Қуёш юз терисини қаритмаслиги учун…

Биласиз, қуёш нури терини қуруқлаштириб, ажин тушишига олиб келади. Узоқ вақт офтобда юришнинг яна бир асорати – бу пигмент доғларнинг юзага келишидир. Дерматологлар ҳам қуёшда узоқ вақт юриш тери қаришини тезлаштиришини исботлашган. Ушбу ҳолат тиббиётда фотокексайиш ­дейилади. Хўш, у қандай содир бўлади? Умуман, жазирамада ультрабинафша нури таъсиридан ҳимояланишнинг йўллари нималардан иборат? Қуйида шу мавзуда айрим тавсиялар билан танишасиз.

Айтиш жоизки, бундай пайтда намлантирувчи кремлар фойда бермайди. Сабаби, қуруқлашган терида тери катаклари беркилиб қолади. Парваришловчи кремлар эса чуқур сингмайди ва майда ажинлар пайдо бўлади. Ушбу ҳодиса биз юқорида тилга олган фотокексайиш жараёнидир.
Қуёш нури юз ва бадан терисига зарар етказмаслиги учун SPF кремларидан фойдаланиш зарур. Пардоз асоси, яъни кундузги ва тонал кремлар SPF сақловчи бўлса, ташқи таъсирлардан кўринмас ҳимоя ҳосил қилинади.
Ёзда қуёшдан ҳимояловчи кремларнинг 10, 15, 20, 25, 30 фоизлилари тавсия этилади.

– Юз териси қуруқ бўлса, аввал намлантирувчи крем суртиш керак. Сўнг унинг устидан қуёшдан ҳимояловчи восита суртилади. Чунки SPF крем таркибида терини оқартирувчи бирикмалар мавжуд. Улар эса юз терисини қуритиши мумкин.
– Юз терисининг ёғлилик даражаси юқори бўлганида қуёшдан сақловчи кремнинг ўзини суртиб, сўнг упа ёки тонал кремлардан фойдаланиш кифоя.
Қуёшдан ҳимояловчи кремлар кун давомида 2-3 маротаба суртилади. Бунда дастлабки суртилгани илиқ сувда чайилиб, юз териси тозаланади ва қайтадан крем суртилади.

15 дақиқалик муолажа


Уйга келибоқ, юзингизни совуқ сувда чайманг. Илиқ сувда ювиниб, сўнг тенг миқдорда мойчечак, мармарак ва ялпиз гуллари (1 стакан қайнаган сувга дамланган) аралашмасида компресс қилинг. Бунинг учун 3-4 қаватли докани аралашмада ҳўллаб, 15 дақиқа юзингизга қўясиз. Муолажа таъсирида тери тинчланади.
Яна бир рецепт: 2 ош қошиқ мойчечак, 1 ош қошиқ қуритилган атиргул (дорихоналарда бор), ярим ош қошиқ ялпизни 1 стакан қайнаган сувда дамланг. Бир оз тиндиринг. Сўнг 3-4 қаватли докани дамламада намлаб юзингизга қўйинг. 15 дақиқадан сўнг докани олиш мумкин.

Доғлардан ҳимоялайди


Тенг миқдорда лимон шарбати, қирғичдан чиқарилган ерқалампир (хрен) ва сметанани аралаштириб, юзга юпқа суртилади. 15 дақиқадан сўнг ниқоб пахта билан енгил артиб олинади. Бу ниқоб юз терисини офтоб нури таъсирида ҳосил бўлувчи доғлардан ҳимоялайди.
Иссиқда юздаги доғлар тўқлашмаслиги учун яна бир рецепт: ярим боғ петрушкани майда тўғраб, 2 ош қошиқ сметана билан аралаштиринг. Аралашма юз терисига суртилиб, 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб олинади.
Пигмент доғ ранги тўқлашаётган бўлса, бодринг сувидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун яримта бодринг қирғичдан ўтказилиб, суви ажратиб олинади. Сўнг пахтали диск ёрдамида сабзавот суви юз терисига суртилади.

Яна ўқинг:  «Фарзандимнинг аллергияси бор, қандай ёрдам берсам бўлади?»

Терлашга қарши чора


Аввалига нам салфеткада юздаги терни тозалаб, 10 дақиқадан сўнг сочилувчан упадан енгил суртинг. Кечки маҳал 1 стакан қайнаган сувга 1 ош қошиқ зверобой ўсимлигини аралаштириб, комресс қилинг. Муолажа юздаги ёғ безлари фаолиятини меъёрига келтиради.

Лосьон тайёрлаймиз!


Юз териси қизишини енгиллаштиришда ялпиз ва қичитқиўтдан тайёрланган лосьон ёрдам беради. Уни тайёрлаш осон: тенг миқдорда ялпиз ва қичитқиўт ўсимликларини майдалаб, устидан 2 стакан қайнаган сув қуйилади. Дамлама усти ёпиқ ҳолатда тиндирилади. Сўнг суви сизиб олиниб, пульверизаторга солиб қўйилади. Дамлама юз терисига сепилгач, тери суюқликни шимиб олиши керак.

Мойчечакли музчалар


Ультрабинафша нурлари таъсирида юз териси қизариб қолса ёки қичишса, мойчечак дамламасидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун пахтали диксни мойчечак дамламасида ҳўллаб, юз териси артилади. Агар ҳар сафар дамлама тайёрлашга эринсангиз, мойчечакли музчалар тайёрлаб олинг. Улар ёрдамида юз терисини парваришлаш мумкин.

Нилуфар ИСМОИЛОВА,

косметолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: