“NIKA PHARM”НИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ОДИМЛАРИ
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ўз ҳамкори бўлган “SQB Securities” компанияси ОАВ ходимларига тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари билан таништириб, унинг фаолияти тўғрисида маълумот бериш мақсадида “Nika pharm” дори маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига пресс-тур уюштирди.
“SQB Securities” инвестиция компанияси бугунги кунда капитал бозорида турли инновацион ечимлар, маҳсулот ва хизматларни татбиқ этиб, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг халқаро молия бозорига чиқишига кўмаклашиб келмоқда. Инвестицион воситачи, консультант, шунингдек, инвестицион активларнинг ишончли бошқарувчиси сифатида компания ҳам маҳаллий, ҳам халқаро молия институтлари билан инвестиция-банк соҳасида шерикчилик алоқаларини мустаҳкамламоқда.
Бу ишлаб чиқарувчи корхоналар учун глобал ҳамкорлик платформасида кредит линиялари, маслаҳатлар, активларни бошқариш, инвестициявий битимлар ва бошқа операцияларни амалга оширишда стратегик ҳамкорликни таъминлайди.
Жумладан, йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчи – “Nika pharm” МЧЖ “SQB Securities” кўмагида ана шундай имкониятга эга бўлди. Унга инвестиция компанияси саъй-ҳаракати билан Осиё тараққиёт банкидан 3 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри кредит жалб этилди.
Ушбу маблағ ҳисобига корхонанинг “Covid-19” касаллигини даволашда қўлланилаётган 20 турга яқин дори воситаларини ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, молиялаштирилди.
Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари “Nika pharm” корхонасида дори маҳсулотларини қутилаш ва жойлаш ҳамда тайёрлаш каби ишлаб чиқариш жараёни билан танишишди. “Nika pharm”нинг ташкил топиши, фаолияти, экспорт ва эришилган муваффақиятлар ҳақида маълумот берилиб, ролик намойиш этилди.
Марям АҲМЕДОВА