Эндоскопия турлари ва беморлар учун фойдали кўрсатмалар
Меъда-ичак йўли аъзолари – қизилўнгач, меъда ва ўн икки бармоқ ва йўғон ичакларни махсус ёритиш тизими – оптик асбоб ёрдамида текшириш усули бугунги кунда кенг қўлланилмоқда. Эндоскопия ёрдамида нафақат касалликларни ташхислаш, балки кичик даво муолажаларини ҳам ўтказиш мумкин.
Тола оптикасига асосланган фиброендоскоп ва тугал қисмига кичик ҳажмдаги чип ўрнатилган замонавий толасиз видеоэндоскоплар ёрдамида текширувлар қисқа фурсатда ва самарали ўтказилмоқда. Аҳоли орасида «зонд», «шланг», «япон зонди» номлари билан машҳур бўлган эндоскопнинг тугал қисми айланаси ҳажми 9,8 ва 7 ҳатто 5 мм бўлиб, бу муолажанинг кам ноқулайликлар билан ўтишини таъминлайди. Эндоскопик текширувда асосан шиллиқ ва шиллиқости пардадаги қуйидаги ўзгаришлар кўп аниқланади: яра ва унинг асоратлари, эрозиялар, чандиқлар, қизилўнгач ва меъда веналарининг кенгайиши, сафронинг қуйилиши, хавфсиз-хавфли ўсмалар ва уларнинг даражалари, ёт жисмлар, айрим озуқа чиқитлари (соч, қора сақич, хурмо пўсти, дафна барги сингарилар) тўпланиб қолиши, яллиғланиш белгилари, ички чурра ва бўртма-дивертикул, аъзо бўшлиғи торайиши ёки кенгайиши ва ҳоказо.
Меъда-ичак йўли юқори қисм аъзоларини эндоскопия қилдиришга борадиган кишилар қуйидагиларни билиши лозим:
– муолажадан 1 кун олдин кечки овқат енгилроқ бўлиши лозим. Овқати яхши ҳазм бўлмайдиган ва қайт қиладиган кишилар, яхшиси, 1 кун олдин куюқ овқат умуман емаганлари маъқул;
– муолажадан бир кун олдин яхши дам олинг: вақтида ухланг, асабийлашмасликка ҳаракат қилинг;
– муолажа куни нонушта қилманг (шу боис эрталаб ўтказилади);
– ўзингиз билан тоза сочиқ олиб боринг;
– муолажа давомида бўйинни сиқиб турадиган бўйинбоғ, шарф, рўмол, шунингдек, белбоғ, тасмани бўшатинг. Агар тиш протези бўлса, олиб қўйинг;
– мабодо айрим дориларга аллергик реакциянгиз бўлса, шифокорни огоҳлантиринг;
– муолажа давомида шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилинг, шунда текширув ҳам қисқа фурсатда, ҳам кам нохушликлар билан ўтади;
– муолажадан сўнг озгина муддат дам олинг. Сепилган оғриқсизлантирувчи дорининг таъсири ўтгандан (тахминан 20-25 дақиқа) сўнг овқатлансангиз бўлади;
– мабодо эндоскопия давомида шиллиқ пардадан гицологик текширувлар учун биоптат-намуналар олинса, 2 соат овқатланманг. Кейин эса илиқ ёки совуқроқ таомларни истеъмол қилишдан бошланг. Гицологик текширувга олинган намуналарни бошқа муассасага олиб бориш лозим бўлса, кечиктирманг;
– эндоскопия текширув хулосасининг тасвири ва дискка ёзуви илова қилинган бўлса, уларни ҳам даволовчи шифокорга кўрсатгандан сўнг йўқотмасдан, сақлаб қўйинг;
– айрим касалликларни даволагандан сўнг ёки маълум вақт ўтгач такроран назорат эндоскопия қилинишга тўғри келади. Бирламчи текширувдаги айтилган қайта текширув муддати келганда, кечиктирмай вақтида боринг.
Йўғон ичак ёки унинг айрим қисмларини эндоскопик текширувга боришдан олдин эса юқоридагиларга қўшимча равишда 2-3 кун чиқитсиз парҳез қилиш (ўсимлик – қолдиқ тўқимага бой озиқ-овқатларни кундалик таомномадан вақтинчага чиқариш), айрим сурги дориларни ичиш ва бир неча маротаба тозаловчи ҳўқналар қилиш лозим. Текширувга тайёргарлик шифокор томонидан буюрилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, айрим юртдошларимиз меъда-ичак йўли аъзолари эндоскопияси оғиздан ютиш орқали амалга оширилгани учун қийин муолажа сифатида қараб, вақтида текширишга бормайдилар. Оқибатда қимматли вақт қўлдан бой берилиб, бу яра касаллигининг асоратланиши ва саратон касаллигида кеч ташхис қўйишга сабаб бўлади. Юқорида айтилганидек, замонавий фиброэндоскоплар муолажани кам нохушликлар билан ўтишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, шифокор томонидан тавсия этилган эндоскопия тиббий текширувини вақтида ўтказинг.
Эндоскопия турлари
Эзофагоскопия – қизилўнгачни, эзофагогацроскопия – қизилўнгач ва меъдани, эзофагогацродуоденоскопия – қизилўнгач, меъда ва ўн икки бармоқ ичакни, ректосигмоидоскопия – тўғри ва сигмасимон ичак, колоноскопия – йўғон ичак қисмларини (пастга тушувчи ва кўтарилувчи қисмлар, кўндаланг чамбар ичак, кўричак) ичидан туриб кўради.
Мубашшир ҚОСИМОВ,
гацроентеролог