ОИЛАДАГИ БАХТ аҳилликдан бунёд бўлади

Оила – ҳаёт абадийлигини таъминловчи улуғ маскан, келажак авлодларни камолга етказувчи бардавом даргоҳ. Уни асраб-авайлаш, ўз-ўзидан никоҳга доир ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлардан хабардор бўлишни талаб этади. Ўзбекистон Республикасида оила қонунчилигида илк бор никоҳ шартномаси киритилгани ҳам уни асраб-авайлашга қаратилган ҳуқуқий асослардандир.

Бу борада ўсиб келаётган ёш авлоднинг етарли тушунча ва билимга эга бўлиши, келгуси ҳаётларини мазмунли ва тотувликда умргузаронлик қилишлари, энг асосийси, жамиятимизга етук, жисмонан ва маънан баркамол авлодларни тарбиялаб беришда муҳим ўрин тутади. Жорий йилнинг мамлакатимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши ва шу асосдаги Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши барча юртдошларимизни, қолаверса, биз каби ФҲДЁ идоралари ходимларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклади.

Бизнинг бугунги кундаги асосий вазифаларимиз эса оила институти ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, балоғат ёшига етмаган шахсларнинг ўзаро никоҳланишларининг олдини олиш ва шу орқали балоғатга етмаганлар ўртасидаги туғруқларни бартараф этиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ва оилавий ажримларнинг олдини олиш ва шаръий никоҳ асосидаги ҳолатларга йўл қўймасликдан иборат.

Фарзанд тарбиясида ота-онанинг тутган ўрни ўта муҳимдир. Чунки, улар барча орзу-мақсадларини ўз фарзандларида кўришни, уларни етук инсонлар қилиб тарбиялашни истайди. Аммо ҳаётнинг тасодифий ва биз кутмаган синовлари ҳам бор. Шу боис эр-хотин ўртасидаги ўзаро садоқат, ҳурмат, босиқлик фарзанд тарбияси ва уларнинг таълим-тарбиясида, одоб-ахлоқида муҳим рол ўйнайди.

Ёшликда икки ҳовли нарида бир қўшнимиз бўларди. Уларнинг оиласи аҳил, ота-онанинг фарзанд тарбиясига эътибори ҳам ибратли эди. Нима бўлдию оила бошлиғининг иши орқага кетди. Ота аламини ичкиликдан ола бошлади. Ҳатто у хотинини калтаклаб, фарзандларини кўчага ҳайдаб соладиган одат чиқарди. Уйидан файз, оиласидан тотувлик кетди. Отани ҳеч ким йўлга сололмади ёки бунга унинг иродаси етмади.


Олижаноб хотинга киши жуфт бўлса,

Уйнинг зийнати – оройиши.

Ҳусни бўлса кўнгилга марғуб,

Яхши ақли бўлса жонга матлуб.

Алишер НАВОИЙ


Онаси эса бунга кўниколмай, оғир дардга чалинди. Ачинарлиси, эътиборсиз қолган фарзандларнинг ўқишга қизиқиши сусайиб, баҳолари пасайиб кетди. Оила парокандаликка юз тутди. Агар оила бошлиғи ҳаёт синовлари қаршисида иродасизлик қилмай бу синовларни мардонавор енгиб ўтганида эди, она ва фарзандлар азобланмаган, оила қўрғонига путур етмаган бўлар эди.

Яна ўқинг:  САМАРАЛИ ТИББИЙ ДИАГНОСТИКА

Оилада фарзанднинг дунёга келиши, ўсиб-улғайиши учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Бу борада биз ФҲДЁ бўлими ходимлари никоҳдан ўтувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш масалаларини тартибга солишга, баъзан учраб турадиган яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, зиммамиздаги вазифаларни сидқидилдан бажариш, бундай ҳолатларни олдини олишга масъулмиз.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги”ги қарори га кўра, ФҲДЁ идораларига мурожаат қилган ёшлар руҳий касалликлар, гиёҳвандлик, тери-таносил ва сил касалликлари, шунингдек, ОИВ, ОИТС бўйича тиббий кўрикдан ўтадилар. Агар тиббий кўрикдан ўтиш тартиби бузилиб баъзи ҳолатлар яширилса, вақти келиб никоҳланувчи ёшларнинг ўзларига оғир асоратлар олиб келиши шубҳасиз. Шу боис яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг қонун йўли билан таъқиқланишига ҳам ахлоқий, ҳам тиббий-биологик омиллар асос қилиб олинган. Бундай номақбул никоҳдан дунёга келган гўдаклар носоғлом, туғма нуқсонли ва ақлий салоҳияти паст туғилиши оқибатида оилалар бузилиб, қариндошлик ришталарига путур етиши сир эмас.

Ана шуларни ҳисобга олган бўлимимиз ходимлари билан тумандаги 82 мингдан ортиқ оилалар, ҳудуддаги академик лицей, коллеж ва олий ўқув юрти талабалари ўртасида мунтазам равишда тушунтириш ва суҳбатлар ҳамда ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Бунинг натижаси ўлароқ, йил мобайнида мурожаат қилинган эллик иккита ажримларнинг йигирматаси тушунтиришлар орқали асраб қолинди.

Соҳанинг нозиклиги, оилаларнинг бахтли турмушини таъминлаш, ёшларни соғлом вояга етказишда соҳада, жумладан, “Оила маросими” марказида ва Ҳамза туман ҳамда Учтепа туман ФҲДЁларида анча йиллар фаолият юритиш мобайнида устозларим – Марҳамат Юлдошева, Вазира Юнусова, Шоҳиста Пўлатовалар тажрибасини ўргандим. Айни пайтда туғилиш ва никоҳларни қайд этиш, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, иш юритиш тартиби ва ФҲДЁ бўлимига тааллуқли барча иш жараёнларини мукаммал олиб бориш, оилалар мустаҳкамлиги ва тотувлигини таъминлаш, соғлом фарзанд туғилиши, фуқаролар ҳуқуқий-маънавий тушунчага эга бўлишларини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқдаман.

Бунинг мисолида, туман миқёсида ўтказилган “Ярим аср ёнма-ён”, “Энг мустаҳкам оила”, “Энг тотув оила”, “Ибратли оила” каби тадбирларни ўтказганимиз. “Мустаҳкам оила йили” муносабати билан ажримларни камайтириш, оила институти ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, балоғат ёшига етмаганлар иштирокидаги никоҳларнинг олдини олиш ва балоғатга етмаганлар ўртасидаги туғруқларни бартараф этиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, шаръий никоҳ асосидаги ҳолатларга йўл қўймаслик борасида аҳоли ўртасида суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борилаётгани вояга етмаган ёшлар ўртасида гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва турли ёмон оқимларга кириб кетмаслик ҳолатларини олдини олишда муҳим ўрин тутмоқда.

Яна ўқинг:  ЁШ ОИЛАЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Аҳоли ўртасида ташвиқот-тарғибот ишларини намунали олиб боришда ходимларимиздан 1-тоифали иш юритувчи Зилола Юлдошева, 2-тоифали иш юритувчилар Сайёра Рўзиева, Озода Маҳмудоваларнинг меҳнати эътиборга сазовор. Шунингдек, узоқ йил тотув умргузаронлик қилган оилаларни рағбатлантириш, ногирон, ёлғиз, ёрдамга муҳтож кексаларга моддий кўмак бериш каби эзгу ишларни давом эттириш ва ушбу қадриятларни ёшлар қалбига жо қилишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Нозима АБДУСАЛОМОВА,

Учтепа туман ФҲДЁ бўлими мудираси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: