Соғлом авлод тарбиячиларига эҳтиром рамзи

“Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилганига 21 йил тўлди

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 4 мартдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган мустақил Ватанимизнинг илк орденига “Соғлом авлод учун” номи берилгани истиқлолнинг дастлабки кунларидан олдимизга қўйган барча эзгу интилишларимизнинг мақсад-моҳияти жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга қаратилганининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган сўзлари халқимиз учун ўзига хос даъватга айланганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Зотан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар замирида аввало эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган фарзандларимиз манфаати мужассам.

Мамлакатимизда тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларининг бир-бирига уйғун ривожлантирилаётгани ўғил-қизларни ҳар жиҳатдан соғлом тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда. Нуфузли халқаро ташкилотлар рейтингига кўра, Ўзбекистон болалар саломатлиги муҳофазаланган етакчи ўн мамлакатдан биридир. Фарзандларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Бундай юқори натижалар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт фарзанд тарбиясининг муҳим мезонларидан бирига айланганининг самарасидир. Уч босқичли узлуксиз тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари ёшларнинг барча қатламини оммавий спортга жалб қилишнинг энг самарали усули бўлиб, эндиликда бу тизим дунёнинг қатор мамлакатларида ноёб тажриба сифатида ўрганилмоқда.

Юртимиздаги 65 мингдан зиёд спорт секцияларида икки миллионга яқин ўғил-қиз спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Спорт билан шуғулланган болаларда касалланиш даражаси сезиларли даражада пасайгани, сўнгги ўн йилда мутлақ соғлом болалар улуши 11,2 фоизга ошгани ана шу ҳаракатнинг амалий натижасидир.

“Соғлом авлод учун” ордени соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ишига улкан ҳисса қўшаётган фидойи юртдошларимиз меҳнатини муносиб рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур орден билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигига эришиш, Ватани равнақи учун хизмат қиладиган жисмонан, маънан ва ахлоқан соғлом авлодни камол топтириш йўлида фидокорона хизмат қилаётган инсонлар мукофотланади. Шунингдек, бошқа давлатлар фуқаролари ҳам мазкур мукофот билан тақдирланиши мумкин.

Орденнинг тасвирида ўзига хос рамзий маъно-мазмун мужассам. Тинч ва осойишта Ватанимизни чароғон қилиб турган қуёшнинг заррин нурлари остида фарзандини бағрига босган мўътабар она сиймоси соғлом болани тарбиялаш халқимизнинг эзгу амали эканига ишорадир. Боланинг юксакка – қуёшга интилаётгани келажакда буюк ишларга қодир эканидан далолат, мунис онанинг зурриёдига қараган меҳр тўла нигоҳида соғлом фарзандининг униб-ўсишига мустаҳкам ишончи барқ урган.

Яна ўқинг:  Замонавий шифохона эл хизматида

Орден бириктирилган дастанинг ички қисми яшил рангдаги товланувчи лента билан ўралган. Лентанинг ўртасида уйғониш тимсоли бўлган гуллаб турган ўрик новдаси тасвири туширилган. У яшариш ва янгиланиш рамзи бўлган яшил ранг фонида янада теран мазмун ифода этади.

Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида юксак натижаларга эришаётган кўплаб юртдошларимиз соғлом авлод тарбиячиларига эҳтиром тимсоли бўлган ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Хоразмлик Феруза Аллаберганова ўттиз йилдан буён Қўшкўпир туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, соғлом турмуш тарзи тамойиллари руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 23 августдаги фармонига биноан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.

– Мустақиллик йилларида соғлом ва баркамол авлод тарбияси умуммиллат ишига айланди, – дейди Ф.Аллаберганова. – Жорий йил Юртбошимиз ташаббуси билан Соғлом бола йили деб эълон қилиниши ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш масаласини бундан-да юқори босқичга олиб чиқади. “Соғлом бола йили” Давлат дастурида давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятлари аввало жисмоний ва маънавий соғлом, мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшларни тарбиялашга қаратилгани бунинг ёрқин ифодасидир.

Ҳар бир халқнинг қудрати, буюклиги кўп жиҳатдан миллатнинг соғломлиги, маънавиятининг юксаклиги, навқирон авлоднинг қандай тарбия топганига боғлиқ. Мамлакатимиз ёшлари ҳар соҳада ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмайди ҳам. Уларнинг иқтидорини қадрлаш, салоҳиятини юзага чиқариш, соғлом тарбиялаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА шарҳловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: