“Афандининг гапи тўғри…”
Компаниядагилар “об-ҳавочи”мас
Афандининг телефони жиринглади. Келган хатни ўқиб бўлгач, у хотинига айтди:
– “Тоққа чиқайлик, тоққа чиқайлик дейсан”, мана, шу ойнинг 24-29 саналарида тоғли ҳудудларда қор кўчиши мумкин экан.
– Э, дадаси, қизиқ-қизиқ гапларни айтасиз-а?! Бугун сана ўттизинчи-ку!
– Э, ўргилдим сендан. Мобиль компаниядагилар “об-ҳаво”чимидики, маълумотни вақтида етказиб берса!?
Сахийлигимни билиб қўйсин
Дастурхонга паловхонтўра тортилганди ҳамки, эшик тақиллади.
– Жим, телевизорни ўчир, – деди афанди кўрсатгич бармоғини лабига босиб. – Ҳойна-ҳой, қўшни қарзини сўраб чиққандир.
– Ҳовлининг эмас, хонанинг эшиги тақиллаяптику, дадаси, – деди хотини ҳайратомуз оҳангда.
Бу гапдан қаддини ғоз қилганча, афанди хотинига бақирди:
– Одам фақат ўзи емай бундоқ бошқаларга ҳам ул-бул улашиб туриши керак. Бор, эшакнинг емини бер. У ҳам сахийлигимни билиб қўйсин!
Қулоғи том битиб қопти
Ўчоқ бошида куймаланиб ётган хотинига Афанди ҳасратини тўкди.
– Эшматнинг ўғлини айтаман-да! Ёш ҳолидан қулоғи том битиб қопти.
– Йўғ-е, бақиртириб қўшиқ эшитишидан бир балоси борлигини сезгандим-а, – деди хотини бошини сарак-сарак қилиб. – Ёшгина бола… Дўхтирларга кўринса бўлмасмикан-а!
– Кўринган шекилли. Ихчамгина, замонавий аппаратидан ўрнатиб олган. Аммо таъсир қилмабди. Кўп қўшиқ эшитгани учун миясига ўрнашиб қолган. Яқинига борсам, қулоғидан мусиқа овози янграяпти.
Бу ерда тўхташ мумкинмас
– Афанди янги Матизида хотини билан шаҳарга отланди. Маҳалла гузари олдидан тўхтамай ўтиб кетди.
– Дадаси, гузар олдида тўхтамай чакки қилдингиз-да. Дўстларингиз, қолаверса оқсоқол ҳам бор экан. Энди нима дейишади?!
– Шу, аёл киши жим ўтирса-да. Йўл патрул хизмати ходимларига ҳужжатимни топшириб, кулгуга қолишимни хоҳлайсанми?
– Э, қишлоқнинг ўртасида улар нима қилади? – деди Афандининг хотини ранжиганнамо оҳангда.
– Борми, йўқми, қоидага риоя этиш керак. Оқсоқолда ҳам, дўстларимда ҳам машина йўқ. У ерда тўхташ мумкин эмаслигини улар билишмайди.
Дадам фақат сизни биларкан, де
– Дада, товуқ олдин пайдо бўлганми, тухум, – Афандидан сўради ўғли.
– Қайдам, мен туғилганда иккиси ҳам бор эди. Яхшиси, ўқитувчингдан сўраб кўр.
– Ўқитувчим “Отангдан сўра, у Афанди. Ҳар балони билади”, деди.
– Йўғ-е, шундай дедими?! Унда ўқитувчингга дадам фақат сизни биларкан, деб қўй.
Маҳорат ҳам шунчалик бўладими?!
– Дадаси, дадаси, – деди дарвозадан кириш билан Афандининг хотини бўғзига тиқилган нафасини ичига ютиб. – “Кимсан Абдирайимдай машҳур ҳофиз шеъримни қўшиқ қилди”, дегандингиз. Бундан йигирма йил олдин чиққан китобда ўша шеър бор экан.
– Қани, менга бер-чи! Вой аблаҳларей. Улар шунчалик маҳоратли бўлиб кетишибдики, ўша пайтда кўнглимдан ўтказганимни шартта ўғирлаб, китобга ҳам чиқаришган экан. Шуни айтадилар-да, бугунги ишни эртага қўйма, деб.
Баҳодир БАҲРОМ