Мозийнинг бебаҳо мероси
2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда жаҳон ва мамлакатимиз олимлари қаторида қатнашиш бахтига мушарраф бўлдим. “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференция Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши қалбимизга ғурур ва ифтихор туйғуларини жо этди.
15 май куни конференциянинг очилишида муҳтарам Юртбошимиз иштирок этиб, нутқ сўзлади. Президентимиз буюк бобокалонларимиз меҳнати, илму фан тараққиётига қўшган ҳиссаси тўғрисида сўзлагани, биз ёшларга юксак ишонч билдирганлари менга, мен қатори барча тенгдошларимга кўтаринки руҳ бахш этди.
“Ўзбекистон тарихий шаҳар маҳаллалари тараққиётининг асосий тамойиллари (Самарқанд шаҳри мисолида)” мавзусидаги илмий ишимни бугунги кунда якуний босқичларини тайёрлаяпман. Шу билан бирга архитектура соҳасида ўз фаолиятимни олиб боряпман. Келажакда буюк аждодларимизнинг бизга қолдирган бой илмий меъросини чуқур ўрганиб, замонавий архитектура йўналишида улкан ютуқларни қўлга киритиш учун бор билим ва имкониятларимни сафарбар этаман.
Анварбек АЙМАТОВ,
Сам ДАҚИ катта илмий ходими
Айни пайтда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг “Қишлоқ қурилишини лойиҳалаш” таълим йўналиши 4-босқичида ўқиш билан бирга “Темурийлар архитектураси” мавзусида битирув малакавий ишим устида изланиш олиб бормоқдаман. Унда Заҳириддин Муҳаммад Бобур даври архитектураси муваффақиятларини очиб бериш ниятим бор.
Жорий йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли халқаро конференцияда иштирок этишим, архитектура соҳасида янада пухта изланишлар олиб боришга замин ҳозирлайди.
Ушбу нуфузли анжуман ўрта асрларда яшаб ижод этган Шарқ алломаларининг илмий меросларини чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг жаҳон тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини дунё афкор оммасига етказиш, илмий марказлар ва 50 га яқин мамлакатлардан йиғилган олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг ўзаро фикр алмашишлари учун катта имконият бўлди.
“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда дунё олимлари алломаларимизнинг бой мерослари ҳақида тўлқинланиб гапирганларида шундай улуғ юртнинг фарзанди эканимдан ғурурланиб кетдим. Икки кунлик конференция бутун умр қалбимда муҳрланиб қолади, десам янглишмайман. Нуфузли тадбир доирасида дунё олимлари билан учрашиш ва улар билан фикр алмашиш бахтига муяссар бўлдим. Англадимки, бундай конференциялар ёш авлодни маънан ва жисмонан соғлом, замон билан ҳамнафас бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этади.
Азиза ЮСУПОВА,
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабаси, “Беруний” номидаги давлат стипендияси совриндори