Жажжи юракларни асрайлик
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили ҳар юз минг чақалоқдан 6-10 нафари туғма юрак нуқсони билан дунёга келади. Мамлакатимизда ҳам шундай касаллик билан рўйхатга олинган болалар бор. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳакимжон АБРОЛОВ билан суҳбатимиз тиббиётимизнинг кордиохирургия йўналишидаги ютуқларига бағишланади.
– Болалар туғма юрак нуқсони билан дунёга келишининг асосий сабаблари нимада?
– Тиббиёт қанчалик ривожланмасин бу борада ҳалигача аниқ хулосалар мавжуд эмас. Бироқ, шуниси маълумки, онада учрайдиган бир қатор касалликлар ҳомила юрагида нуқсон пайдо бўлишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Булар – камқонлик, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида аёлнинг гриппга чалиниши ва бунга қарши даволанмаслиги, қолаверса, буйрак ва бошқа аъзолардаги сурункали хасталиклар, онада учрайдиган турли инфекциялар ва вирусли касалликлар ҳомиланинг соғлом ривожланишига имкон бермайди. Натижада, болада туғма нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин.
Ушбу муаммонинг олдини олиш учун ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин бўлажак ота-она тор мутахассислар кўригидан ўтиб, касаллик аниқланса, даволаниши лозим. Бунинг учун оилада тиббий маданият юқори бўлиши керак.
– Болаларда туғма юрак нуқсонларини эрта аниқлашнинг энг самарали усули ҳақида маълумот берсангиз.
– Бунинг энг самарали йўли ҳомиладор аёлларни скрининг кўригига ўз вақтида жалб этишдир. Бугунги кунда мамлакатимизда она-бола скрининг хизмати ривожланиб боряпти. Скрининг кўрикларини туманларда ҳам ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Қолаверса, туғруқ мажмуаларида ҳар бир чақалоқ чуқур кўрикдан ўтказилади. Болада туғма нуқсон бўлса, шу ернинг ўзида аниқлаш имкони мавжуд. Кейинчалик бола токи соғайгунича тегишли мутахассисларнинг доимий кузатувига олинади.
– Туғма юрак нуқсонларини бола неча ёшга тўлганича даволаш талаб этилади?
– Туғма юрак нуқсонларининг турлари жуда кўп. Шу боис, даволаш ишлари касалликнинг турига қараб белгиланади. Масалан, критик ҳолатдаги нуқсонларни бола туғилганидан бошлаб даволашни бошлаш керак. Бола улғайиши билан баъзи касалликлар ўз-ўзидан тузалиб кетиши мумкин. Дейлик, очиқ артериал проток. Бола олти ойлик бўлганича организмдаги физиологик ўзгаришлар туфайли бу дард ўз-ўзидан бартараф бўлади.
Қисқаси, ҳар бир касалликни даволашнинг ўз стандартлари бор. Даволаш ишларини шу асосда ташкил этиш учун бемор доимо шифокор кузатувида бўлиши лозим. Бемор боланинг тиббий кузатувдан ўз вақтида ўтиши ва бола парваришида шифокор тавсияларига риоя этилаётганини кузатиб бориш лозим.
Шуни унутмаслик керакки, туғма юрак нуқсони билан хасталанган болани оилада парваришлашда тўғри овқатлантириш, ўз вақтида ухлатиш баробарида, оилада тозалик ва гигиена қоидаларига ҳам тўла риоя этилиши керак. Акс ҳолда, болада сурункали инфекцияли жараёнлар юзага келиши бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқариши, беморнинг аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.
– Боланинг лаблари, юзи, бармоқлари тез-тез кўкариши юрак хасталигининг белгисими?
– Бу кўкариш (цианоз) билан кузатиладиган туғма юрак нуқсонларининг бир белгиси. Бундан ташқари, тез-тез шамоллаб, тузалиши чўзилаётган ёки пневмонияга чалинадиган бемор болаларни ҳам кардиолог чуқур текшириши керак. Ота-она бунга эътиборсизлик қилиб болага ўз билганича дори ичириши мумкин эмас.
– Туғма юрак нуқсонли болаларни эмлаш мумкинми?
– Баъзи вакциналарни қилиш мумкин. Мисол учун, полиомиелитга қарши эмлаш ўтказса бўлади. Лекин, қолган вакциналарни бемор бола даволаниб, диспансер назоратидан тўлиқ чиқарилгач, яъни бутунлай дарддан фориғ бўлгач бажариш керак.
– Бундай бемор болаларнинг жисмоний тарбия дарсларида қатнашиши муаммо туғдирмайдими?
– Муаммо туғдиради. Шу боис, аввало, даволаниб, саломатлигини тўлиқ тиклаб, сўнгра соғлом тенгдошлари қатори жисмоний тарбия дарсларида бемалол қатнашиши мумкин.
– Мамлакатимизда болаларга кардиожарроҳлик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатиш борасида қандай имкониятлар яратилган?
– Болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларининг олдини олиш ва даволаш мамлакатимиз тиббиётида ҳам долзарб вазифа ҳисобланади. Шуни мамнуният билан айтиш керакки, бугун юртимиз тиббиёти болалар кардиохирургияси соҳасида жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари тиббиётидан қолишмайдиган имкониятга эга. Дунёнинг илғор мамлакатларида қўлланилаётган ноёб диагностика ва даволаш технологиялари бизда ҳам мавжуд.
Масалан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг кардиожарроҳлик бўлимида болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларини даволаш учун эллик ўринли алоҳида бўлим мавжуд. Бу ерда йилига юзлаб юқори технологияли операциялар ўтказилади ва бемор болалар дарддан тўлиқ фориғ этилади. Диагностика ва даволаш жараёнида компьютер томография, магнит резонанс томография, рақамли рентген аппарати, ультратовуш таҳлил аппарати каби замонавий технологиялардан самарали фойдаланилади.
Шунингдек, бу йўналишдаги юқори технологияли операциялар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, шунингдек, қатор вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам йўлга қўйилган.
Бу чора-тадбирлар, аввало, келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз саломатлиги ва камолоти учун хизмат қилади.
Акмал ЭРГАШЕВ
суҳбатлашди