Тутқаноқ хуружлари (эпилепсия) қандай касаллик?

Ҳурматли таҳририят аъзолари!

Cинглим 18 ёшда. У тез-тез тутқаноқ ҳолатига тушиб қолади. Бу хасталик биринчи марта 2009 йил 31 декабрда хуруж қилган эди. Ҳозир эса ҳар 6 ойда кузатилмоқда. Охирги марта 17 февраль куни юз берди. Даволаса бўладими? Мутахассислар бу ҳақида нима дейди?

Отабек ДАМИНОВ,

Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани


Эпилепсия – бу руҳий касаллик эмас, ҳамда у юқумли ҳисобланмайди. “Эпилепсия” ташхиси инсонга тутқаноқ хуружининг сони иккитадан кам бўлмаган ҳолдагина қўйилади. Бундай ташхиснинг аниқ қўйилиши, организмда эпилептик тутқаноқларни келтириб чиқарувчи бошқа касалликлар аниқланмаганлигига ҳам боғлиқдир. Эпилепсия – тутқаноқ хуружлари тез-тез бўлиб турадиган ҳолатдир.

Ўн олти ёшгача бўлган мингта боладан тахминан еттитаси шу касаллик билан хасталанган. Катта ёшдаги инсонларга келсак, уларнинг икки юзтасидан биттасида шу дард кузатилади.

Кўп ҳолларда тутқаноқ хуружлари энди туғилган чақалоқларда тана ҳарорати юқори бўлганда кузатилади. Лекин бу хуружларнинг кузатилиши инсонда кейинчалик эпилепсия касаллигини келтириб чиқаради дегани эмас. Бундай касаллик ҳар қандай ёшдаги одамда бўлиши мумкин. Лекин бу хасталикка кўпроқ ўсмир ёшидаги инсонлар рўбарў бўладилар.

Эпилепсия касаллиги билан хасталанган беморларнинг етмиш беш фоизини йигирма ёшгача бўлган беморлар ташкил этади. Йигирма ёшдан ошган беморларда эса тутқаноқ хуружларининг кузатилиши асосан турли хилдаги жароҳатларга ёки инсульт(бош мия қон томирларида қон айланишининг бузулиши)га боғлиқ бўлади.

Эпилепсиянинг келиб чиқишини тушунтириб берадиган бир умумий сабаб мавжуд эмас. Эпилепсия – наслий касаллик эмас, аммо қариндошлари шу хасталик билан касалланган баъзи бир оилаларда бу касалликнинг учраш эҳтимоли юқори. Беморларнинг 40 фоизида яқин қариндошлари шу касалликка чалинган бўлади. Тутқаноқ хуружларининг бир неча хил тури мавжуд. Уларнинг оғирлиги ҳам турлича кечади.

Тутқаноқнинг келиб чиқишида бош миянинг ярми шикастланган бўлса, парциал ёки фокал ҳисобланади. Агар бош миянинг ҳамма қисми хасталанса, унда бу хуруж генераллашган хуруж деб аталади. Яна аралаш хуружлар ҳам бор: улар олдин бош миянинг ярмидан бошланиб, сўнг бутун мияни коплайди.

Афсуски, етмиш фоиз ҳолларда касалликни келтириб чиқарувчи сабаблар мавҳумлигича қолиб кетмокда.

Касалликни келтириб чиқарувчи қуйидаги сабаблар тез-тез учраб туради: бош мия жароҳати, инсульт, бош мия ўсмаси, туғруқ жараёнида кислород ва қон-томир етишмовчилиги, мия тузилишининг бузилиши (мальформациялар), менингит, вирус ва паразитар касалликлар, мия абсцесси (йиринглаши).

Яна ўқинг:  ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМАСИ

Касалликка ташхис қўйиш учун шифокор бемордаги касалликни ҳамда ирсий хасталик сабабларини текширади. Аниқ ташхис қўйиш жуда мураккаб. Бунинг учун шифокор кўп босқичли текширувни амалга ошириши лозим. Касалликнинг белгиларини текширади. Тутқаноқ хуружининг учраш сонини аниқлайди. Хуруж батафсил таърифланади. Бу эса унинг кечиш жараёнини аниқлашга ёрдам беради. Чунки, хуружни бошдан кечирган одам ҳеч нарсани эслай олмайди. Сўнг, электроэнцефалография (ЭЭГ) қилиниши лозим. Бу орқали бош мия фаолияти текширилади. Бундан ташқари, компьютер томография ва магнит-резонанс томография каби текшириш усуллари ҳам қўлланилиши мумкин.

Агар касаллик тўғри даволанса, саксон фоиз ҳолларда бундай одамлар тутқаноқ хуружисиз ва фаоллиги чегараланмаган ҳолда яшайдилар.

