Яхши ният – ярим давлат, қолган ярим давлат – фарзандимиз
Кўп қаватли уйлар ёнидан ўтаётиб, аёл кишининг ўғлига “Қачон бир ишни эплаб бажаргансан, ўзи. Қўлингдан ҳеч иш келмайди”, деб танбеҳ бераётганининг гувоҳи бўлдим. Боланинг ҳолатини кўриб, негадир унга раҳмим келди. Аслидаку, ҳеч қандай она болам ёмон бўлсин демайди. Чин дилдан койимайди. Аммо…
Психологларнинг таъкидлашича, ота-она бола олдида муаммоларга ечим излашдан кўра у билан кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қилиши, унга ширин сўзлар билан мурожаат қилиб, “Сен яхшисан” дейиши, уни яхши кўришини кунига камида ўн марта такрорлаб туриши лозим экан. Бу болани руҳлантириб, ота-онага яқинлаштирар ҳамда ўзига бўлган ишончини кучайтираркан.
Хитой ёзувчиси Шу Мин Бининг “Болажон, нега сени ураман?” деб номланган ҳикоясида шундай жумлалар бор: “Бир куни дугонам билан чақ-чақлашиб ўтирганимизда, унга: “Бу ҳаётда мен бирор кимсани уриб кўрган эмасман”, дедим. Ўшанда бирдан сен оғзимга урдинг: “Ойи сиз тез-тез бир одамни урасиз. У ҳам бўлса – мен”, – дединг. Шу пайт хона жим-жит бўлиб қолди. Ундан кейин меҳмон билан суҳбатимизни анчагача давом эттирдик. У билан кўп нарсалар ҳақида гаплашдик, лекин барча гаплар у қулоғимдан кириб, бунисидан чиқарди. Болажон, айтган сўзларинг юрагимда бир қурт каби ўрмаларди…”
Бизга баъзан арзимас бўлиб туюлган нарсалар аслида ҳаётда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги хаёлимизга келмайди. Фарзандимиз олдида айтилиши керак ва нокерак нарсаларни ҳам аралаштириб сўзлайверамиз. Баъзи аёллар ҳатто болалари олдида эрини кўп пул топмасликда айблайди. Бу билан улар болалари орасида отасига нисбатан ҳурматни йўқотишаётганини билишмайди. Оила даврасида нафақат эр хотинни ё хотин эрни ёмонлаши, балки ўзгалар ҳақида ҳам ғийбат сўзларни ишлатиши дуруст эмас.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг шундай сатри бор:
Билмаганин сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим.
Қандай бола билмаганини ҳам сўрамасдан ўтираверади? Албатта журъати етмаган бола. Журъатсизлик эса ҳадеб танбеҳ эшитаверишдан ҳам келиб чиқиши мумкин.
– Ҳар бир инсоннинг, айниқса, эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган ёшларнинг онгига шундай фикрни сингдириш керакки, улар ўртага қўйилган мақсадларига эришиш, ўзларига, уларнинг ғайрат-шижоатига, тўла-тўкис фидокорлигига ва чексиз меҳнатсеварлигига боғлиқ эканини англаб етишлари шарт, – дейди психолог Замира Маманазарова. – Айрим ота-оналар болаларини “Сен одам бўлмайсан”, дея койишади. Бундай танбеҳлар боланинг бераҳм, шафқатсиз, қўпол бўлиб вояга етишига сабаб бўлиши мумкин. Халқимизда шундай гап бор, “Болани сўкаверсанг бети, ураверсанг эти қотар”.
Олимларнинг фикрича ҳомила она қорнидаёқ онасининг товушини эшитади, бўлаётган қўпол сўзлар, бақириш, жанжаллар руҳиятига салбий таъсир қилади. Натижада у аразчи, безовта ва ёмон хулқларга мойил бўлиб ривожланади. Аксинча осойишта шароитда улғайган бола соғлом ва сокин феъл бўлиб туғилади. Бола туғилганидан сўнг ҳам унинг қалбида ёмонликни юзага келтирадиган муомала ҳамда муҳитга қарши курашиш даркор. Шунинг учун ёшларга оилада, ўқув муассасаларида билим ва одоб ўргатишда улар қалбида ижобий фазилатларни шакллантиришга эришиш лозим.
Демак, ота-оналар ўз фарзандларидан норози бўлиб, улар билан боғлиқ кўнгилсиз вазиятдан тажанг бўлиб, “Қўлингдан бир иш келмайди”, дея ҳар гапида такрорлайвермаслиги керак. Ахир бунинг натижасида фарзандида журъатсизлик, ўз фикрини эркин айта олмаслик каби одатлар шаклланиши мумкинлигини унутманг.
Эътибор НОРБЎТАЕВА