўшиқ ижро этар, мен уларга жўр бўлардим. Илк бор санъатга меҳр ана ўшанда уйғонганди. Болтавой акадан рубоб чалишни ҳамда Навоий ғазали билан “Қўшчинор” қўшиғини ижро этишни ўргандим.
Кейинчалик мактабимизда шу ашулани ижро этганимда, директор мени бошқаларга мақтаб, “Ана кўрдингларми, сизлар кўча чангитиб бекорга вақт ўтказган пайтда Турғунжон рубоб чалишни ўрганибди”, дегани менга қанот бағишлаган.
Мактабни битириш арафасида “Куйланг, ёш хонандалар?” кўрик-танловида синфдошим Ҳадича билан вилоят босқичида 1-ўринни олдик. Ўшанда Ўзбекистон халқ артистлари, устозларимиз Фароғат Раҳматова ҳамда Суръат Пўлатов ҳакамлар аъзоси сифатида бизнинг чиқишимизга аъло баҳо берганди. Суръат аканинг телефон рақамини олдим ва севимли санъаткоримиз билан яқиндан танишдим.
Оиламиздагилар мактабни битирганимдан кейин қўшнимиз Азамат акага ҳавас қилиб тиш шифокори бўлишимни хоҳлашган. Ҳаттоки, акам Азамат ака билан ҳужжатларимни ТошМИ(ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)нинг стомотология факультетига топширишган. Мен Тошкентга келиб, Суръат акага қўнғироқ қилганимда устоз менга собиқ Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтида ўқишимни тавсия қилди. Шундан кейин ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Шартта ҳужжатларимни олиб, Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтига топширдим. Бу даргоҳда кириш имтиҳонлари бошқа институтлардан бир ой олдин топширилар экан. Мендан институтга тайёргарлик ҳақида сўрашганида аллақачон талаба эдим. Босиқлик билан тушунтиргандим, буни эшитган отам “Ҳа, майли биздан ҳам бир актёр чиқса, ёмонми”, деганди.
Мен бахтли талаба эдим. Негаки, Ўзбекистон халқ артисти, устоз Раззоқ Ҳамроевнинг қўлида ўқидим. Буюк санъаткордан санъат сирларини астойдил ўргандим.
Йигитлик бурчимни ўташ учун мени барча қатори Россиянинг Владивосток шаҳрига ҳарбий хизматга жўнатишадиган бўлишди. Устоз Раззоқ Ҳамроев, “Ахир сен бўлажак мусиқали театр актёрисан. Бунинг учун овозингни эҳтиёт қилишинг керак, у ер эса сенга тўғри келмайди”, деб мени Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги ҳарбий ансамблда олиб қолган эди.
Институтни битириш арафасида ўзим туғилиб ўсган Қашқадарё вилоятининг ҳозирги Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги Мусиқали драма театридан йўлланма келди. Шунда устоз Раззоқ Ҳамроев отамга “Сиз Турғунжонни Қашқадарёдаги отаси бўлсангиз, мен уни Тошкентдаги отасиман. Ахир ниҳолни биз етилтирдик, энди мевасидан ҳам баҳраманд бўлайликда”, деб мени Муқимий номидаги мусиқали драма театрида қолдиришга отамни кўндирган эди. Бу мен учун бир омад эди. Чунки машҳур санъат устаси, устозим Раззоқ Ҳамроевнинг назарига тушган эдим. Шогирд сифатида менга мактаб даврида ва талабалик чоғларимда санъат соҳасида таълим берган устозларимдан бир умр миннатдорман.
Яхшилардан ўрнак олиб яшаш бахтнинг калитидир.
М. ХЎЖАМУРОДОВА ёзиб олди