Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси: «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида саломатлик акцияси бошланди

Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир янгиланиш ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққол намоён бўлади.

Бу ўринда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига ихтисослашган тиббий хизматни яқинлаштириш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, санитария-­гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, айниқса, аҳолига маҳаллабай тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мазкур устувор вазифаларни бажаришда мунтазам ўтказилаётган тиббий кўриклар, ижтимоий акцияларнинг аҳамияти тобора ошиб бораётир.

Шундай хайрли ишларнинг давоми сифатида куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида саломатлик акциясига старт берилди. Дастлаб Наманган вилоятидан бошланган мазкур йирик акция ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг ижро ҳолатини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва «темир дафтар»га киритилган аҳолига юқори технологик замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкиллаштирилмоқда.

Акция доирасида 150 нафардан зиёд малакали тиббиёт ходимлари, жумладан, вазирлик таркибий тузилмалари раҳбарлари, пойтахтдаги тиббиёт олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг раҳбарлари сафарбар қилинди. Шу билан бирга, 500 нафарга яқин маҳаллий тиббиёт ходимлари жараёнларда иштирок этадилар.

Уларга қуйидаги вазифалар юклатилди:
– аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш;
– аҳолининг саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, гуруҳларга бўлинишининг тўғри олиб борилишини ўрганиш;
– ижтимоий ҳимояга муҳтож ва «темир дафтар»га киритилган аҳоли орасидан юқори замонавий тиббий ёрдамга муҳтож беморларни танлаб олиш;
– зарур мутахассислар жалб этилган ҳолда жойларда амалий тиббий ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо.

Наманганга йўл олган мутахассислар орасида инфекционист, эпидемиолог, терапевт, невропатолог, анестезиолог, болалар анестезиологи, реаниматолог, педиатр, онколог, дерматолог, оториноларинголог, акушер-гинеколог, уролог, хирург, офтальмолог, кардиолог, эндокринолог, травматолог, фтизиатр, пульмонолог, нейрохирург, нарколог, нефролог, аллерголог каби ўз соҳасининг усталари бор.

Текширувлар маҳаллабай кесимда ўтказилиб, ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахслар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланади.

Акция давомида бир қанча жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, буйрак трансплантацияси, эндопротезлаш, юракка стент ўрнатиш каби энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари тиббий кўрсатмага қараб вилоят ёки пойтахтимиздаги энг нуфузли муассасаларда бепул амалга оширилиши мўлжалланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Яна ўқинг:  Ўзбекистон табиати дунё сайёҳларини ўзига ром этмоқда

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: