Сурункали гастрит ва ошқозон саратони: қандай қилиб олдини олиш мумкин?

Шифокор Ёқуб НАматов билан суҳбатимиз ошқозон-ичак касалликлари профилактикаси, диагностика ва даволаш усуллари бўйича бўлди. Ушбу маълумотлар аҳоли орасида ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш ва эрта аниқлашда сизга ҳам асқатади, деган умиддамиз.

– Аввало, гастроэнтерологиянинг бугунги энг муҳим ютуқлари, тиббиётимизнинг бирламчи бўғинида бу борада яратилган шароитлар ҳақида маълумот берсангиз.


– Тиббиётга замонавий эндоскоп, лаборатория таҳлил воситалари, ультратовуш таҳлил ускуналарининг кириб келиши бошқа соҳалар каби гастроэнтерология ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Қувонарлиси, жаҳон тиббиётининг бундай илғор технологиялари бугунги кунда мамлакатимиз тиббиётининг бирламчи бўғинларида ҳам жорий этилган.

– Ёши катталар, баъзида ёшлар орасида ҳам жиғилдон қайнашидан шикоят қилувчилар учраб туради. Уларга уй шароитида қандай ёрдам беришимиз мумкин?


– Аввало, бемор ҳолатини яхшилаб ўрганишингиз керак. Яъни овқатлангандан кейин орқада тўш тагида ачишиш борми, қимирласа оғриқ кучаядими, жиғилдон қайнаши бир ҳафтада бир мартадан ошадими, шуларни сўраш керак. Жиғилдон қайнашининг олдини олувчи таблеткалар қабул қилганда беҳузурлик, тўш тагидаги оғриқ йўқоладими, йўқми? Агар жиғилдон қайнаши бир ҳафтада 2 марта ва ундан ортиқ кузатилса, бу гастроэзофаго рефлекс касаллиги бўлиши мумкин. Яъни, организмда моддалар алмашинуви бузилиши натижасида сафро қизилўнгачга тушаётган бўлади. Буни ўз вақтида аниқлаб, даволатмаслик қизилўнгач саратонига олиб келиши мумкин.
Шу боис, жиғилдон қайнаши тез-тез кузатиладиган одамларни, албатта, умумий амалиёт шифокори кўригига жалб этишингиз шарт. Оилавий поликлиникада бемор тегиш­ли тиббий кўриклардан ўтказилиб, амбулатор шароитда врач назорати остида ўз соғлиғини тўлиқ тиклашга эришади.

– Ўт-тош касалликлари асосан аёллар ўртасида қайд этилади, бунинг сабаби нимада, олдини олса бўладими?


– Тўғри, аёллар ўртасида ўт пуфаги касалликлари, жумладан, ўтда тош пайдо бўлиши ҳолатлари кўп учрайди. Бунга ҳомиладорлик даврида аёл организмида рўй берадиган гормонал ўзгаришлар асосий сабаб сифатида кўрсатилади. Яъни гормонал ўзгариш туфайли сафро қуюқлашади. Эрталаб оғиз қуриши, оғиздан нохуш ҳид келиши, оғиз аччиқ бўлиши ўт пуфаги касаллиги белгиларидир. Бундай вазиятда беморни ультратовуш таҳлилига йўллаб, ўтда тош бор-йўқлигини аниқлаш керак. Агар ўтда тош бўлмаса, кўп миқдорда тоза сув, сафро ҳайдовчи гиёҳ чойлар ичиш, уйқу олдидан оғир ҳазм бўладиган, хамирли таомлар емаслик, жисмоний фаол бўлиш орқали соғлиқни асраш мумкин.

– Ўт пуфагидаги тошни гиёҳлар ёрдамида тушириш мумкинми?


– Йўқ, бунинг иложи йўқ. Ўт пуфагидаги тошни фақат жарроҳлик йўли билангина бартараф этиш мумкин. Илгарилари литотерапия воситасида майдалаб тушириш мумкин, деган назариялар ҳам бор эди. Бироқ замонавий тиббиёт бу ғояни ҳам рад этди. Бугунги замон тиббиёт тактикаси шундай: ўт пуфагида тош инсонни безовта қилмаётган бўлса, унга тегмаслик керак. Фақат бундай ҳолатда сафро ҳайдовчи гиёҳлардан ичиш мумкин эмас. Чунки ундай гиёҳлар тошни жойидан қўзғатиб қўйса, бемор аҳволи бирдан оғирлашиши мумкин. Қачонки тош безовта қилсагина жарроҳлик йўли билан ўт олиб ташланади.

– Мен бириктирилган ҳудуддаги хонадонлардан бирида яшовчи ўрта ёшли киши овқатлангандан кейин ёки кўп ҳаракат қилса, ўнг томонида оғирлик сезишидан шикоят қилмоқда. Бу ўт пуфакда муаммо борлиги белгисими ёки жигар касаллиги аломатими?


– Бу жигар стеатозидан далолат. Нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик, семизлик ушбу касалликка сабаб бўлади. Бундай инсонларга хонадон шароитида ҳар куни камида ярим соат жисмоний ҳаракат қилишни, углеводли маҳсулотлар, яъни ёғли таомлар, ширинликлардан тийилишни маслаҳат беринг. Сафро ҳайдовчи гиёҳлардан чой дамлаб ичишни тавсия қилинг.

– 12 бармоқли ичак ва ошқозон яраси қандай намоён бўлади?


– Агар инсон оч қолса, ошқозон-ичакда кучли оғриқ бўлади. Овқат егандан кейин оғриқ бироз муддатга босилади. Бемор кечқурунлари ҳам оғриқдан азият чекади. Булар 12 бармоқли ичак ёки ошқозон яраси белгилари саналади. Айтиш керакки, ошқозон ярасидан кўра, 12 бармоқли ичак яра хасталиги кўпроқ кузатилади.

– Сурункали гастрит ва унинг натижасида келиб чиқадиган ошқозон саратонига қарши курашда нималарга ­эътибор қаратишни тавсия қиласиз?


– Сизларга маълумки, сурункали гастрит келиб чиқишида хеликобактер пилори инфекцияси асосий роль ўйнайди. Гарчи, замонавий тиббиёт бу инфекцияни бартараф этишнинг самарали йўлларини топган бўлса-да, беморлар ўз вақтида тиббий кўрикка мурожаат этмаслиги туфайли сурункали гастрит ва ошқозон саратони келиб чиқмоқда. Бунинг олдини олиш учун учта омилга алоҳида эътибор қаратиш лозим: оилада 12 бармоқли ичак ва ошқозон яраси касаллиги билан оғриганлар, атрофик гастрит касаллиги билан хасталанганлар, ота-онаси ёки яқин қариндошлари орасида ошқозон саратони билан хасталанганлар бўлса, бундай инсонларни, албатта, хеликобактер пилори инфекциясини аниқлаш бўйича текширувга йўллаш керак. Шу йўл билан ошқозон саратонининг олди олинади.

– Ошқозон-ичак касалликларининг олдини олишда аҳоли амал қилиши осон бўлган қоидалар борми?


– Ҳа, бундай олтин қоидалар бор: истеъмол қилинадиган овқат 10 даража ҳароратдан паст ва 65 даражадан юқори бўлиши керак эмас. Овқатни шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш лозим. Шошилиб овқат истеъмол қилинса ёки дастурхон устида суҳбат қурилса, ошқозонга ҳаво киради ва киши кекира бошлайди. Кунига уч ёки тўрт марта, кам-камдан овқатланиш, кечқурун ҳазми оғир таомлардан тийилиш, табиий маҳсулотлар – мева, сабзавотларни кўпроқ ейиш, трансжир маҳсулотлар – маргарин, майонезларга ружу қўймаслик, кунига 2-3 литр тоза сув ичишга одатланиш ошқозон-ичак касалликларига қарши мустаҳкам ҳимоядир.

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёл таомномаси: бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш зарур?

Акмал ЭРГАШЕВ суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: