Алалия ёхуд гапира олмаслик

Алалия – гапириш қобилиятининг умуман йўқлиги ёки «қўпол» кўринишда бўлиши. Ҳомила пайтида ёки 3 ёшгача бўлган болалик даврида мия гапириш марказининг бузилиши ҳисобига келиб чиқадиган патологик ҳолатдир. Алалия (гапира олмаслик) касаллигида болада гапиришдаги нуқсонлар яъни сўзларни айтишни кеч бошлаш, сўз бойлигининг камлиги, сўзларни нотўғри талаффуз қилиш каби камчиликлар кузатилади. Алалия муаммосига дучор бўлган болалар невропатолог ва логопед кўригидан ўтишлари керак. Болани даволашда психо-медико-педагогик чора тадбирлар: медикоментоз даво, психик функцияни ривожлантириш, лексико-грамматик ва фонетик-фонематик жараёнларни шакллантиришни талаб қилади.

Алалия – афазиядан фарқли равишда туғма ёки боланинг 3 ёшгача бўлган даврида бирор-бир патология натижасида гапириш марказининг бузилиши бўлиб, бунда гапириш қобилиятининг барча компонентлари бузилади (фонетик, грамматик, лексик жиҳатдан). Ушбу патологик жараён мактаб ёшидаги болаларнинг 1 фоизида учрайди, мактабгача бўлган болалар орасида эса 0,2-0,6 фоизни ташкил этади. Алалия қизларга нисбатан ўғил болаларда 2 баробар кўпроқ учрайди. Алалия – бу клиник диагноз бўлиб, логопедлар томонидан қўйилади ва Умумий гапиришнинг шаклланмаслиги (УГШ) деб аталади.
Алалия келиб чиқишига сабаблар кўп ва улар болалик даврининг турли хил ёшларида таъсир қилади. Ҳомиладорлик вақтида алалияга олиб келувчи факторларга ҳомила гипокцияси, ҳомила ичи инфекцияси (ТОРЧ-инфекция), ҳомиладорликнинг табиий тўхташи хавфи, токсикозлар, ҳомиладор аёлнинг йиқилиши натижасида жароҳатланишлари, аёлдаги сурункали касалликлар (артериал гипо ёки гипертензия, юрак ва ўпка етишмовчиликлари) киради.
Янги туғилган чақалоқларда алалия келиб чиқишига сабаб қуйидагилар: туғиш жараёнидаги патологиялар, чақалоқ асфикцияси, чала туғилган болалар, бош мия ичи патология­лари, эрта ёки кеч туғилиш, акушерларнинг инструментал текширувлари натижасида жароҳатлар олиш.
Эрта ёшдаги болаларда алалия келиб чиқишига сабаблар: боланинг биринчи ёшида ўтказган касалликлари, энсефалит, менингит, бош мия ёпиқ жароҳатлари, соматик касалликлар, марказий нерв тизимининг гипотрофияси (кичрайиши). Баъзи бир текширувлар алалия келиб чиқишига наслий ва генетик омиллар мойилликни оширишини аниқлаган. Тез-тез такрорланувчи сурункали болаларда учрайдиган касалликлар ЎРВИ, грипп, пневмония, эндокрин касалликлар, рахит ва шу кабилар, умумий наркоз остида жарроҳлик амалиётлари ўтказилганлиги, салбий ижтимоий муҳит ҳам алалия келиб чиқиш хавфини оширади.
Умуман олганда алалия келиб чиқишида бир эмас, бир неча факторлар роль ўйнайди. Бош миянинг органик шикастланишида мия ҳужайраларининг ўсиши секинлашади, улар ривож­ланмаган нейробластлар кўринишида қолади. Бу эса нейронларнинг қўзғалишини секинлаштиради, нерв тизимидаги жараёнларни бузади ва мия ҳужайраларнинг «кучсизланиши»га олиб келади. Алалияда бош мия мағиз қисмининг гапириш маркази зарарланиши яққол намоён бўлмайди, секин-секинлик билан умумий гаришдаги нуқсонлар пайдо бўла бошлайди.

Яна ўқинг:  Болаларда тана ҳароратини қачон тушириш керак?

Узоқ йиллар давомида алалия касаллигининг классификацияси унинг келиб чиқиш механизми, даражасидан қатъий назар бир хил турда бўлган. Ҳозирги кунга келиб логопедлар алалиянинг В.А.Ковшиков бўйича классификациясидан фойдаланадилар:
• Экспрессив (моторика билан боғлиқ) алалия;
• Импрессив (сенсорика билан боғлиқ) алалия;
• Аралаш (сенсомотор ёки мотосенсор) алалия.
Моторика билан боғлиқ алалия мия бош мия мағиз қисмининг эрта даврлардаги органик шикастланишлари натижасида гапириш анализаторида бузилишлар пайдо бўлишидан келиб чиқади. Бу ҳолатда бола ўзгалар сўзини тушунади, лекин ўзи гапира олмайди. Зарарланган соҳага қараб: афферент моторика ва эфферент моторика билан боғлиқ алалиялар фарқланади.
Афферент моторика билан боғлиқ алалияда зарарланишлар марказий қисмларда кузатилади (чап ярим шарнинг пастки ТЕМЕННИХ отделов) ва эфферент моторика билан боғлиқ алалияда эса марказ ости қисмида зарарланишлар келиб чиқади (Брок маркази, пешона қисмининг орқа учдан бир қисмида).
Сенсорика билан боғлиқ алалияда пўстлоқ ости (мағиз) гапириш-эшитиш марказида (анализаторида) зарарланиш бўлади (Верника маркази, чакка соҳасининг орқа учдан бир қисмида). Бу ҳолатда марказий эшитув ва гапириш ҳужайралари зарарланиб, бола товушларни анализ ва синтез қила олмайди. Боланинг эшитиш қобилияти сақланган бўлса-да, сўзларни тушунмайди.
Алалия белгилари. Моторика билан боғлиқ алалия белгилари. Бундай турдаги алалиянинг белгилари – гапириш билан боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган (психо-неврологик) типларга бўлинади.
Неврологик (яъни гапириш билан боғлиқ бўлмаган) белгиларга: ҳаракатдаги камчиликлар, мўлжал олиш бузилишлари, қўл бармоқларининг ҳаракати яхши ривожланмаганлиги, қўпол ҳаракатлар қилиш, оддий ҳаракатларни бажара олмаслик (тугмаларни тақиш, боғичларни бўглаш каби), нозик ҳаракатларни (мозайка йиғиш) бажара олмаслик киради.
Психик белгиларга: ҳотиранинг сустлиги (айниқса эшитган нарсаларини эслаб қола олмаслик), диққатни жамлашнинг бузилиши, эмоционал камчиликлар киради. Ундай болалар гиперактив ёки умуман гипоактив (кам ҳаракат, «тормоз» ҳолатида) бўладилар. Болалар ақлий, билим томонидан иккиламчи жараён сифатида ортда қоладилар, яъни эшитиш-гапириш қобилиятининг бузилиши ҳисобига. Алалия бартараф этилса, ақлий қобилият секин аста тикланади.
Гапириш билан боғлиқ бўлган белгиларга: эшитиш қобилияти сақланган ҳолда, гапиришдаги нуқсонлар кузатилади, гапиришни шакллантириб борувчи қобилиятлар (оддий сўзлар, ҳар хил товушлар, баъзи бир иборалар) кеч ривож­ланади.
Афферент моторика билан боғлиқ алалияда болалар ҳар қандай артикуляция ҳаракатларини бажара олишади, аммо гапиришда яққол бузилишлар кузатилади. Бунда товушлар аралашиб кетади ёки ўрни ўзгаради, натижада сўзлар бир бирга боғланмайди, умуман сўз ҳосил бўлмайди ёки товушларни такрорлаб туриш кузатилади.
Эфферент моторика билан боғлиқ алалияда оддий артикуляция ҳаракатларини бажара олмаслик натижасида сўзларни айта олмаслик келиб чиқади.
Моторика билан боғлиқ алалияда сўз бойлиги ёшга нисбатан кам бўлади. Янги сўзлар қийинчилик билан ўзлаштирилади, сўзларнинг аниқ талаффузини англай олмайди, сўзларни ноўрин ишлатади, гап ҳосил қилишда сўзларни бир бирига боғлашда қийинчиликларга учрайди. Айниқса, гаплар тузишда кам сўзлардан фойдаланади (бир-икки сўздан иборат гап), гапларнинг орасидан асосий ва иккинчи даражали маълумотларни ажратиб олиш, сабаб, оқибат каби маъноларни чиқара олиш қийин бўлади.
Моторика билан боғлиқ алалиянинг оғир кўринишларида болалар умуман сўз айта олишмайди, фақатгина «ғудраниш», турли хил товушлар чиқариш билан мимика ва ҳаракатлар бажаради.


