Congress Hallда «Тошкент ёшлар форуми» старт олди

Congress Hallда «Тошкент ёшлар форуми – 2021» бўлиб ўтмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу форум ёшларни хорижий грантларга жалб қилиш, вазирликлар билан мулоқот, ижодкорлар билан учрашувлар, бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари, концерт дастурлари билан ўтади.

– Ушбу форум биз, интилувчан ҳамда ташаббускор ёшларни бирлаштирибгина қолмай, қалбимизда мамлакат ҳаётига дахлдорлик ҳиссини шакллантириши билан бир қаторда, ғоя ва янги ташаббусларимизни ҳам қўллаб-қувватлаши билан муҳимдир, – дейди жаҳон тиллари университети талабаси Шаҳло Расулова.

Айтиш жоизки, форум мобайнида ёшлар вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, экспертлар, санъат, маданият ва спорт намоёндалари, медиамакон вакиллари билан суҳбат ва савол-жавоблар олиб борадилар.
Форум очилишида бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан учрашувлар бўлиб ўтади. Иштирокчилар “очиқ микрофон” ёрдамида ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўладилар.

Германия, Россия, АҚШ, Швейцария, Франция ва Япония элчихоналари вакилларининг чиқишлари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов билан учрашув, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида мастер-класлар, “Абдулла Қодирий” ҳужжатли-бадиий фильми намойиши режалаштирилган.

Форумнинг расмий ҳамкори рақамли Bank Apelsin бошқарув раиси Сергей Гимадиевнинг “Ёшларнинг молиявий саводхонлиги ва рақамли банкингда бандлик” мавзусидаги чиқишида ёшлар маблағларини тежаш ва кўпайтириш, иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган тармоғида ишга жойлашиш йўлларини ўрганишади.


Форумнинг иккинчи куни ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари билан очиқ мулоқот, гендер тенглик билан боғлиқ масалалар муҳокамаси ва бошқа кўплаб қизиқарли тадбирлар билан давом этади. Президент таълим муассасалари Агентлиги директори Ҳилола Умарованинг ёшлар билан учрашуви ҳам бўлиб ўтади.

Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари раиси Нозим Ҳусанов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев, Ёшлар ишлари агентлиги раиси Алишер Саъдуллаев билан ҳам мулоқотлар ташкил этилади.

“Аёллар форуми” бўлиб ўтадиган залда эса Ўзбекистоннинг таниқли ва муваффақиятларга эришган лидер аёллари сўзга чиқиб, ўз карьералари ҳақида сўзлаб, қизларга мотивация бағишлашади.
Спикерлар орасида Ирина Матвиенко, Шаҳноза Соатова, Ақида Ханум, Дилфуза Қуролова, Азиза Умарова сўзга чиқади. Хорижда ўқиш учун грантлар дастури ишга туширилиши, танловлар ўтказилиши ҳамда “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида ўтказилган тадбирлар ғолиблари тақдирланиши эълон қилиниб, Тошкент шаҳар ҳокимининг талабаларга стипендиялар топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Яна ўқинг:  Спорт хабарлари


Франциянинг Le Сordon Bleu ошпазлик мактабида грант асосида ўқиш учун номзодлар сараланиши эълон қилинади. Ўқув дастурлари давомийлиги – 3-10 ой бўлиб, танлов асосида саралаб олинган грант соҳибларининг ўқиш, халқаро авиапарвоз, ўқиш жойида турар жой ва овқатланиш харажатлари қоплаб берилади.

Форум сўнгида ёшларнинг энг яхши юзта таклифи дастурга киритилади ва келгусида уларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили якуни арафасида ўтадиган ушбу Форум ўз навбатида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларни муҳокама қилиш ҳамда кириб келаётган 2022 йилда ҳисобга олишини мумкин бўлган қатор йўналишларнинг ривожланиш истиқболлари ва концептуал ечимлар ҳақида суҳбатлашиш учун қулай фурсат бўлиши, шубҳасиз.

Марям ҚОДИРОВА,
Амаль СОЛИЕВА.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: