Боқий наволар
Жажжи қалбларда минг йиллик қўшиқлар қайта сайқалланмоқда
Ёмғир ёғалоқ
Ям-яшил ўтлоқ.
Энди экинлар
Чиқарар қулоқ.
Яшнасин дала,
Очилсин лола.
Тоғлар қўйнида мисли,
Шалола.
Осмонўпар тоғларга туташиб кетган ям-яшил қирларда жам бўлиб қўшиқ куйлаётган болаларнинг юзу кўзидаги қувонч, баҳорий кайфият дилларни яйратади. Ҳаётга янгича назар билан боқишга, яшаш ва яшариш умиди билан олға боришга ундайди. Дарҳақиқат, “Мусиқа – халқ руҳининг маънавий озуқаси”, деб бежиз айтилмаган. Ҳар гал ўзининг фусун-тароватини бахшида этиб ўлкамизга баҳор ташриф буюрар экан, кишилар қалбида эзгу ва хайрли ишлар жўш ура бошлайди. Умрбоқий қадриятларимизни ўзида жо этган қадимий Наврўз айёми кишиларни меҳр-оқибатли, ободлик ва яшарувчанлик ҳисси билан яшашга ундайди. Ушбу байрам ўзбек халқининг руҳияти, урф-одат ва анъаналарини ўзида жо этгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ана шундай қадриятлардан бири миллий халқ қўшиқларидир. Айни дамда инсонлар орзу-умиди, мақсад ва интилишлари куйга қўшилиб, бепоён адирлару-қирлар узра бўй чўзмоқда. Биргина Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Ургут болалар фольклор жамоаси аъзолари ижро этаётган минг йиллардан бери ўз қадр-қимматини йўқотмаган халқ қўшиқлари кишилар қалбига илиқлик олиб кириши шубҳасиз.
Халқ қўшиқлари, термаларини ўрганиб, уларнинг умрбоқийлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган фарзандларимиз кундан-кун кўпаяётгани қувонарли ҳолдир. Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 16-Мусиқа ва санъат мактаби қошида ташкил этилган ушбу фольклор жамоаси фаолияти бунга ёрқин мисол.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш тўғрисида 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2011 йилда қурилган мактабнинг янги биноси санъатсевар болажонлар учун муносиб совға бўлди. 180 нафарга яқин ўқувчилар таҳсил олаётган илм масканида яратилган шарт-шароитлар замон талабига мос. Ургут болалар фольклор жамоаси болажонларининг саҳна одоби, кийиниш маданияти, юксак иқтидори боис ҳам туман, вилоят, республика кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келаётир.
– Болаларни маънан ва руҳан камол топишида халқ оғзаки ижодининг ўрни катта, – дейди 16-Мусиқа ва санъат мактаби директори Азизжон Ҳакимов. – Зеро, унда халқимизнинг минг йиллик тарихи, орзу-умидлари, яшаш тарзи, ўз ифодасини топган. Жажжи авлоднинг бу қўшиқларни севиб ижро этиши уларнинг маънавий олами кенгайишига бемисл ҳисса қўшади.
Бизнинг муассасада ҳам малакали ўқитувчилар Хурсандмурод Эшбоев, Манзура Сатторова каби тажрибали ўқитувчилар устозлик қилмоқда. Болажонларнинг қадимий халқ қўшиқлари – терма ва лапарларни куйлашга бўлган қизиқишини ўстирмоқда. Мактаб қошидаги Ургут Болалар фольклор жамоаси “Майда-майда”, “Ҳакалакам-дукалакам”, “Ҳаппак”, “Наврўз” каби ашула ва рақслари билан республика миқёсида қатор танловларда муваффақият қозонди. “Ягонасан Муқаддас Ватан” республика кўрик-танловининг финал босқичида иштирок этган жамоа танловнинг I даражали дипломига сазовор бўлди. Жамоанинг ютуқларида Шавкат Шукуруллаев, Давлат Авазов, Гулдона Қаршиева, Мадина Баҳриллаева, Шаҳзод Аъзамқулов каби санъатсевар болажонларнинг хизмати катта. Таълим масканига вилоят Халқ таълими бошқармаси, вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Ургут туман ҳокимлиги томонидан мунтазам равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатилмоқда. Болаларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун турли тадбирлар уюштириляпти.
Ҳа, халқ ижоди туганмас бойлик. Ана шу бойликни кўз қорачиғидек авайлаб, келгуси авлодларга етказиш йўлида тер тўкаётган ургутлик санъатсевар болажонлар Республика болалар фольклор жамоаларининг “Кўҳна замин оҳанглари” телефестивалида яна бир бор ўз иқтидорларини намойиш этди. Биз эса халқ дурдоналарини дилдан куйлаётган ўқувчилар ва уларнинг устозларига санъат йўлида янги-янги зафарлар тилаб хайрлашдик.
“Ҳилола”нинг қизлари –келажак юлдузлари
Саҳна узра “Тановор” қўшиғи янграб унга мос равишда хиром этаётган Муниса Каримова ва Умида Миртурсуновани олқишлаётган томошабинлар раққоса қизларнинг имконияти чекланганлигини пайқашмади ҳам.
Республика миқёсидаги кўрик-танловларда, Мустақиллик ва “Наврўз” умумхалқ байрами шодиёналарида ўз санъатлари билан шуҳрат қозонаётган пойтахтимизнинг Олмазор тумани 6-Аҳоли маданий дам олиш маркази тасарруфидаги “Ҳилола” фольклор этнографик рақс дастасининг ўзига хос репертуари бор. Юқорида тилга олган раққоса қизлар ҳам ана шу рақс дастаси қатнашчилари. Олий тоифали педагог Жамила Ҳамидова раҳбарлигидаги рақс дастаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Истиқлол ғунчалари”,“Менинг маҳаллам” номли кўрсатувларида ўз санъатларини намойиш этган. “Бўзтўрғай”, “Читтигул”, “Лолажон” каби лапарларни маромига етказиб ижро этишга интилаётган Робиябону Эркинова, Муниса Каримова, Раъно Ниёзова, Акмалжон Ахмедов каби санъатсевар йигит-қизларнинг ширали овози ва нозик рақслари ҳайратингизни оширади. Ахир бўлғуси санъаткорларга мусиқа сирларини ўргатаётган Ҳилола Элмуродованинг ўзи ҳам санатни жону-дилидан яхши кўради-да. Опа-сингил Зиёда, Маржона Ёдгоровалар ҳам ана шу дастада кўплаб рақсларни ўрганиб қатор танловларда ғолиб бўлишди.
Дарҳақиқат, Республика болалар фольклор жамоаларининг “Кўҳна замин оҳанглари” телефестивалида ўз санъатларини намойиш этишга муваффақ бўлган ўқувчилар яна янги танловларга қизғин ҳозирлик кўришмоқда.
Саҳифани Жамила Ҳайдарова тайёрлади.