Меъда яраси юқумли
“Хеликобактер”ни кашф қилган австралиялик олимлар Барри Маршалл ва Робин Уорренлар томонидан меъда ярасини бактерия қўзғатиши аниқланди. Қиш фасли нафақат ЎРВИ ва грипп хасталиклари, балки сурункали меъда-ичак касалликларининг ҳам қўзғалиш даври ҳисобланади. Кейинги йилларда яра касаллиги кўпгина олимларнинг баҳслашувига сабаб бўлмоқда. Бу хасталикларни даволаш ва профилактика муаммолари олдинроқ пайдо бўлган. Сўнгги беш йилликда муолажанинг самарадорлиги, дори-дармонларнинг иқтисодий қийматлари долзарб муаммолигича қолмоқда. Ошқозон ўн икки бармоқли ичакнинг яра касалликлари ёшариб бориши, яъни ёш болаларда ҳам кўпайганлиги сезилмоқда. Макро ва микроорганизмларга касалликнинг клиник кечишига экологик омилларнинг ҳам таъсири катта.
МЕЪДА ВА ЎН ИККИ БАРМОҚЛИ ИЧАК ЯРА КАСАЛЛИГИ
Яра касаллиги – меъда ёки ўн икки бармоқли ичакда жойлашадиган полиэтиологик касалликдир. Шиллиқ пардага, парда остига, баъзан эса мушак қаватларига ўсиб кириб борадиган нотекис ҳар хил шаклдаги чуқурчалар пайдо бўлади. Меъда ёки ўн икки бармоқ ичак шиллиқ пардасининг муайян бир қисмида қон таъминоти бузилади. Бу соҳанинг меъда шираси таркибидаги хлорид кислотасидан таъсирланиши натижасида шиллиқ парда гўё “ҳазм қилинади”, яра ҳосил бўлади. Кучли руҳий зўриқиш ҳам касалликка сабаб бўлади.
Яра касаллигининг ривожланишида овқатланиш тартибининг бузилиши шубҳасиз асосий сабаблардан ҳисобланади. Шунингдек, яра касаллигига нос, сигарет чекиш каби зарарли одатлар йўл очиб беради. Чунки, никотин қон томирларини спазмига (қисқаришига) ва меъданинг қон таъминоти бузилишига олиб келади. Наҳорга чекиш, айниқса, жуда ҳам зарарли. Яра касаллигининг пайдо бўлишига спиртли ичимликларга ружу қўйиш, шунингдек, дағал ва мунтазам равишда меъда шиллиқ пардасини таъсирлантирадиган овқатларни ейиш, қалампир, сирка, горчица, хрен кабиларни овқатда кўп ишлатиш ҳам хасталикка шароит туғдиради.
Яра касаллигининг ривожланишида гастрит (меъда яллиғланиши)нинг роли хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Меъда суюқлигида хлорид кислота миқдорининг ошганлиги сабабли у шиллиқ пардани таъсирлантириб туради. Шиллиқ қават бичилиши натижасида майда яра ўчоғи юзага келади. Яллиғланиш жараёнини қўзғатувчи бактерия ўз зиммасига олади. Бу бактерия специфик ҳаракатчан, учлари майда-майда бир-бири билан чалкашиб кетган ўсимталари бўлиб, улар жуда ҳам ҳаракатчан. Улар вертолёт паррагига ўхшаб айланганлиги сабабли “геликоптера” деб аталади. Бактериянинг меъда ичида ривожланганлигини ҳисобга олиб “хеликобактер пилори” номи берилган. Биринчи бўлиб австралиялик олимлар Барри Маршалл ва Робин Уорренлар томонидан меъда ярасини бактерия қўзғатиши аниқланган. Аммо бунга кўп олимлар ишонишмаган. Қандай қилиб хлорид кислота ичида бактерия бўлиши, ривожланиши мумкин, дея эътироз билдиришган. Ўзларининг фикрини тўғрилигини исботлаш мақсадида Барри Маршалл бир стакан хеликобактерияли сувни ичиб меъда яра касаллигини юқтиради ва муолажадан сўнг тузалади. Шундан сўнг бу икки олимга 2005 йилда Нобель мукофоти берилган.
Ҳозирги вақтда аксарият беморлар орасида ўз-ўзини даволашга уриниш, табиблар шарбатини ҳамда дори-дармонларини бетартиб қўлланишлар учраб туради. Шунга кўра яра касаллигининг пайдо бўлиши баъзи бир дори воситалари – аспирин, парацетамол, индометацин, диклофенак, ортофен, диклоберил беморлар томонидан гормонларни ичиш билан боғлаш мумкин. Цефазалин, сифлокс, бисептол айни вақтда урф бўлган дориларни салгина грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) билан оғрисалар қабул қила бошлайдилар ва бактерияларни чала ўлдирадилар. Маълум вақтдан сўнг улар тириладилар. Бу дорилар муайян турдаги касалликларга учраган беморлар учун ниҳоятда зарур. Бироқ, уларни фақат шифокоргина тўғри дозада тайинлайди ва бекор қилади.
Аввал яра касаллиги аввало меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг маҳаллий касаллиги деб ҳисобланган бўлса, ҳозирда бу касалликка бутун организмнинг касаллиги дея қаралмоқда. Бу касалликнинг ривожланиш механизмини меъда фаолиятининг нейроэндокрин бошқарилиши тизимидаги сон жиҳатдан кўп бўлмаган аниқ патологик (нуқсонли) ўзгаришларга тақаш мумкин. Бироқ, яра касаллигининг сабаблари, юқорида айтилганидек ниҳоятда турли-туман бўлади. Буларга бошқа аъзолар ва тизимларнинг қатор касалликларини: жигар, ўт қопи, меъда ости бези, ички секреция безлари касалликларини киритиш мумкин.
Яра касаллигининг бошланғич белгилари: чунончи, меъданинг яра касаллигида овқатдан кейин меъда ости соҳасидаги оғриқ ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллигига қараганда бир мунча тезроқ (30-60 дақиқа ўтгач) пайдо бўлади. Тўш остида овқат ейишдан 2-3 соат ўтгач пайдо бўладиган қаттиқ оғриқ, шунингдек, қон кетиш аломатлари (қора, қатронсимон ахлат, “кофе қуйқаси” кўринишида қусиш), оч қолганда оғриқ бўлиши овқатдан кейин оғриқнинг йўқолиши асосида ўн икки бармоқ ичакнинг яраси қўйилади.
Бироқ, яра касаллигининг белгилари кам ифодаланган атипик “ўзгарган” белгилари билан ҳам бўлади. Касалликнинг бундай кечиши аксарият 60 ёшдан ошган шахсларда кузатилади. 18-25 ёшли даврида яра касаллиги шиддат билан кечади. Кўпинча вақти-вақти билан қўзғалиб туради. Оч қолганда қаттиқ оғриқ кечалари уйқудан туриб овқат ейишга мажбурлайди. Меъда ширасида хлорид кислота миқдорининг ошиши билан ўтади. Касалликнинг бу турида меъда ва ўн икки бармоқ ичакдан баъзан қон кетади.
Яра касаллиги диагностикасида ахлатни яширин қонга текшириш муҳим аҳамиятга эга. Нотўлиқ муолажалар меъда (пилорус)нинг чиқиш қисмидаги яра чандиқ ҳосил қилиб битади. Бу соҳа торайиб қолади ва овқат у орқали қийинчилик билан ўтади. Меъда бўшлиғи кенгаяди, овқат туриб қолади, бижғиши, ачиши ва жадал газ ҳосил бўлиши, кетма-кет кекириш кузатилади. Кекиришдан сўнг енгиллик сезилади. Меъда шу қадар чўзилиб кетадики, қориннинг юқори қисми билинарли даражада катталашади. Беморни қайт қилиш безовта қилади, қусуқ массаларида аввал ейилган овқат қолдиқлари кўриниб туради. Овқатнинг етарлича ҳазм бўлмаслиги ва нотўлиқ ҳазм бўлиб сўрилиши натижасида организмнинг умумий ҳолсизланиши рўй беради, одам озиб кетади, дармонсизлашади, териси қуруқ, оппоқ бўлиб қолади. Бу организмнинг сувсизланиши аломатларидан бири ҳисобланади. Бемор кайфиятининг ёмонлиги қайд қилинади ва у меҳнат фаолиятини йўқотади. Яра касаллигини комплекс даволаш зарур, яъни тайинланган ўзига таалуқли дори-дармонларни, парҳез овқат, кечикиб ўтказилган асоратлар бўлса оператив муолажа билан қўшиб олиб бориш керак.
Яра касаллигида жисмоний ва руҳий осойишталик, механик ва кимёвий жиҳатдан тўғри келадиган овқат асосий даво омилларидан бўлганлиги туфайли бемор руҳий ва жисмоний зўриқишлардан, кескин совуққотишлардан ва исиб кетишдан, қаттиқ, яхши пиширилмаган овқатдан, шўр ва ўткир таомдан, дудланган маҳсулотлардан ва ширинликлардан ўзини тийиши лозим. Чекиш ва спиртли ичимликларни ичиш мумкин эмас. Хеликобактер нафақат яра касаллигини вужудга келтиради, балки меъдадаги оғир яллиғланишни (гастрит) ҳамда ёмон сифатли ўсмаларни ҳам қўзғатиши мумкин. Шунинг учун соғлом кишилар ҳам бундай бактериялардан ўзларини сақлашлари лозим. Аммо бу ҳозирги кунда бажарилиши мураккаброқ бўлган муаммодир.
Хўш, хеликобактер пилорини юқтириб олмаслик учун нима қилмоқ керак?
Овқатланишдан олдин қўлни яхшилаб ювиш лозим. Бармоқларни худа-бехудага оғизга солмаслик, бир идишдан бошқа кишилар билан бирга овқатланмаслик ёки сув ичмаслик, бошқалар ишлатган тиш чўткаси, қошиқ, вилка, сочиқлардан фойдаланмаслик керак. Кишилар билан ўпишиб кўришманг, қўл бериб кўришганда, пул санагандан сўнг қўлингизни албатта совунлаб ювинг, умумий қўл артишга қўйилган сочиқларга қўл артманг, бировнинг ёстиғида ётманг.
Яра касаллигида бировга шифо бўлган дори-дармон бошқа кишига умуман тўғри келмаслиги мумкин.
ЯРА КАСАЛЛИКЛАРИДА ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ ҚОИДАЛАР:
Биринчи – Ҳар 2-3 соатда озгина-озгина овқатланиш даркор. Мақсад – меъда бўш қолмаслиги ва унинг шиллиқ қаватига хлорид кислота таъсир қилмаслиги учун овқат шимиб олиш миқдорини пасайтириш натижасида кислотали муҳит пасаяди.
Иккинчи – Ейилган овқат юмшоқ бўлиши, яранинг устини жароҳатламаслиги керак. Бунинг учун гўштмайдалагичдан ўтказиб овқат қайнатиб пиширилиши, клечаткаси кўп бўлган маҳсулотлар (мош, нўхат, ловия, қўзиқорин, ёнғоқ, кепакли нон, чандрли гўштни истеъмол қилмаслик зарур).
Учинчи – Озиқ-овқат маҳсулотлари тана ҳароратига яқин бўлиши, яъни 370 С даража бўлиши керак. Иссиқ ва совуқ овқат меъда шиллиқ қаватини ва яранинг устини қитиқлайди.
Тўртинчи – Ҳар бир бемор ўз вақтида овқатланиши, дори-дармонларни истеъмол қилиши, парҳезга қатъий амал қилиши шарт.
Бешинчи – Баҳорда ва кузда жиғилдон қайнаши, кекириш, оғриқ бўлиши парҳезга амал қилиб, муолажа олиш вақти етганидан дарак беради.
Олтинчи – Яра касаллигини бошидан ўтказганлар овқатланиш тартибини бузмасдан, меъда ширасини кўп ишлаб чиқаришга олиб келувчи маҳсулотларни кам истеъмол қилишлари шарт.
Меъда ширасини кўп ажралишига олиб келувчи озуқалар: қовурилган балиқ гўшти, тузламалар, консервалар, томат пасталар, тухум, арпали нон, лимон, нордон олмалар, кофе, алкоголь, газли ичимликлар, кефир, сут, тортлар, нордон пишмаган мевалар емаслиги керак.
Меъда ширасини камроқ ишлатилишига олиб келувчи озиқ-овқат маҳсулотлари: гўштли, балиқли шўрвалар, картошкали пьюре, чала пиширилган тухум, омлет, творог, сут, қаймоқ, сутли, гуручли овқатлар, суви қочган бир кунлик нонлар, кисель, пьюре, яхши пишган мевалардан тайёрланган, газсиз ишқорий сувлар, чой, сутли чой истеъмол қилиш керак.
Парҳезнинг беморга ижобий таъсир қилишининг энг муҳим шарти яхши руҳий кайфият (ишда ва уйда тинчлик ва хотиржамлик) ҳисобланади.
Баҳодир ҲАМИДОВ,
ТошПМИ доценти, Халқаро инсон ва табиатни экологик хавфсизлиги илмий академияси
мухбир аъзоси (МАНЭБ), олий тоифали жарроҳ