Қизамиқ қандай хасталик?
Бугунги кунда болалар ва катталар ўртасида сувчечак ва қизамиқ касалликлари тез-тез учрамоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эмлашдан бош тортганлар ҳисобига ўтган йилда дунёда ва Европа минтақасида қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият кескинлашди.
Савол туғилади: қизамиқ қанчалик хавфли ҳисобланади? У қандай касаллик ва унинг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлади? Касалликка қандай даво чоралари кўрилади?
Қизамиқ – ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардалари, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши билан xарактерланади. Касаллик қўзғатувчиси вирус ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда тупугининг майда томчилари орқали ҳавога тушади ва вируслар нафас йўллари орқали соғлом боланинг организмига ўтиши билан хавотирлидир.
Шу ўринда қизамиққа одатда ҳамма кишилар берилувчан бўлишини унутмаслик лозим. Касалликдан сўнг одамда иммунитет қолади.
Хасталик 4-босқичда кечиб, яширин даври 6-18 кунгача давом этади. Унутмаслик керакки, касаллик белгилари деярли сезилмайди. Продромол давр яширин даврдан кейин 3-4 кун давом этади.
Қизамиқ ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, бемор қуруқ йўталади, тумов бўлади, кўзи қизариб, ёшланади, товуши бўғилиб қолади, ёруғликка тик қарай олмайди. Бу даврда лунж шиллиқ қаватида тошма тошишдан 2-3 кун олдин қизил майда оқ доғлар пайдо бўлади. Тошма тошгандан кейин 1-2 кунда йўқолиб кетади. Юмшоқ ва қаттиқ танглайнинг шиллиқ пардасида энантема майда қизил доғлар пайдо бўлади.
Боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади, уйқуси, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи кетади.
Катта ёшли болаларда бу жараён бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи каби белгилар билан кузатилади. Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмалайди, томоғи қизаради. 4-6 кунга келиб ўзига xос қизил, йирик доғ тошмалар тошади, бир неча соатдан сўнг бутун юзга ёйилади.
Тошма иккинчи куни баданга, учинчи куни қўл-оёққа тарқалади. Қизамиқда тери нам бўлиб, бир оз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Бу даврда юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади. Энг ёмон томони, қизамиқдан сўнг зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолиши мумкин. Қизамиқ 2 ёшгача бўлган, шунингдек, бошқа ёшдаги нимжон болалар учун, айниқса, xавфли ҳисобланади. Шу сабабли уларни бу хасталикдан жуда эҳтиёт қилиш керак.
Қайд этиш лозимки, фарзандларимиз мазкур касалликка қарши эмланса, ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатлар осон бартараф этилади.
Олдини олиш учун беморни соғлом болалардан ажратиб қўйиш зарур. Шу боис қизамиқка қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга.
Қизамиқ билан оғриган болалар уйда, оғирроқ ҳолларда, асорат қолганида касалхонада даволаниши лозим. Бунда асосий аҳамият комплекс даволаш чора-тадбирларига қаратилади. Касалланган бемор учун санитария-гигиена шароитларини яхшилаш, бемор ётадиган хона ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш ва унинг тўла-тўкис овқатланишига эътибор бериш зарур бўлади.
ЖССТнинг маьлумотларига кўра, афсуски, бутун дунёда қизамиқ-қизилча бўйича эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Аҳоли ўртасида қизамиқ ва қизилча касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1 ёшли болалар ва 6 ёшдаги болалар эмлаш календарига асосан эмланмоқда.
Режали эмлашларни ўз вақтида олмаган, тиббий чеклови бор ёки бошқа сабаб билан эмлаш олмаганлар ёки ҳаёти давомида фақат бир марта эмланганлар яна бир марта қизамиқ касаллигига қарши эмланишлари шартдир.
Айтиш жоизки, ҳар бир фуқаро қизамиқ ва қизилчага қарши 2 маротаба эмланиши керак. Эмланган фуқароларда, албатта, қизамиққа қарши иммунитет ҳосил бўлади, касаллик юқмайди, юқиши эҳтимоли бўлганда ҳам енгил ўтади.
Фарзандингиз саломатлигига асло бефарқ бўлманг!
Марям ҚОДИРОВА тайёрлади