Сенсорика билан боғлиқ алалияда яққол намоён бўладиган сўз ва ибораларни қабул қилиш, уларнинг маъносини тушуниш қобилиятининг бузилиши кузатилади. Бундай турдаги алалик болаларда эшитиш қобилияти сақланган, ҳатто гиперакустик – турли хил товушларга сезувчанликнинг ошиши бўлади.
Эшитиш қобилияти сақланган ҳолда алалик болаларда гапиришга бўлган ҳаракат кучайган бўлади, яъни улар жуда кўп маъносиз сўзлар, товушларни такрорлайди, уларда эхолалия (ўзгаларнинг сўзини ҳис қилмаган ҳолда такрорлаб юриш) ҳам келиб чиқади. Умуман олганда тушунарсиз бўлган сўзлардан иборат гаплар гапириш кузатилади (логорея – «сўзлардан тайёрланган салат»). Бундан ташқари, бундай болаларда персеверация (сўзларни так­рорлаб юриш), элизия (сўзларни ўтказиб юбориш), парафиза (сўзларни алмаштириб қўйиш), контаминация (турли хил сўз қисмларини бир бирига аралаштириб юбориш) ҳолатлари ҳам учрайди. Хуллас, сенсорика билан боғлиқ алалик болалар ўз фикрларини ифодалаш учун гапиришдан эмас, ҳаракат ва мимикалардан фойдаланишади.
Сенсорика билан боғлиқ алалиянинг оғир кўринишларида гапириш қобилиятининг умуман йўқолиши кузатилади. Бундай болаларга кўп ҳолларда «лаблардан сўзларни ўқиб олиш» ёрдам беради.
Иккиламчи жараёнлар сифатида эса болаларнинг ўзини тутишларида камчиликлар келиб чиқади, яъни интеллектуал қобилиятнинг сустлиги, диққатни жамлаш бузилишлари, хотиранинг пасайиши, эшитган сўзларни анализ синтез қила олмаслиги кузатилади. Бундай болалар ўта ҳарактчан, очиқ ёки тортинчоқ, ёпиқ (интроверт) табиатга эга бўлишади.
Сенсорика ва моторика билан боғлиқ алалияларнинг фақат бир тури билан касалланган болалар кам ҳолларда учрайди, кўпинча аралаш турдаги алалиялар кузатилади.

Яна ўқинг:  Беморнинг саъй-ҳаракати диабет давосида муҳим

Алалик болалар невропатолог, отоларинголог, психолог-логопед кўригидан ўтишлари керак. Боланинг неврологик текширувлари натижасида, касаллик характери, даражаси ва бош миянинг шикастланган қисмларини аниқласа бўлади. Шу мақсад билан болада: ЭЕГ текшируви, эхоенсефалография, бош мия рентгенографияси, МРТ каби текширувлар ўтказилади. Алалияда карликни истисно қилиш учун отос­копия, аудиометрия каби эшитиш функцияларини текшириш талаб этилади.
Алалияда нейропсихик текширувлар эшитиш ва эслаб қолиш қобилияти ўрганилади. Логопед кўриги боланинг туғилиш жараёни ва ўтказган патологик касалликлари ҳақида анамнез йиғилганда кейин ўтказилади. Текширувда асосан гапириш жараёни бошланган давр ҳақида маълумот йиғиш керак бўлади. Бунда гапириш хусусиятининг лексик-грамматик, фонетик, артикуляция жиҳатларига эътибор қаратиш керак.
Дифференсиал диагностика туғма гапириш қобилиятининг йўқлиги, дизартрия, туғма карлик, аутизм, олигофрения билан фарқланади.


Алалиянинг ҳар қандай кўринишида даво комплекс равишда, яъни психологик-медикоментоз-педагогик томонлама олиб борилади. Алалик болалар махсус мактабгача таълим муассасаларда, стационар шароитда, санаторияларда даволанишади.
Гапириш қобилиятини яхшилаш учун медикоментоз муолажалар, мия ҳужайралари ўсишини кучайтириш учун буюрилади. Физиотерапия (лазеротерапия, магнитотерапия, электрофорез, сув билан даволаш, электропунктура, транскраниал электростимуляция) ўтказилади. Алалияда гапириш қобилиятидан ташқари, қўллар ҳаракати, психик функциялар (хотира, диққат, фикрлаш) ҳам рағбатлантирилади.
Алалиянинг умумий системали касаллик эканлигини инобатга олиб, логопед томонидан машғулотлар гапириш қобилиятининг ҳар қандай жиҳатларига эътибор қаратади, яъни сўзларни ҳосил қилиш, уларни тўғри қабул қилиш, талаффузни тўғрилаш, сўз бойлигини ошириш, сўзларнинг грамматик тузилишини тўғрилаш, фонетика билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш каби жараёнлар. Логопед муолажалари ўз ичига логоритмика ва логопедик массажини киритади.
Алалиянинг турли хил кўринишларида болаларни эрта даврларда ёзиш, ўқиш каби қобилиятларини шакллантириш керак бўлади. Чунки ёзиш, ўқиш ҳам болаларнинг гапириш қобилиятини ривожлантиришда катта роль ўйнайди.


Алалиянинг даво самараси унинг эрта давр­ларида бошлаганда билинади, яъни 3-4 ёшгача. Боланинг барча камчиликлари, психоемоционал, гапириш, ҳаракатидаги камчиликларни бартараф этиш, касалликдан бутунлай қутилиб, боланинг нормал ҳолатига қайтишига олиб келади. Алалия билан болалар касалланмасликлари учун ҳомиладор аёллар ўзларига кўпроқ эътибор қаратишлари зарур, бундан ташқари ёш болаларнинг сурункали касалликлар билан касалланишининг олдини олиш керак.

Ҳамида РАЖАБОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: