Болалардаги тошмалар қандай хасталик белгиси?

Мана, куз ҳам ниҳояламоқда. Салқин кунлар бошланган. Демак, ҳозир мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган пайт. Шулардан бири – чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учрайдиган атопик дерматит.

Дунё бўйича ҳар тўрт боладан бири атопик дерматитдан азият чекади. Чақалоқларда пайдо бўладиган тери тошмаларининг 85 фоизгача қисми айнан ушбу касаллик аломати. Бундан ташқари, қизларда ушбу дард ўғил болаларга қараганда 1,5 баробар кўпроқ қайд этилиши аниқланган.
Халқ орасида «тери астмаси» деб аталадиган мазкур хасталик наслий характерга эга бўлиб, ота ёки онада атопия, аллергик касаллик борлиги қайд этилади. Тананинг турли қисмларида тошма ва қизариш билан кечадиган яллиғланиш ўчоқлари юзага келиши атопик дерматитга хос.
Жажжи беморларда бу касаллик одатда 2-3 ойлигидан ривожланади ва 3-4 йил ичида йўқолиб кетади. Баъзи ҳолларда эса тошмалар умр бўйи сақланиб қолиши ҳам мумкин.

Атопик дерматит тери касаллиги эмас, балки бола ички организми фаолиятидаги бузилишлар белгисидир.
Кичкинтойларда бу хасталик келиб чиқишининг асосий сабаби озиқ-овқат аллергияси билан боғлиқ. Бундан ташқари, нафас йўллари орқали танага кирган аллергенлар ҳам тошмаларни пайдо қилади.
Қичишиш – касалликнинг асосий белгиси. У уйқуга ва бемор боланинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб, асабийлик ҳамда жиззакиликни келтириб чиқаради.

Тошмалар касаллик даражасига қараб турли кўринишда бўлиши мумкин. Ўткир босқичда улар ёрқин қизил рангга кириб, яллиғланиш жойига қон тўпланиши туфайли майда шишлар ҳосил бўлади.
Хасталикнинг енгил ва ўрта босқичларида эса тошмалар оч қизғиш тусда намоён бўлади. Улар қуруқ бўлиши ҳисобига тез тўкилиб тушади. Тошмаларнинг кўпайиши эса аксарият ҳолларда терининг кийимга ишқаланиши оқибатида юз беради.


Бундай яра-чақалар чақалоқларда асосан бош, бўйин ва кўкрак соҳаларида, болалар ва ўсмирларда эса тирсак ва тизза орқасида ҳамда бошқа тана аъзоларида кўп учрайди.
Ёш болалардаги атопик дерматит, одатда, бир қатор аллергик касалликлар, шу жумладан, озиқ-овқат сезгирлиги, ринит ва астманинг илк аломати сифатида намоён бўлиши мумкин.
Тошмалар совуқ кунларда кўпайиб, иссиқ мавсум бошланиши билан сезиларли даражада камайиши кузатилади.
Атопик дерматит насл сурувчи хасталик эканлиги ўз исботини топган. Илмий хулосаларга кўра, агар ота ёки она худди шундай патологиядан азият чекса, унинг болада намоён бўлиш эҳтимоли 30-40 фоизга тенг. Агар хасталик ота-онанинг ҳар иккисида ҳам бўлса, хавф кўрсаткичи 70-75 фоизга ошади.

Атопик дерматитни самарали даволаш учун, аввало, аниқ ташхис зарур. Аммо баъзи ота-оналар фарзандларидаги бу касаллик белгиларига ўз вақтида жиддий эътибор қаратишмайди.
Қолаверса, ўзбошимчалик билан шифокор тавсиясисиз турли дори-дармонларни қўллаш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб туради.
Яна бир оғриқли муаммо тиббий амалиётда атопик дерматитга баъзан нотўғри ташхис қўйилишидир. Бундай вазиятда қўлланиладиган тиббий муолажалар оғир асоратларни келтириб чиқариши маълум. Оқибатда, бемор тезроқ соғайиш ўрнига, аҳволи янада оғирлашиб, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Атопик дерматит муолажасида дори-дармон терапиясининг ўзи етарли эмас. Аввало, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш лозим. Овқатланиш рациони ва тери парвариши ҳам бу жараёнда катта аҳамият касб этади.
Муолажа схемаси тошмаларни камайтириш, бактериал асоратларнинг олдини олиш, аллергенларга юқори сезувчанликни заифлаштиришга қаратилган.

Яна ўқинг:  «Қилтомоқ»нинг давоси борми?


Бунинг учун шифокор тавсияси асосида антигистаминлар, яллиғланишга қарши ва антибактериал препаратлар, седативлар, витамин ҳамда минерал комплекслар, аллергияга қарши компонентлар қўлланилиши мумкин.
Қолаверса, касалликни даволашда парҳез терапияси ҳал қилувчи ўрин тутади. Бола таом­номасидан аллергия қўзғатувчи маҳсулотларни чиқариш беморнинг тезроқ соға­йишига хизмат қилади.
Ўз навбатида, атопик дерматитни даволашда интенсив намловчи ёки енгил қуритувчи таъсирга эга турли крем ва малҳамлардан ҳам фаол фойдаланилади.

Бу касаллик муолажасида ота-оналарнинг ёрдами ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, бемор хонасида намлик даражаси камида 50 фоиз бўлиши, ҳарорат эса +22 даражадан ошмаслиги лозим.
Кичкинтойлар териси парваришида косметик воситалардан минимал миқдорда фойдаланиш тавсия этилади. Чунки улар танада қичишиш белгиларини кучайтириб, терининг қуруқлашиши ёки аксинча меъёридан кўп намланишига сабаб бўлади.


Атопик дерматитдан азият чекадиганлар териси ташқи таъсирларга жуда сезгирдир. Бундай кичкинтойларга тез-тез чўмилиш ва кўп вақт сув ичида бўлиш тавсия этилмайди.
Ювинаётганда махсус юмшатувчи ва намлантирувчи воситалардан фойдаланиш керак, мочалка ишлатиш мумкин эмас.
Иложи борича, тоза пахтадан тайёрланган кийимлар кийиш зарур. Юнгли, синтетик ва қаттиқ толали матолардан эса сақланиш лозим.


Шунингдек, атопик дерматити бор беморлар хонадонида чанг тўплайдиган буюм ва жиҳозлар сақланмаслиги муҳим. Кийимлар ёпиқ жойда туриши ва доимий тарзда чанг­юткичдан фойдаланиш керак.
Айни пайтда Республика илмий ихтисос­лаштирилган аллергология марказида ушбу касалликни аниқлаш ва даволашнинг замонавий усуллари қўлланилмоқда.

Илмира РАЗИКОВА,

Республика илмий ихтисослаштирилган

аллергология маркази директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: