Кўз нуқсони ва туғруқ
Ассалому алайкум! Ҳурматли “Соғлом авлод” газетаси таҳририяти ходимлари.
Кўришида нуқсон бўлган (плюс ёки минус) аёлнинг туғиш жараёни қандай кечади? Кўз хиралашиши кучайиб кетмайдими? Боланинг соғлигига зиёни бўлмайдими? Қай ҳолатда туғиш операция йўли билан кечади? Шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
Севара ИноFомова
Миопия – узоқни яхши кўра олмасликнинг 3 хил даражаси бор:
1. Енгил-(-) 3 дпртргача
2. Ўрта- (-)3,25 дан (-) 6,0 дптр гача
3. Юқори (-) 6,25 ва ундан юқори
Миопия ташхиси қўйилган бўлажак оналар офтальмолог шифокор кўригидан камида икки марта ўтишлари зарур (Ҳомиладорликнинг бошида ва туғруққа яқин қолганда).
Агар биринчи кўринишда кўз олмаси тўрпардасида ўзгаришлар бўлса, тўрпарда юпқалашгани ёки йиртилгани аниқланиши мумкин. Бундай ҳолатда беморда профилактик лазер когуляцияси муолажаси ўтказилиши зарур. Бунда тўрпарда қон томир пардасига лазер ёрдамида “ёпиштирилади” ва шу билан тўрпарда кўчиш хавфи камаяди.
Бу муолажа мутлақо оғриқсиз бўлиб, муолажадан кейин ҳомиладор аёл кўзи ёригунча ойда бир марта офтальмолог кўригидан ўтиши зарур.
Агар ҳомиладорлик оғир кечса, эрта токсикоз ва ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидаги токсикозлар кузатилса, миопия ҳам 2-3 дптр га ўсиши мумкин. Бунинг сабаби – кўз гавҳарининг шишиб кетиши туфайли кўз оптик системасининг нур синдириш қобилияти кучаяди ва натижада миопия ҳам ўсади.
Енгил, ўрта даражали миопия ва ҳатто юқори даражали миопия ҳам агар тўрпардада сезиларли дистрофик ўзгаришлар бўлмаса туғруқни табиий йўл билан ҳал қилиш мумкин.
Агар тўрпардада асоратли дистрофик миопия ўчоқлари борлиги сабабли ҳамда ҳомиладорлик оғир кечаётган ёки иккиламчи ёндош касалликлар бўлса, туғруқ жарроҳлик йўли билан амалга оширилади.
Дилфуза УСМОНХЎЖАЕВА,
Тошкент шаҳридаги 46-оилавий поликлиникасининг олий тоифали офтальмологи