Кўпгина инсонларга тутқаноқ хуружининг олдини олиш мақсадида умри давомида тутқаноққа қарши (антиэпилептик) препаратларни ичиш тавсия қилинади. Баъзи ҳолларда, агар беморда бир неча йил давомида касаллик хуружи қайталанмаса, ўтказилган ЭЭГ кўрсаткичлари меъёрда бўлса, шифокор тутқаноққа қарши препаратни бекор қилиши мумкин. Эпилепсиянинг хавфли тарафларидан бири шундаки, катта тутқаноқ хуружи пайтида бўғилиб қолиш (беморнинг юзи билан ёстиққа ётиб қолса, ва ҳоказо ҳолатларда) ёки бўлмаса йиқилиб тушиш натижасида қаттиқ жароҳат олиши, бу эса ўлимгача олиб келиши мумкин. Ундан ташқари, катта тутқаноқ хуружлари қисқа вақт оралиғида ривожланиши мумкин. Бу эса ўз навбатида хаста кишида нафас олишнинг тўхташига олиб келади.

Генераллашган (марказлашган) тонико-клоник (аъзои баданнинг тиришиб қолиши) хуружларга келсак, уларинг оғир кечиши ўлим билан тугаши мумкин. Бундай хуружлар кузатиладиган беморлар доимо яқинлари назоратида бўлишлари керак.

Эпилепсия билан хасталанган инсонлар дуч келадиган муаммо – бу атрофдаги бошқа одамларни хуруж пайтида қўрқитиб юборишидир. Болаларда эса бу ҳолат, синфдошлари, дўстларининг четлашиши билан кузатилади. Ундан ташқари бу хасталик сабабли болажонлар спорт ўйинлари ва мусобақаларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Антиэпилептик давони тўғри танланганлигига қарамасдан, болаларда дарсларни ўзлаштиришда қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин. Баъзи инсонларни қайсидир иш фаолият туридан чеклашга тўғри келади. Масалан: автомобиль бошқарувидан. Эпилепсиянинг оғир турида инсон ўзининг руҳий ҳолатини назорат қилиб бориши лозим. Чунки, руҳий ҳолат эпилепсия касаллигини ажралмас қисми ҳисоблланади.

Агар ҳозирда даволаш тадбирлари туғри йўналишда олиб борилса, беморда тутқаноқ хуружлари кузатилмайди. У ҳамма қатори бирдай соғлом ҳаёт тарзини олиб бориш имконига эга бўлади. Даволашдан мақсад, тутқаноқ хуружларини бутунлай йўқолишига қаратилган бўлиши керак. Ҳозирги вақтда бу касалликни бир нечта препаратлар билан даволаш йўлга қўйилган. Уларнинг баъзилари миянинг фақатгина бир қисмига, яъни эпилепсиянинг маълум бир турига таъсир кўрсатиши мумкин. Дорининг асоратлари беморларда турли хил намоён бўлади. Шунинг учун бундай препаратларни қабул қилиш жараёнида шифокор тавсиясига амал қилиш зарур.

Яна ўқинг:  Соғлиқни мустаҳкамловчи фойдали маслаҳатар!

Эпилепсия касаллиги мавжуд аёллар ҳомиладорликдан олдин ва кейин врач кўригидан ўтишлари шарт. Ҳомиладорлик пайтида антиэпилептик препаратларни бирданига тўхтатиб қўйиш қатъиян тақиқланади.

Агар дори воситалари билан даволаш ёрдам бермаса, бошқа усулга ўтиш мумкин. Миянинг шикастланган қисмини жарроҳлик операцияси ёрдамида олиб ташлаш зарур. Лекин бунинг учун махсус тиббий ускуналар ёрдамида ўтказиладиган юқори технологияли текширув усуллари, ҳамда умуман бошқа анализлар ўтказилиши лозим.

Тутқаноқ тутаётган беморларга хуруж пайтида қандай ёрдам беришимиз мумкин? Демак, хаста киши бирданига йиқилиб қўл ва оёқларини ноаниқ ҳаракатлантираётган бўлса, бошини орқага ташлаётган бўлса, кўз қорачиқларига эътибор беринг. Агар улар кенгайган бўлса, демак бу эпилепсия хуружи тутганидан далолат беради.

Биринчи навбатда атрофдаги беморни устига тушиб кетиши мумкин бўлган ўткир ва қаттиқ буюмларни четга суриб ташланг. Кейин беморни қорнига ўгиринг ва бошининг тагига биронта юмшоқ буюм қўйинг, бу жароҳатнинг олдини олади. Агар бу пайтда беморда қусиш кузатилса унинг бошини ёнга буринг, бу қусиқ нафас йўлига кетишининг олдини олади.

Бемор тилини тишлаб олмаслиги учун унинг тишлари орасига қаттиқ нарса қўйилади. Агар бу буюм рўмолчага ўралган қошиқ бўлса мақсадга мувофиқдир. Эпилептик хуруж пайтида беморга сув берманг, ҳамда уни мажбуран ушлаб туришга ҳаракат қилманг. Атрофдаги одамлардан шифокорни чақиришларини илтимос қилинг.

Ё.Мажидова,

тиббиёт фанлари доктори, профессор,

С.Турсунхўжаева,

тиббиёт фанлари номзоди, “Спектра неврология” клиникаси бош шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: