Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она сутининг аҳамияти, унинг фойдали жиҳатлари ҳамда бир ёшгача бўлган болаларнинг қўшимча овқатланиши, қайси овқатлар берилиши ва қайсиларини бериб бўлмаслиги, овқатлантириш гигиенасига доир мутахассисларнинг тавсияларини тақдим этди. Қуйида ушбу маълумотлар билан танишасиз.

Муҳим ва керакли маслаҳатлар

Бир ёшгача бўлган болаларнинг қўшимча овқатланиши бўйича тавсиялардан ота-оналар учун қатор муҳим ва керакли маслаҳатлар ўрин олган.

Хусусан:
Чақалоқ олти ойга тўлгач, шифокор тавсияси асосида унга она сутидан ташқари бўтқа, шарбат ва пюре кўринишида қўшимча озуқалар бериш мумкин. Сабаби, тез ривожланаётган мурғак организмнинг эҳтиёжлари она сути билан тўла қопланмайди.

Гўдакни қўшимча таом билан она сутидан олдин озиқлантириш керак. Болага бундай егулик икки ҳафта давомида берилгач, учинчи ҳафтадан бир марталик қўкрак билан овқатлантириш ўрнига алмаштирилади. Улар таркиби сабзавот бўтқаларидан ташкил топган бўлиши лозим.


Даставвал, бўтқа оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик керакли миқдорга аста-секин етказилади. Шуни ёдда тутиш лозимки, бу ёшдаги гўдакка бир пайтнинг ўзида иккита қўшимча таом берилмайди. Бола биринчи қўшимча озуқага кўниккач, иккинчисига ўтиш мумкин.
Кичкинтой 7 ойлик бўлгач, унга иккинчи қўшимча таом – бўтқалар (маннали, гречкали) берилиб, 2 ҳафта ичида иккинчи галдаги она сути у билан алмаштирилади. Ушбу даврда қайнатилган тухум сариғининг ярмини ҳафтасига икки марта, кейин кунора бериш мумкин.

Бола 8 ойга тўлганда таомномага учинчи қўшимча егулик сифатида қатиқ ва творог киритилади. Дастлаб, қатиқ оз-оздан ­(5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик эса керакли миқдорга аста-секин етказилади.
– 9-ойдан бошлаб нон (печеньелар), олма бўлакча шаклида;
– 10-ойликдан бошлаб гўшт қиймаси фрикаделькалар;
– 12-ойликдан – буғда пишган котлетлар берилади.
Болага чой бериш мақсадга мувофиқ эмас. Унинг ўрнига мева шарбати, қайнатилган сув ичирилади.

Энг мақбул таом

Болаларни соғлом овқатлантириш – ўта муҳим ва нозик жараён. Чунки уларнинг ички аъзолари катталарникидан фарқланади. Шу боис кундалик турмушимизда истеъмол қилинадиган барча озиқ-овқатларни кичкинтойлар организми осон қабул қила олмайди.


Боз устига, баъзи таомлар жажжи ўғил-қизлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Шундан келиб чиқиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари янги туғилган чақалоқлар ва 6 ойликдан 1 ёшгача бўлган ўғил-қизларни тўғри овқатлантириш бўйича ота-оналарга зарур тавсиялар бериб келади.
Уларнинг хулосасига кўра, олти ойгача бўлган гўдаклар учун энг яхши ва мақбул таом – бу она сути. Қўшимча овқатларни эса айни шу даврдан бошлаб болажонлар рационига киритиш мақсадга мувофиқ. Улар ёғсиз ва яхшилаб эзилган мева, гўшт, сабзавот пюрелари, пишлоқ ва йогуртлар бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Қон қуюқлашиши қанчалик хавфли?

Аммо бу даврда қуйидаги озиқ-овқатлар кичкинтойларга берилмаслиги керак:

– асал ва асал қўшилган маҳсулотлар, шу жумладан, пишириқлар (таркибида ботулизмни келтириб чиқарувчи споралар бўлиши мумкин);
– сигир сути (ичакда қон кетиш эҳтимолини юзага келтиради, қолаверса, қийин ҳазм бўлади);
– овқатдан заҳарланиш хавфи бўлган овқатлар (хом ёки чала пиширилган гўшт);
– пишириш ёки қайнатиш жараёнида сариғи қотмаган тухум;
– пастеризацияланмаган сут маҳсулотлари;
– ўрмон қўзиқоринлари;
– конфетлар, сақич, қаттиқ печенье ва қотирилган нон бўлаклари;
– таркибида кофеин моддаси мавжуд ичимликлар, шу жумладан чой (уларни икки ёшгача бермаслик зарур).

Қўшимча овқат қандай тайёрланади?

Бир ёшгача бўлган фарзандингиз учун қўшимча егулик ҳозирлаётганда унинг қайнатилган ва буғда пиширилган бўлиши, тузсиз ва шакарсиз тайёрланиши, қирғичдан ўтказилиши (эзилиши), энг муҳими, янги маҳсулотлар танланишига алоҳида эътибор беринг.

Шунингдек:
– болани овқатлантиришда унинг қўллари тозалиги;
– таом пишириладиган қозон ва идиш товоқларнинг алоҳида бўлиши;
– кичкинтой овқатланадиган ликопча алоҳида ювилиб, қуритилиши;
– ювилган идишларнинг усти ёпиқ бўлишини назорат қилишингиз керак.


Қўшимча овқатни бошлашдан олдин педиатр билан маслаҳатлашинг. Мутахассис сизга уни нимадан бошлашингизни, қанча миқдорда ва гўдакка неча марта беришингизни аниқлаб беради.
Қўшимча озуқалар кунлик таомномага киритилган пайтда кўкрак сути асосий овқат бўлиб қолади. Боланинг тиши чиқаётган пайти, профилактик эмлашлар ўтказган кунлари, куннинг иссиқ пайтида бундай овқатларни гўдакка беришни бошлаш мақсадга мувофиқ эмас.

Қолаверса:

– янги қўшимча овқат бериш оралиғи ўртача 10-12 кун бўлиши лозим;
– ҳар доим таомлантириш чоғида унинг ҳароратига эътибор беринг;
– гўдакка бериладиган егулик имкон борича бир марта истеъмол учун мўлжалланиши зарур;
– бир кун аввал тайёрланган овқатни иситиб бериш мумкин эмас;
– эрталаб бериладиган таом кечқурун пиширилмайди;
– қўшимча таомни куннинг биринчи ярмида берган мақсадга мувофиқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: