Ёлғоннинг умри қанча?..
Ёлғончилик нима? Бу саволга ҳамма турлича фикр билдиради. Кимдир уни шунчаки бир ҳазил деса, яна кимдир тилёғламачи, туҳматчи ва уйдирмачилар касби дейди. Ҳаммамиз ҳам ҳаётда оз бўлса-да, ёлғон ишлатиб турамиз. Баъзида ёлғон бизга ижобий натижалар келтирган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бироқ, унинг меъёрдан ошиши нохуш ҳолатларга сабаб бўлади. Учига чиққан ёлғончилар эса, касалликка чалинган, дея ҳисобланади…
Бу касалликка одам қандай дучор бўлади?
“Шум бола” фильмини эслайлик. Қоравой онасини алдаб, уйидан тухум ўғирлаб чиқаётганда қўлга тушиб қолади. Бу кинода ёлғон кулгили тарзда гавдалантирилган бўлса-да, аслида, ачинарли ҳолат. Чунки у ёшлигидан ёлғончиликка ўрганиб, умри давомида бу иллатдан қутулиши қийин кечади. У қаерга бормасин, шу камчилиги орқасидан панд ейди. Тўғри, унинг шундай бўлиб ўсишига давр, қолаверса, ота тарбиясини кўрмагани сабаб бўлган. Аммо ёлғонни тез-тез ишлатадиганлар оз бўлсада орамизда учраб туради.
Ёлғонни қай вақтда ишлатиш мумкин? Аразлашиб қолган кишиларни яраштириш, оиладаги жанжалнинг олдини олиш, тушкунликка тушган инсоннинг кўнглини кўтариш, умуман, яхшиликка хизмат қилиш учун ёлғон ишлатиш жоиз. Шунда ҳам меъёридан ошмаслик, бошқаларга зарар етказмаслик шарти билан.
Ўзни алдашдан ёмони йўқ!
“Ўзини алдаш – энг ёмони, чунки бунда алдамчи доимо алданганнинг қаршисида бақрайиб туради”, деганда Афлотун нақадар ҳақ эди. Кўпчилигимиз ҳаётда ўзимизни алдаб яшаймиз. Эҳтимол, тирикчиликни аранг ўтказаётгандирмиз. Шуни ҳисобга олиб, “Бировга яхшилик қила олмаётганимга сабаб – қўлим қисқалиги”, деган фикрга ўзимизни ишонтирамиз. Аслида, ана шу ерда ёлғонга йўл қўйган, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз. Чунки яхшилик фақат эҳсон ёки бойлик билан ўлчанмайди. Кимнингдир юкини манзилига элтиб бериш, кимнингдир ғам тўла кўзларига қувонч бахш этиш учун пулга не ҳожат? Бунинг учун икки оғиз ширин сўз ёки бироз вақтнинг ўзи кифоя эмасми? Балки бу гаплар ҳозирги замонга тўғри келмайди, дерсиз? Инсон яралибдики, меҳр-муҳаббат, садоқат, вафо, саховат каби туйғулар яшаб келмоқда. Қанча замонлар ўтса-да, мезони йўқ бу тушунчаларнинг қадр-қиммати ҳануз ўзгармаган!
Зарина РАҲМОНОВА