Атрофимиздаги микродунё

Микроблар ҳақида сўз кетганда биз асосан салбий нарсани кўз олдимизга келтирамиз. Аммо, микроблар оламини ўрганган олимлар унда нафақат оғир касалликларга олиб келадиган хавфли “душман”ларни, балки, бизга номаълум бўлган “дўст”ларни ҳам аниқлашди.

Микроблар сабаб пайдо бўладиган касалликлар азалдан одамлар изидан келади. Масалан, 3500 йил олдин қадимги Мисрда қурилган эҳромнинг бир бўлагида чизилган Миср императори ёрдамчисининг расмида полиомиелитнинг белгилари яққол намоён бўлган. Бизгача етиб келган ўрта аср манбаларида инфекцияларнинг одамлар орасида ёппасига тарқалиши ҳақида маълумотлар келтирилган.

Албатта, ўша даврларда кўп касалликларни заррачадай микроблар келтириб чиқаришини ҳеч ким билмаган. Масалан, “малярия” – безгак сўзи итальянча “ифлос ҳаво” деган маънони билдиради. Одамлар ўрта асрларда бутун шаҳарларни қуритадиган ўлат эпидемиясини жодугарларнинг иши деб билишган. Ичак инфекциясининг эпидемияси ҳам худди шу “сабаблар” билан тушунтирилган. Аслида ҳам шундаймикан? Микроблар ўзи нима?

Табобат илми султони, буюк олим Абу Али ибн Сино юқумли касалликларни кўзга кўринмайдиган тирик мавжудотлар қўзғатиши ҳамда булар сув ва ҳаво орқали тарқалиши борасида фикр юритган. Шундай қилиб биринчи бўлиб, аллома микроорганизмлар ва уларнинг дунёси ҳақида ахборот беради ҳамда микробиологиянинг ривожланишида биринчи босқич ҳисобланган микроорганизмлар бўлимининг вужудга келишига асос солади.

Микроорганизмлар 3,5-3,8 млрд. йил аввал сайёрамизда пайдо бўлган тирик мавжудотларнинг дастлабки вакилларидир. Микроорганизмларнинг пайдо бўлиши ва эволюция муаммоси жуда мураккаб. Айримлар уларни бирламчи тирик мавжудотлар деб атасалар, бошқалар улардан аввалги организмларнинг ноҳужайравий шакллари (археобионт, фотобионт, пробионт ва бошқалар) бўлганлигини тасдиқлайдилар.

VII асрда А.Левенгук томонидан жуда майда тирик мавжудотлар кашф қилинганидан кейин ўтган икки аср давомида уларни ҳайвон ва ўсимликлардан ажратувчи кўплаб маълумотлар тўпланди. Бу эса 1866 йилда Э.Кеккелга сув ўсимликларини, замбуруғлар, содда ҳайвон ва бактерияларни мустақил бирламчи мавжудотлар оламига ажратиш имконини берди.

Микроблар барча жойда мавжуд. Мисол учун, 1 грамм тупроқда 1 миллиондан кўп ҳар хил микроорганизмлар бор. Инсон оғиз ҳужайраларида эса 40 минг бактериялар мавжуд экан.

Микроорганизмлар тўғрисидаги маълумотлар қанча кўп бўлса, уларни маълум таксонга киритиш шунча аниқ бўлади. Бактерияларнинг морфологияси, биокимёсини замонавий усуллар ёрдамида ўрганиш янги маълумотлар беради ва уларга асосланиб янада мукаммалаштириш мумкин бўлади.

Яна ўқинг:  Ҳайдовчилар учун мобиль дастур

Ҳозирги маълумотлар бўйича бактериялар тури қуйидаги хоссалари бўйича аниқланади:

– келиб чиқиши умумий;

– муайян яшаш муҳитига мослашган;

– моддалар алмашинуви ва тур орасидаги муносабатлари ўхшаш;

– ирсий аппарати ва физиологик белгилари ўзаро яқин бўлган популяциялар йиғиндиси.

Микроорганизмлар генетикаси ва селекциясининг ривожланиши билан маълум тур гуруҳининг элементар эволюция бирлиги – популяция тушунчаси жорий қилинган. Клон – бир микроб ҳужайрасининг кўпайишидан ҳосил бўладиган ҳужайралар йиғиндиси. Штамм – одам ва ҳайвон организми ҳамда ташқи муҳитдан ажратиб олинган бир турдаги бактериялар.

Бактериялар, асосан, бир ҳужайрали, хлорофилсиз микроорганизмлар бўлиб, биологик ҳусусиятларига кўра прокароитларга мансуб, улар табиатда кенг тарқалган ва атрофлича ўрганилган. Бактериялар катталиги микрометр (мкм) билан ўлчанади, ўртача 0,1-0,15 мкм.дан (микоплазма) 3-500 мкм гача (спирохеталар) бўлиши мумкин. Бактерияларнинг патоген турлари жуда кўп ва улар катталиги 0,2-20 мкм атрофида.

Бактерияларнинг катталиги, шакли ва ҳусусиятлари атроф-муҳит шароитига қараб ўзгаради. Аммо маълум шароитда, микроблар эволюцияси натижасида орттирган хоссалари, морфологияси узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин.

Бактериялар шаклига кўра улар учта асосий гуруҳга бўлинади:

– шарсимон (кокклар);

– таёқчасимон (бактериялар, бациллалар, клостридиялар);

– эгилган, спиралсимон (вибрионлар, спирохеталар).

Кокклар: юмалоқ, шарсимон ёки эллипс ва ловияга ўхшаш бўлиши ҳам мумкин. Кокклар жойлашишига, кўпайишига ва биологик хусусиятларига кўра бир неча хилга микроккок, диплококк, стрептококк, тетракокк, сарциналар ва стафилоккокларга бўлинади.

Микрококклар якка-якка, тартибсиз жойлашади, жуфт-жуфт жойлашган кокклар диплококклар деб аталади.

Кокклар бўлинганидан кейин бир-биридан ажралиб кетмай, занжирча ҳосил қилса, стрептококклар дейилади. Бири-бирига тик икки текисликда бўлиниб тўртта кокк ҳосил қилганлари тетракокк деб аталади.

Коккларнинг табиатимизда жуда кўп учрайдигани стафилококклардир. Улар бир неча текисликда бўлиниш хусусиятига эга. Диплококк, стрептококк ва стафилококклар орасида одам ва ҳайвонлар учун патоген, яъни касаллик пайдо қиладиган турлари мавжуд.

Таёқчасимон бактериялар цилиндр шаклида, якка-якка (монобактериялар), жуфт-жуфт (диплобактериялар) ёки занжирсимон (стрептобактериялар) кўринишда бўлади.

Бактерияларга спора ҳосил қилмайдиган таёқчасимон микроорганизмлар (ичак, бўғма ва сил таёқчалари) ва спора ҳосил қилувчи таёқчасимонлар – бацилла (куйдирги қўзғатувчиси) ва клостридиялар (қоқшол, ботулизм, газли гангрена (қорасон) қўзғатувчилари киради.

Яна ўқинг:  Қандли диабет ва халқ табобати

Шакли ва катталигига қараб таёқчасимон бактериялар калта (туляремия таёқчаси) ёки ўткир бўлиши мумкин. Бактерияларнинг бурама шакллилари ҳам бор. Булар битта ўрамли вибрионлар ва 2-3 ўрамли спириллаларга ажратилади.

Вибрионлар ярим ойсимон ёки вергулга ўхшаш бўлади. Патоген вибрионларга вабо қўзғатувчиси мисол бўла олади. Вибрионлар ариқ, кўлмак сувларида кўп учрайди. Ҳужайра учида битта хивчини жойлашганлиги туфайли улар жуда ҳаракатчан ҳисобланади. Спириллалар бурамали бактериялар бўлиб, ифлос ва ташландиқ сувларда яшайди. Уларнинг аксарияти зарарсиз, лекин бир тури – Spirillum minus одамда каламуш тишлаганда юқадиган содоку касаллигини қўзғатади.

Маълум бир тур бактериялар атроф-муҳит шароити таъсирида нафақат ички хусусиятларини, балки шакли ва катталигини ҳам ўзгартириши мумкин. Шунинг учун микроблар полиморф, яъни кўп шаклли бўлади. Бир микроб культурасидаги ҳужайралар иссиқлик, кислоталар, тузлар, дезинфекцияловчи моддалар таъсирида ўз шаклини ўзгартириши мумкин.

Уйларимиздаги телевизор пультлари ва эшик тутқичлари шунингдек автобуснинг ичидаги махсус ушлагичлар ҳам микробларнинг ўчоғи ҳисобланади. Вазиятни назоратга олишнинг ягона ва энг зўр усули – шахсий гигиена қоидаларига ҳар доим риоя қилишда!

Ҳусейн КОМИЛОВ,

Олеся МАҚСУДХОНОВА,

Фуқаро муҳофазаси институтининг ўқитувчилари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: