МТМдан мактаб сари

Мактабга бориш болаларнинг ҳаётида жуда катта воқеадир. Билим маскани ҳаёти болаларга янги бир дунёни очиб беради, шу даврдан бошлаб болаларниниг асосий фаолиятлари ўзгаради. Ўқиш, фан асосларини пухта ўзлаштиришга киришади.

Бунинг учун болаларда барқарор диққат, ўткир зеҳн, ирода ва шунингдек, мустақиллик, ишчанлик, батартиблик хислатлари бўлиши керак.

Маълумки, мактабгача таълим муассасида болаларнинг жисмоний ўсишларига қанчалик эътибор берилса, уларнинг ақлий ва ахлоқий ривожланишига ҳам шунчалик эътибор берилади. Болаларнинг мактабга чиқишлари доимо назарда тутилиб, улар билан ўтказиладиган таълим машғулотларда уларнинг идроки, диққати, тасаввур ва хотиралари, хаёл ҳамда тафаккурлари тизимли равишда тараққий эттириб борилади.

Таъкидлаш жоиз, болаларни мактабдаги ўқиш жараёнига тайёрлашда уларнинг нутқини ўстириш зарурий шартлардан ҳисобланади. Болаларнинг равон сўзлашлари мактабга тайёр эканликларини кўрсатувчи энг ишончли далилдир. Шунинг учун уларнинг ўз она тилларини яхши, пухта ўрганишларига, яъни сўз бойлигини шакллантиришга, тўғри талаффуз қилишларига, тўла ҳамда тўғри жумла туза олишларига алоҳида аҳамият бериш керак.

Боғча болаларини мактабга тайёрлашда уларнинг қизиқишларидан фойдаланиш зарур. Катта гуруҳ болалари мактаб ҳаёти билан жуда қизиқа бошлайдилар. Боғча болаларидаги бундай қизиқишни тарбиячи қўллаб-қувватлаши ва янада орттириб бориши керак. Бунинг учун мактаб ва унда ўқиш ҳақида суҳбатлар ўтказиш, ҳамда яқин атрофдаги мактабга саёҳат уюштириш яхши натижа беради.

Эътиборга олиш лозимки, боғчадаги етти ёшга тўлган болаларнинг ҳаммаси ҳам мактабдаги ўқиш машғулотларига тайёр бўлавермайди. Айрим болалар янги шароитга тез киришиб кета олмайди. Уларда ўқиш машғулотлари, дарс тайёрлаш учун қандайдир хусусият етишмаётгандек бўлади. Бу ўринда шундай савол туғилади: Болаларни қайси вақтда психологик жиҳатдан мактабдаги ўқиш жараёнига тайёр деб ҳисоблаш мумкин? Айрим психологларнинг фикрича, бола мактабда ўқиш учун атрофдаги нарса ва ҳодисаларга доир анчагина тасаввур ва тушунчаларга эга ҳамда маълум даражада ақлий жиҳатдан ривожланган бўлиши лозим. Бошқа бир ҳаётий мисолларда боланинг ўқишга тайёр эканини аниқлашдаги асосий нарса ирода сифатларининг етилганлигидир, деб таъкидланади. Бу фикр бир ёқламаликка йўл қўйишдан бошқа нарса эмас.

Етти ёшга тўлиш гўдакликнинг тугалланиши ва ўсмирликнинг бошланиш даврига тўғри келади. Худди ана шу даврдан болаларда ўз-ўзини англаш шакллана бошлайди. Шунинг учун ҳам шу даврдан бошлаб болаларни тизимли ўқитишга ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Яна ўқинг:  ФАРЗАНДИМГА

Бола етти ёшга тўлганда у жисмоний жиҳатдан анча ўсади, ўзини идора қилишга, ножўя хатти-ҳаракатлардан тийишга, хулқ-атвор қоидаларини ўзлаштиришга интилади. У ўз кучига яраша меҳнат қила оладиган бўлади. Бу даврда боланинг турмуш тажрибаси анчагина ортади. Хотираси ва тасаввурлари ўсиб, кўпгина шеър ва ҳикояларни ёдлай олади. Етти ёшли боланинг нутқи маълум даражада ривожланиб, сўз топқирлиги ошади. Натижада у ўз ўртоқлари ва катталар билан эркин суҳбат қила олади.

Етти ёшга тўлган болаларда турли ҳаракатлар ҳам мустаҳкамланади. У қайчи, игна, қалам, ручка каби қуроллардан фойдаланиш малакасини эгаллай бошлайди. Бироқ бу даврда ҳам болада беихтиёр фаоллик ҳам устунлик қилади. Шу сабабли болани қизиқтирадиган ёки унга кучли таъсир қиладиган нарсалар диққатини ўзига жалб қилади.

Етти ёшли бола мактабга чиққандан кейин унинг ҳаётида ўйинқароқлик жуда катта ўрин эгаллайди. Бола ўқиш машғулотларидан бўш пайтида ҳар хил ўйинларни ўйнашда давом этаверади. Бундай пайтда бола ўз-ўзини ирода қилишга, ўз ҳаракатларини ўйин қоидаларига бўйсундириш, жавобгарликни сезиш, жамоа манфаатини устун қўйишга одатланади. Ўйин ва мактабгача таълим муассасидаги дидактик машғулотлар жараёнида болаларнинг ақл-идроки, хотира ва тафаккури ўсади. Булар, ўз навбатида, боланинг мактабда ўқий олиши учун психологик замин тайёрлайди.

Муҳаббат МАМАДИЁРОВА,

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 41-умумтаълим мактаб ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: