Ёш оила – ёш ниҳол

у қачон улкан чинорга айланади?

Ўз жисмидан икки-уч баробар катта ва оғир юкни кўтарганча одимлаётган чумолини ҳеч кузатганмисиз? У тенгсиз азоблар билан хас-чўплар оралаб ўз уяси томон илгарилайди. Шундай пайтда чумолининг оғзидан ўлжасини олмоқчи бўлиб кўринг-чи?! Миттигина жонзот ўз насибасини осонликча бериб қўймайди, оёқлари ердан узилса-да, унга ёпишганча тураверади. Нима учун? У бунга шунчалик муҳтожми? Йўқ, албатта. Аммо шу ҳашаротда ҳам яшаш учун курашиш инстинкти мавжуд. Бу ҳол, ҳаттоки, ўсимлигу дарахтларда ҳам

учрайди.

Боғимиздаги икки олма дарахти орасидан бир терак униб чиқди. У дарахтлар соясида жудаям нимжон, қуёш тафтидан бебаҳра ўсарди. Икки-уч йил ўтиб, шаҳардан қишлоққа борганимда, боғни айлана туриб, яна ўша теракка кўзим тушди. Таажжуб! Ўша нимжон ниҳол бир-бирига чирмашиб кетган олма шохларининг орасидан ўтиб, кўкка бўй чўзибди. Буни қаранг-а, ҳаётга иштиёқ қанчалик кучли! Ўсимлик ва ҳайвонларга хос биофиллик (ҳаётни севиш) одамзотда онгли равишда кечгани боис бир неча баробар юксакроқ бўлмоғи керак. Аммо кўкси тоғдек баъзи ёшлар кундалик турмушда учраган кичиккина тўсиқни-да забт этолмай, тушкунликда қолганига гувоҳ бўламиз. Не-не машаққатлар билан тикланган оила қўрғони фалакнинг салгина эпкинидан осонликча дарз кетади. Ҳатто муҳаббат ила боғланган икки қалбнинг муқаддас риштаси қаттиқроқ тортилиш пайти келганда тез узилади…

Чамбарчас икки омил

– Мамлакатимизда фуқаролар эркин ва тенг ҳуқуқлидирлар, – дейди педагогика фанлари номзоди Фарида Эгамбердиева. – Бугун собиқ тузумдаги каби “олма пиш, оғзимга туш” қабилида иш тутмоқ ва яшамоқ ярамайди.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий-сиёсий тизимида кенг ислоҳотлар олиб борилди. Натижада аҳоли турмуш даражасининг ўсганлигини барчамиз кўриб ва билиб турибмиз. Бу ютуқларга осонликча эришилаётгани йўқ, албатта. Булар минг-минглаб кишиларнинг уйқую ҳаловатдан кечиб, тинимсиз меҳнат қилаётгани самарасидир. Аммо шундай кимсалар учраб турибдики, уларнинг хатти-ҳаракатини кўриб, юритаётган фикр-мулоҳазасини эшитиб, кайфиятинг бузилади. Баъзан кўча-кўйда, таниш-билишлар даврасида ёш оиласининг парокандалиги, иқтисодий таназзули сабабини “яшаш қийин бўлиб кетди” дея изоҳлаётган кишиларга кўзимиз тушади. Шунда уларга қараб ачинасан киши.

Баъзи оилаларнинг катта дабдабабозлик билан тўй қилиб, сўнгра иқтисодий танг аҳволга тушиб қолаётгани, оқибатда эса янги кўчириб ўтқазилган ёш ниҳол мисол ёш оиланинг моддий, маънавий-руҳий инқирозга юз тутаётганига гувоҳ бўламиз. Баъзан оиладаги моддий етишмовчилик ёшлардаги ишбилармонлик маҳорати, иқтисодий билим, ижтимоий-сиёсий онг ва дунёқараш етарли даражада шаклланмаганидан, никоҳдек муқаддас риштага масъулиятсизлик билан қарашдан, фарзандлар олдидаги бурчга садоқатсизликдан келиб чиқади. Нима бўлганда ҳам, фикрлаш қобилиятига эга инсон ўз тақдирини ўзи белгилай олиши, ўзи учун қулай яшаш шароитини ярата билиши бор гап. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Мустаҳкам оила ва бахтли турмуш, авваламбор, оила қурадиган ёшларнинг ўзига, уларнинг ақл-заковати, маънавий фазилатларига, оила, жамият олдидаги ўз бурчи ва масъулиятини чуқур англаб етишига боғлиқ”.

Яна ўқинг:  Бюджет маблағлари – қатъий назорат остида

Оила мустаҲкамлиги гарови

– Оила қўрғонининг мустаҳкамлиги пойдеворининг бақувватлигига боғлиқ, – дейди Шайхонтоҳур туман марказий поликлиникаси никоҳланувчи шахслар бўйича масъул шифокори Мастура Абдураҳимова. – Бу пойдевор эса нафақат муҳаббат, ўзаро ишонч, балки жисмонан ва маънан саломатлик асосидаги муносабатлардан тикланади. Оила бўсағасидаги ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиши мана шундай ишончли муносабатларга асос бўлади.

Истиқлол берган буюк неъматлардан бири келажак авлодга давлат миқёсида соғлом муносабатнинг қарор топганидир. Ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни муҳофазалаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, барча туман поликлиникаларида махсус комиссиялар тузилди. Ҳозирда катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшлар яшаш жойидаги муассасаларда беш йўналишда – сил, ОИТС, наркология, тери-таносил ва руҳий касалликлар бўйича ФҲДЁ йўлланмасига кўра бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бу эса, аввало, соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароит яратади, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишга хизмат қилади. Бундай тадбирлар мустаҳкам оиланинг таянчи, соғлом авлоднинг гарови экани, шубҳасиз.

СоҒлом муҲит асоси

– Мамлакатимиз Президенти “Ёш оилани ҳаётнинг турли тўфонларидан асраш, унинг мустаҳкам оёққа туриб олиши учун елкадош бўлиш, бу борада зарур кўмак, маслаҳат кўрсатишда маҳалланинг роли ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди”, дея айни ҳақ гапни айтган. Баъзан турмушимизда учрайдиган кичик-кичик муаммолар эр-хотин ўртасида жиддий тушунмовчиликларни келтириб чиқаради, – дейди Ҳамза тумани бош имом-ҳатибининг хотин-қизлар бўйича бош маслаҳатчиси Тўтинисо Масаидова Бу эса ёш оилаларнинг бузилиб кетишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шундай пайтда катта ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган, турмушнинг майда чигалликларига босиқлик ва кенг мулоҳаза билан ёндашмайдиган ёшларга тўғри маслаҳат бериш керак. Бугун худди шу вазифани ҳар бир маҳаллада обрўли, ҳаётий тажрибаси бор, диний ва дунёвий билимларга эга кишилардан тузилган Яраштириш комиссияси бажармоқда.

Ажрашмоқчи бўлган оила дастлаб ўзи яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат этади. Сўнгра эр-хотинга уч ойлик муддат берилади. Бу орада Яраштирув комиссияси ўша оила билан махсус шуғулланади. Агар шунда ҳам эр-хотин фикридан қайтмаса, ариза ФҲДЁ бўлими ёки судга оширилади. Бугунги кунда кўплаб низолар ярашув билан ҳал қилинмоқда.

Яна ўқинг:  Илк туйғу, илк шижоат, илк қадам

– Яқинда туманимиздаги “Баҳор” маҳалласида яшовчи ёш оиладан ариза тушди, – дея гапида давом этади маслаҳатчи опа. – Ажралиш тарафдори – келин. Эри топар-тутармон, гулдек фарзандлари бор. Ҳолатни ўрганиб билдик-ки, яқинда қайин опа ўз оиласидан ажрашиб, қайтиб келган. Икки орада майда муаммолардан низо келиб чиққан. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрмаган келин ажрашишга қарор қилган. Биз унга оиланинг муқаддаслиги, отасиз ё онасиз ўсишнинг фарзанд руҳиятига салбий таъсирини тушунтирдик. Қайин опа билан ҳам суҳбатлашиб, маслаҳатлар бердик. Ариза қайтариб олинди ва оила ҳозир аввалгидек тотув ҳаёт кечираяпти. Демакки, ўзаро бир-бирини тушуниш – маънавий-руҳий соғлом муҳитнинг асоси, ҳамдаму ҳамжиҳат эр ва хотин эса оила айвонини ушлаб тургувчи мустаҳкам устунлардир.

Оила – катта жамиятнинг кичик бир бўлаги. Жамиятнинг обод ва фаровон бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинч ва тотувлигига боғлиқ. Зотан, аҳил оилада соғлом муҳит қарор топади. Соғлом муҳитдагина одоб-ахлоқли, меҳнатсевар, ўз халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан қарайдиган ёшлар камолга етади. Жисмонан соғлом, маънавий етук, масъулиятни тўлиқ ҳис қиладиган, турмуш талотумларига тайёр, курашларда руҳию қадди букилмас ёшлар эса мустаҳкам оила қўрғонини бунёд этишга қодирдир.

Дилшодбек КАРИМ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: