Совғами ёки ғавғо?

Шерзод билан Шахзод тонг отишини роса интиқлик билан кутди. Чунки бугун якшанба. Бувижони уларни истироҳат боғига олиб боришга ваъда берган.

Болакайлар чала-чулпа нонушта қилишди. Дадаси машинасида ташлаб қўймоқчи бўлди. Мавжуда буви:

– Саҳармардонлаб паркда нима бор? Сал кун қизисин. Одамлар кўпайсин. Қолаверса, ғизиллаб борволишнинг қизиғи йўқ. Болаларимни ўзим автобусда сайр қилдириб олиб бораман, – деб унамади.

Улар тушга яқин йўлга чиқишди. Боғдаги катта-катта, баланд-баланд дарахтпояларни кўриб болаларнинг ҳайрати тошиб кетди: – Бувижон нега бизнинг олмамиз бунақа баланд эмас, буви, бувижон, нега бизнинг ўрик дарахтимиз танаси озғин? Улар қачон катта бўлади. – Бувижон, биз ҳам боғимизга ана шунақа дарахт экайлик, – бири олиб, бири қўйиб чуғурлашарди болакайлар.

– Вой болажонларим-ей, битта-битта гапиринглар. Нима сиз бу ерга сайр қилгани келганмисиз? Ёки текширганими?..

– Бу чинор икки юз-уч юз ёшда бўлса керак. Ахир бизнинг боғимизга энди уч ой бўлди-ку. Шошмасангиз улар ҳам шунақа катта бўлади.

– Вуй, бувижон бу чинор сиздан ҳам каттами, – сўради Шахзод.

– Додангиздан ҳам катта, – кулди Мавжуда хола.

– Шунинг учун у сиздан ҳам баланд, сиздан ҳам семиз эканда, – билағонлик қилди Шерзод.

– Бувижон, бизни ўригимиз сиздай бўлганда-чи, теппасига чиқиб сизга ўзим ўрик териб бераман.

– Тилингга шакар болам, у мендай бўлгунча, сен мендан ҳам катта бўласан.

– Унда, теппасига чиқмасдан, ерда туриб, шохини эгиб териб олавераман эканда.

– Бувижон, додам ўрикни теппасига чиқмади, шундай қўл узатганда етади. Бизга бир ҳовуч довучча териб бердилар…

– Шахзод югур ана арғумчоқ, юр учамиз. – олдинга югурди Шерзод суҳбат мавзусидан чалғиб.

– Шошма, болам шошма. Мен аввал, анави чиптачи амакига пул тўлайман кейин учамиз, – ҳамёнини қўлига олди Мавжуда хола.

– Ие, бувижон, сиз ҳам учасизми? Бувилар арғумчоқ учмайди. Учса уят бўлади, югуриб кетаётган жойида тўхтади Шахзод.

– Агар билсанг кампир бувилар кечаси учмайди, бизни бувимиз қари эмас тишлари бор. Арғумчоқ учаверади, – тўғрими бувижон, – бувисининг қўлидан ушлади Шерзод.

– Бўбти, унда мен бувим билан учаман. Сен ўзингга буви топ, – бувисини қучоқлади Шахзод.

– Мен ёш бувиманми, – дея кулди Мавжуда хола. Мавжуда хола кечгача набиралари билан маза қилиб боғ кезди. Улар билан бирга овқатланди. Ўзи ҳам ёшаргандай бўлди. Анави ўлгур дурбин бўлмаганда…

Мавжуда буви болаларига китоб, учадиган шар олиб қайтаётганди. Бирдан Шахбоз ака телефон қилиб ҳозир бораман уйга бирга кетамиз деди.

– Унгача чарчамаган бўлсанглар яна бир оз айланамиз. Бир пас кутсак даданг келади. Мавжуда буви ўриндиқдан турди.

– Чарчамадик, чарчамадик, – чуғуллашди болалар. – Бувижон анави сотувчи холада дурбин бор экан олиб берақолинг, бувисини дўкон томонга судради Шахзод.

– Дурбинни нима қиласан, ана шарингни учир, – кўнмади бувиси.

– Обберинг бувижон, обера қолинг, унга қўшилди Шерзод.

– Бўбти, битта оламиз.Иккаланг талашмай ўйнайсанлар, – шарт қўйди Мавжуда хола.

– Аввал мен кўраман, аввал мен – бувисининг қўлига ёпишди болалар.

– Бошлаяпсизларми, – қошларини чимирди буви.

– Бўбти, талашмаймиз, – дурбинни кўзига яқинлаштирди Шаҳзод.

– Дадалари келгунча болалар галма-гал дурбин томоша қилишди.

Мавжуда хола газета ўқиди.

– Шахзод, нега кўзингни таги қизил, нима қилди? – ўғлини юзидан ўпиб сўради Шахбоз ака.

– Ҳеч нарса, қилмади, – кўз остини силади Шахзод. Улар машинада ҳам дурбин кўриб кетишди.

Машинадан тушиб ичкарига киришлари билан кутиб олган ойилари:

– Вой шўрим, Шахзод юзингга нима қилди, қонаб кетибди-ку! – деди вахима билан.

– Йўғе, бир яхши кетишганди-ку! – Мавжуда буви шундай деб набирасининг юзига қаради. Унинг кўз ости қип-қизариб шишиб чиққанди.

– Ҳеч нарса қилмадик. Фақат дурбин томоша қилдик, – деди Шахзод юзини силаб, ачишяпти.

Ойиси Шерзоднинг қўлидаги дурбинни тортиб олди, синчиклаб қаради.

– Ноинсофлар, шунақаям ўйинчоқ сотишадими. Ахир ойнасининг қирраси очиқ эканку. Боламнинг юзини кесиб ташлабди.

– Яхшиям кўзига зарари тегмабди, – деди Мавжуда хола ҳижолатомуз.

Афсуски, Шахзодни бўлмаса ҳам Шерзоднинг кўзига зарар қилган экан. Эрталабгача унинг кўзи қизариб қовоқлари шишиб кетди.

Ширин опа болаларини олиб дўхтирга кетди. Шахбоз ака эса болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ўйинчоқлар сотаётган дўкончи холани излаб йўлга тушди…

Болаларга совға эмас ғавғо олганидан афсусланаётган Мавжуда буви эса ҳижолатдан нима қилишини билмай дарвоза олдида туриб қолди.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Яна ўқинг:  Мусиқа ва санъат мактаблари – истеъдодли ёшларнинг ойдин йўли

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: